Зейтуллаев Шомуродовга “тўғри йўл”ни кўрсатиб юборди!
Элдор Шомуродовнинг “Спартак”дан таклиф олиб, Россия Премьер-лигасига қайтишни рад этгани нафақат мухлислар балки мутахассислар томонидан ҳам муҳокама қилинмоқда.
Хусусан, Италия футболига биринчи кириб борган ўзбекистонлик ўйинчи Илёс Зейтуллаев ҳамюртининг А Сериядаги имкониятлари, Россиянинг энг машҳур жамоаси таклифи, Элдор қандай йўл тутиши кераклиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Италияда ҳозирча ҳаммаси жим-жит. Матбуотда Элдор Шомуродовнинг “Спартак”га трансфер қилиниши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларга кўзим тушгани йўқ. Балки бу ҳақидаги муҳокамаларни кўрмай қолгандирман.
Агар Шомуродов А Серия клубларидан аниқ таклифлар бўлса, Италияда қолиши керак.
Менга унинг ҳамюрти сифатида Европада узоқроқ муддат тўп тепиши кўпроқ маъқул эканини айтиб ўтишим керак. Балки Бундеслига яхши вариантдир.
“Спартак” катта клуб, фахр ва ҳурматга лойиқ. Тарихини ҳеч ким ўчириб ташлай олмайди. Бу жамоа Европа майдонларида нималарга эришганини ҳали ҳамон кўпчилик яхши эслайди.
Шахсан мен учун “Спартак” Россиянинг энг буюк клубларидан. Болалигимда бу жамоага қандай мухлислик қилганим, унинг ҳаяжонларини ҳали ҳам яхши эслайман. Ўша даврлар ҳамма “Спартак”да ўйнашни орзу қиларди.
Элдор қаерда тўп тепишини ўзи танлаши керак.
Россияда Шомуродовни яхши билишади, у Премьер-лигада яхши ўйнаган. Лекин етакчи чемпионатларда ўйнаш имконияти бўлиб турган бир паллада ўз кучини айнан мана шундай лигаларда синаб кўргани маъқул, - деди Илёс Зейтуллаев.
Таъкидлаш лозимки, Зейтуллаевнинг ўзи “Ювентус” тарбияланувчиларидан ҳисобланади. 2001 йили Илёс Москванинг “Академика” жамоасидан Турин суперклуби ёшлар жамоасига кўчиб ўтган эди.
Кейинчалик ҳамюртимиз Италиянинг турли лигаларида “Режина”, “Кротоне”, “Женоа”, “Виченца”, “Верона”, “Пескара”, “Виртус Ланциано”, “Купелла Калцио”, “Торино” ва Хорватиянинг “Горица” жамоаларида тўп тепди.
Зейтуллаев Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўн маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини икки марта ишғол қилган.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Илёс Зейтуллаев профессионал фаолиятини тугатганидан кейин футболдан узоқлашгани йўқ. Айни пайтда у мураббийлик фаолиятини бошлаб юборган.
Зейтуллаев ҳозир Италиянинг “Виртус Купелло” жамоасига бош мураббийлик қилмоқда. Илёс Ўзбекистон, Россия ва Италия футболини яхши биладиган мутахассис сифатида танилган.
Элдор Шомуродов кучли бешлик чемпионатларида тўп тепган ўзбекистонлик иккинчи футболчи ҳисобланади. Илёс Зейтуллаевдан фарқли равишда Элдорнинг фаолияти ёрқинроқ бошланган эди.
28 ёшли ҳужумчимиз кучли бешлик чемпионатларида гол урган биринчи ўзбек футболчиси сифатида тарихда ном қолдирган. Элдор ўзи ўйнаган учта жамоа – “Женоа”, “Рома” ва “Специя” учун гол ура олгани ҳам унинг ютуғи.
Энг муҳими, Элдор Шомуродов Италиядаги фаолияти давомида нуфузли соврин – УЕФАнинг Конференциялар кубогида ғолиб чиққан.
Энди эса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори фаолиятини изга солиб олиши талаб этилади.
Фикрлар