Зиданни ҳайдашга шошилманг! "Реал" гуруҳни биринчи ўринда якунлади!

Чемпионлар Лигаси бу мавсум гуруҳ босқичи ортда қолди. Сўнгги тур ўйинлари иккинчи куннинг марказий учрашувида "Реал" "Боруссия" Мюнхенгладбахга қарши майдонга чиқди. Гуруҳ пешқадами номига ойдинлик киритиб бериши кутилган баҳс мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Дастлаб, 9-дақиқада Лукас Васкес узатган тўпни Карим Бензема дарвозага йўллаб, ҳисобни очди. Айнан франциялик ҳужумчининг ўзи 31-дақиқада дублни расмийлаштириб, жамоадошларига бироз хотиржамлик ҳадя этди. Беллашув якунига қадар ҳар икки жамоа бир неча хавфли ҳужумлар уюштирганига қарамай, гоҳ дарвозабонлар яхши ҳаракат қилган бўлса, гоҳ ҳужумчилар ҳужумга якуний нуқтани қўйишда оқсади.

Сўнгги турда ғалаба қозонган Зидан шогирдлари "В" гуруҳи пешқадами сифатида плей-оффга йўл олди. "Боруссия" Мюнхенгладбах эса, 2-ўрин билан кейинги босқич чипталарига эга чиқди.
  • 90+2'

    Учрашув якунланди. Матнли трансляция Жавоҳир Азимов томонидан олиб борилди!

  • 90+1'

    Сўнгги дақиқаларни ҳам "қироллик клуби" тўпни назорат қилиш билан ўтказмоқда.

  • 90'

    Ўйиннинг асосий вақтига 2 дақиқа қўшиб берилди.

  • 90'

    Бензема хет-трик учун жуда кўп тер тўкмоқда. Бироқ бу сафар ҳам Зоммер тўпни ушлаб олди.

  • 88'

    Кроосга нисбатан қўполлик ишлатган Закария огоҳлантирилди.

  • 87'

    Бенземанинг ноаниқ узатмаси жамоасининг навбатдаги ҳужуми тўхташига сабаб бўлди.

  • 85'

    Крамер, Штиндль ҳамда Тюрам захираша олинди. Улар ўрнига Бенеш, Вольф ва Херрман ўйинга қўшилди.

  • 82'

    Немислар гол уриш мақсадида олдинга ўтмоқда. Бироқ улардан кўра, "қаймоқранглилар"нинг ҳужумлари кескин кўриниш оляпти.

  • 79'

    Васкеснинг зарбасидан кейин тўп устунга тегди.

  • 76'

    Винисиус ва Родриго ўрнига Асенсио ҳамда Аррибас ўйинга қўшилди.

  • 73'

    Рамоснинг бош билан йўллаган зарбасини Зоммер қайтарди. Бенземанинг такрорий зарбаси тўсиндан қайтди.

  • 71'

    Ҳар икки жамоа вакиллари ҳам тинмай ҳужум уюштирмоқда. Бироқ ҳужумга нуқта қўйишда баъзи камчиликлар кўзга ташланяпти.

  • 69'

    Родригонинг кутилмаганда йўллаган зарбаси анча хавфли чиқди.

  • 67'

    Винисиус жуда қулай имкониятни кўкка совурди. Жуниор зарба ўрнига ноаниқ пас берди.

  • 65'

    Алессан Плеанинг кучли зарбаси дарвоза тўрига ташқи томондан тегди.

  • 63'

    Крооснинг зарбаси шундоқ дарвоза тўққизлигига йўналганди. Лекин Зоммер яхши ҳаракат қилди.

  • 60'

    Менди рақибини қўполлик ишлатишга мажбур қилди. Ҳакам ўйинни тўхтатди.

  • 57'

    Меҳмонларнинг ҳужумлари тобора хавфли тус олишни бошлади. Бу сафар Плеа яхши вазиятга чиқиб борганди, аммо ён ҳакам офсайдга ишора қилди.

  • 55'

    "Боруссия" рақиб жарима майдонига киришга қийналмоқда.

  • 53'

    Меҳмонлар яхши қарши ҳужум уюштирди. Лекин Штиндль ҳужумда фол ишлатиб, жамоадошларига панд берди.

  • 51'

    Зидан шогирдлари орқа чизиқда тўпни назорат қилиш билан вақт ўтказмоқда.

  • 49'

    Бенземанинг бу сафарги зарбасини Зоммер ушлаб олди.

  • 46'

    Иккинчи тайм бошланди!

  • 46'

    Бўлимлар оралиғида "Боруссия"да ўзгариш: Вендт ва Эмболо ўрнига Лазаро ва Закария ўйинни давом эттиради.

  • 46'

    Футболчилар майдонга қайтди. Биз ҳам қайтамиз!

  • 45+1'

    Танаффус!

  • 45'

    Биринчи бўлимга 1 дақиқа қўшиб берилди.

  • 43'

    Модричнинг голи ўйиндан ташқари ҳолат туфайли игобатга олинмади. Модричга тўп етиб келишига ҳисса қўшган Варан ўйиндан ташқари ҳолатда эди.

  • 42'

    Лайнердан ўтиб кетган Менди қоида бузиш эвазига тўхтатилди. "Реал"да яхши стандарт юзага келди.

  • 39'

    Модрич бироз ноқулай позициядан зарба берди. Устунга тегган тўп майдонга қайтди.

  • 38'

    Модричдан тўпни олиб қўйган Нойхаус ўз омадини синаб кўрди. Зарбага аниқлик етишмади.

  • 36'

    Тюрам яқин масофадан боши билан зарба берди. Тўп дарвоза томон йўналмади.

  • 34'

    Мезбонлар яна тўп назоратига урғу қаратмоқда. Қанотлар тез-тез алмаштириб турилибди.

  • 32'

    ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! Бензема дублни расмийлаштирди!

    Родригониннг ажойиб узатмасидан кейин Бензема ҳисобни ишончли кўринишга келтирди.

  • 31'

    Тони Кроос офсайддан чиқишга улгурмади.

  • 30'

    Винисиус Бенземани тўп билан таъминлай олмади. Ҳимоячи йўналишни ёпиб қўйганди.

  • 27'

    Меҳмонлар майда фоллар билан рақиб ҳужумларини тўхтатишга ҳаракат қиляпти.

  • 25'

    Бирга-бир вазиятдан зарба берган Плеа мўлжалда адашди.. Ўта қулай имконият қўлдан кетди.

  • 24'

    Тўрт рақиби қуршовида қолган Бензема ҳеч нарса қила олмади.

  • 22'

    Кроос жарима майдонига узатма амалга оширди. Тўп Рамосгача етиб бормади.

  • 21'

    "Қаймоқранглилар" тўп назоратини қўлга олиб, қанотлардан ёриб киришга ҳаракат қиляпти.

  • 19'

    Модрич жарима майдонида 1 рақибидан ўтди, бироқ қолган ҳимоячилар уни зарарсизлантиришга муваффақ бўлди.

  • 17'

    Васкес тушунарсиз ҳаракат билан жамоасининг яхши ривожланаётган ҳужумини барбод қилди. Лукас шериги узатган тўпга охиригача югурмади.

  • 15'

    Қарши ҳужумга ўтган Жуниор тўпни шеригига етказиб бера олмади.

  • 14'

    Жарима майдонига оширилган хавфли узатмани Васкес майдон ташқарисига чиқариб юборди.

  • 12'

    "Боруссия" футболчилари ташаббусни қўлга олиб, ҳисобни тезроқ тенглаштиришга интиляпти.

  • 10'

    Меҳмонлар голга дарҳол реакция билдира олди: Тюрамнинг кучли зарбасини Куртуа қайтарди.

  • 9'

    ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Реал" ҳисобни очди!

    Васкес томонидан жарима майдонига узатилган тўпни Бензема дарвозага киритди!

  • 7'

    Марказда Винисиус рақибини қўполлик билан тўхтатиб қолди. Ҳакам унга оғзаки огоҳлантириш берди.

  • 5'

    Тўп назорати майдон эгалари томонга ўтди.

  • 3'

    Модрич жарима майдонига узатма амалга оширди. Тўпни дарвозабон эгаллаб олди.

  • 3'

    Мадридликлар дастлабки дақиқалардан чуқур прессингга бормоқда.

  • 1'

    Ўйин бошланди!

  • 0'

    Сардорлар иштирокидаги расмий жараёнлар ҳам ортда қолди. Старт учун барчаси тайёр!

  • 0'

    Футболчилар майдонга тушиб келди. Чемпионлар Лигасининг мафтункор мадҳиясини биргаликда тингладик!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!