Husanovdan yana bir syurpriz!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”даги ишончли ўйинлари билан турли мамлакатлардаги таҳлилчиларнинг назарига тушмоқда.
Бу бежиз эмас, албатта. 21 ёшли футболчи мураккаб паллада “шаҳарликлар”нинг асосий фигурасига айлана олди ва жамоа муваффақиятларини таъминлашда ўзбек ҳимоячисининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Хосеп Гвардиола энг қийин вазиятларда айнан Абдуқодирга суянаётгани ҳам унинг ўйин даражаси ўсиб бораётгани билан боғлиқ.
Хусусан, ютуб каналидаги “МЯЧ Production” лойиҳаси эксперти Александр Журавлев ҳар бир қитъанинг энг яхши футболчиларини танлаш жараёнида Абдуқодир Ҳусановга ҳам эътибор қаратди.
Ўтказилган таҳлиллар натижасида лойиҳа ижодкорлари Абдуқодир Ҳусановни Осиё қитъасининг бугунги кундаги энг зўр футболчиси сифатида эътироф этди. Доимий тарзда бу номга даъвогарлик қилган машҳур чарм тўп усталари – кореялик Сон Хён Мин ва япорниялик Такефуса Кубо айни пайтда Ҳусановдан анча ортда қолган.
- Танловни амалга ошириш қийин, чунки Сон энди олдинги даражада эмас, Кубо жуда кучли, лекин сўнгги пайтларда унинг ўйини пасайди. Шунинг учун ҳам энг зўри – Ҳусанов. Ҳозир айнан у Осиёнинг энг яхши футболчиси. Абдуқодир “Сити”да ўйнайди ва майдонга тушганда натижа беради, - деди Александр Журавлев.
“МЯЧ Production” талқини бўйича қитъалар кесимида энг яхши ўйинчилар қуйидагича кўриниш олди:
- Европа — Килиан Мбаппе
- Африка — Ашраф Ҳакими
- Жанубий Америка — Рафинья
- Шимолий Америка — Кристиан Пулишич
- Осиё — Абдуқодир Ҳусанов
Абдуқодир Ҳусановнинг қитъада энг яхши деб эътироф этилиши унинг Англия Премьер-лигидаги статистикасига қаралса, мутлақо мантиқий кўринади. Ўзбекистонлик ҳимоячининг “Манчестер Сити”га ўтиши ўтган йилнинг энг катта сенсацияларидан бири бўлган.
Бу мавсум жамоанинг етакчи марказий ҳимоячилари – Рубен Диаш, Йошко Гвардиол, Жон Стоунз жароҳат олгач, Хосеп Гвардиола ҳимояни бор масъулиятини айнан Ҳусановнинг зиммасига юклади.
Абдуқодир ўзига берилган имкониятдан тўлиқ фойдаланди:
- кетма-кет 12 та ўйинни асосий таркибда бошлади;
- тўпни тортиб олишда ишончли ҳаракатлари билан ажралиб турди;
- прессингдан совуққонлик ва хотиржамлик билан чиқиб кета олишини кўрсатди;
- жисмоний жиҳатдан жуда кучли экани мураккаб вазиятларда жамоа фойдасига ишлади.
Натижада Ҳусанов нафақат тажрибали ҳимоячилар ўрнини тўлдирди, балки мавсумнинг ҳозирги қисмида “шаҳарликлар”нинг энг барқарор ўйинчиларидан бирига айланди.
Жаҳон футболи экспертларининг хулосасига кўра, Абдуқодир Ҳусанов фақат иқтидор эгаси бўлибгина қолмай, замонавий футбол талабларига тўлиқ жавоб берадиган универсал ҳимоячи. Шунинг учун унинг “Осиёнинг энг яхши футболчиси” деб тан олиниши мутлақо мантиқий.
Ҳусанов “Манчестер Сити” трансфер сиёсатига жиддий таъсир ўтказяпти
Италия матбуоти: Шомуродов қимматбаҳо юлдузларни сўндириб қўйди
Fikrlar