“Қўқон-1912” жамоаси меҳмонда “Андижон”га қарши ўртоқлик учрашувини ўтказганидан ҳақида сайтимиз орқали хабар бердик.

Қўқонликларнинг Андижонга ташрифидан фойдаланган ҳолда ўйиндан кейин меҳмонлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматовга мулоқот қилиш истагимизни билдирдик ва мутахассис Sports.uz учун вақт ажратди.

ФИФА кунларидаги танаффус ҳақида

- Гапнинг очиғи, ФИФА кунлари бўлгани сабабли, юзага келган танаффусни биз учун фойдали ёки фойдасиз, деб айта олмайман. Лекин охирги пайтларда яхши спорт формасига кириб олдик. Тўртта ўйинда мағлубиятга учрамадик, иккита дуранг ва иккита ғалаба қозондик. Ўйлайманки, бу танаффус бизнинг фойдамизга эмас. Лекин тақвим шундай тузилган, ФИФА кунлари олдиндан маълум эди. Шу боис, баҳона қилмаймиз ва бўлажак учрашувларга тайёргарлик кўришимиз керак эди. Ўртада 16 кунлик “пауза” бўлганлиги учун “Андижон” билан ўйин биз учун муҳим эди. “Пахтакор”га қарши учрашувдан кейин футболчиларга тўрт кунлик дам бергандик. Бугунги ўртоқлик ўйинида уларни икки тайм ўйната олмасдик. Чунки тўрт кунлик танаффусдан кейин уларнинг жисмоний ҳолати ҳали тўлиқ ўйнашга тайёр эмасди. Бугунги учрашувдаги асосий вазифамиз ўйинчиларимизнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш, ўйин амалиётига эга бўлиш ва албатта ғалаба қозонишдан иборат эди. Ўйлайманки, баҳс ҳар тарафлама фойдали бўлди. Биринчи бўлимда “Сўғдиёна” билан бўладиган ўйинга яқинроқ тактика танлашга ҳаракат қилдик. Агар 16 кун давомида ўйин амалиётисиз қолиб кетсак, бу чемпионат баҳсларида бизнинг зараримизга ишлаши мумкин эди.

ашурматов1

Ёқимли ғалабалар қандай ишонч бағишлаяпти?

- Бу йилги мавсумда эгаллаб турган ўрнимиз йигитларимизнинг савиясига мос эмас. Юқорироқ ўринлар учун курашишимиз кераклигини таъкидлаб келганман. Афсуски, бу йил ўз майдонимизда кўплаб учрашувларда очколар йўқотдик. Ўтган йилги мавсумда 26 очко қўлга киритган бўлсак, бу сафар кўп очко йўқотдик. Тўғри, меҳмонда ёмон ўйин кўрсатмаяпмиз. Ўз уйимизда ҳам омадлироқ ўйнаганимизда бемалол юқорироқ ўйинлар учун курашишимиз мумкин эди. 9-ўрин – бизни, футболчиларни, раҳбариятни, умуман ҳеч кимни қониқтирмайди. Шу боис, охирги олтита учрашув биз учун жуда муҳим ва мураккаб эди. “Пахтакор” устидан қозонилган ғалаба жуда муҳим бўлди. Айниқса, “Металлург” ва “Пахтакор”ни мағлубиятга учратганимиз футболчиларимизга ишончни қайтариб берди. Йигитлар охиригача курашса, исталган етакчи жамоага қарши муносиб рақобат туғдириши мумкинлигини тушуниб етишди. Бизда ўтган йилги натижани қайтариш имконияти сақланиб турибди. Бунинг учун охиригача курашамиз.

Ашурматовнинг мураббийлик фаолиятида “Пахтакор”га қарши эсда қолган ўйинлари

- Мураббийлик фаолиятимда “Пахтакор”га қарши ўйинлардаги ёқимли ғалабаларга келсак, АГМК ва "Қўқон-1912” билан қозонилган муваффақиятларни айтишим мумкин. Ўзбекистон кубоги финалида АГМК бош мураббийи сифатида “Пахтакор”га қарши ўйнаганимизда футболчиларимиз ажойиб ўйин кўрсатганди. Табиийки, “Қўқон-1912” устози сифатида “Пахтакор”ни 4:2 ҳисобида ютганимиз ҳам биз мураббийлар ва футболчиларнинг фаолиятидаги ёрқин ғалабалардан бири бўлди, деб ўйлайман. Бундан ташқари, 2014 йили “Навбаҳор”ни бошқарганимда меҳмонда “Пахтакор”га 1:0 ҳисобда ютқазгандик. Ўшанда “Пахтакор” 90+7-дақиқада гол урганди. Жанговар ўйин намойиш қилгандик. Шундан кейин  федерациямиз президенти, раҳматли Мираброр Усмонов жамоамизга эътибор қаратиб, ёрдам берган ва бу ҳам эсда қоларли ўйин бўлган. Ўйинимиз билан раҳбариятнинг эътиборини қозонгандик. Умид қиламанки, ҳали яна ёрқин ғалабаларимиз олдинда. Масалан, жамоамиз медаллар учун кураша олгани йўқ. Ёки менга ҳали Осиё Чемпионлар лигасида жамоамни бошлаб тушиш насиб қилмади. Ҳали ўрганадиган нарсаларим ва ишларим кўп. Умид қиламанки, барибир ўйлаган ниятларимга эришаман. Қўқонлик мухлислар бир неча йилдан бери суюкли жамоасини Осиё Чемпионлар лигасида қатнашишини кутишяпти. Ўз олдимизга қўйган мақсадимизга босқичма-босқич эришишимиз керак. Бу йўлда биз мураббийлар тинмай ишлашга тайёрмиз.

ашурматов3

Бош мураббий “Қўқон-1912”даги фаолиятидан қанчалик қониқяпти?

- Қўқондаги фаолиятимга келсак, ўтган йили кўпчилик кутмаган натижани қўлга киритдик. Тўғри, 5-ўрин – бу эришиб бўлмас чўққи эмас. Аммо бир неча мавсумлардан бери “Қўқон-1912” асосан элитада қолиш учун курашиб келарди. Ўшанда аутсайдерлардан узоқлашиш ва юқори ўринлар учун курашадиган клубларга яқинлашишни мақсад қилиб қўйгандик. Худога шукур, раҳбарият ва мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлди. Бу йилги мавсумда эса ҳали натижалардан қониққаним йўқ. Агар ўтган йилги натижадан кейин янада юқорироқ ўринлар учун курашишни хоҳласак, биз селекция ишларини бундан ҳам фаолроқ олиб боришимиз керак бўларди. Ўзимиз хоҳлаган ўйинчиларни олмадик. Ўтган йилгига нисбатан озгина заифлашдик деб айтишим мумкин. Шунинг учун бу йил олдимизга қўйилган мақсадимизга эришишимиз қийин бўляпти. Аммо ҳали имконият сақланиб турибди. Агар олдиндаги бешта турда максимал очколарга эришсак ўша натижани такрорлашимиз мумкин. 5- ёки 4-ўрин мураббий ўз олдига қўядиган мақсад эмас. Зоҳид Нурматов, Даврон Файзиев каби мураббийлар штаби билан биргаликда мухлисларимизнинг орзусини рўёбга чиқаришни истаймиз ва Осиё Чемпионлар лигасида қатнашиш ўзимизнинг ҳам орзуимиз саналади. Яна изланамиз ва раҳбарият қўллаб-қувватлаб турса, бу маррага эриша оламиз.

ашурматов2_2

Чемпионатимиз савияси тўғрисида

- “Пахтакор”ни бир неча тур олдин чемпион бўлиши деярли аниқ бўлгани бу чемпионатимиз савиясини кўтармаслиги аниқ. Чунки ишқибозлар чемпионлик учун курашдаги интрига охиригача сақланиб қолишини хоҳлашади. Бу йил молиявий томондан имконияти юқорироқ бўлган АГМК ёки “Локомотив” жамоаларидан рақобат қилишда кўпроқ нарса кутишганди. Улуғбек Бақоев бошчилигидаги “Сўғдиёна”нинг иккинчи ўринда бораётгани бу улар учун катта натижа. Аммо бирорта жамоа “Пахтакор”га рақобат туғдира олмади. Мавсум бошида ҳам шундай фикрда эдим. Шу сабабдан “Пахтакор”ни олдиндан чемпион бўлди, деб айтишимиз мумкин.

ашурматов4

Суперлигани кимлар тарк этади?

- Пастки ўринларда курашаётган жамоаларнинг мухлисларига ачинаман. Масалан, “Андижон” ишқибозларини доим ҳурмат қиламан. У ерда ўзим ҳам ишлаганман. Андижонлик мухлислар ўз жамоаси учун ажойиб муҳит яратишади. Уларга омад тилайман. “Турон”га ҳам бефарқ эмасман. Клуб раҳбарлари катта ҳажмдаги ишларни бажаришди. Кимнидир тушиб кетсин ёки қолсин деган фикрни билдирмайман. Мавсум охиригача “Андижон”, “Турон”, “Сурхон”, “Металлург” жамоалари Суперлигада қолиш учун курашишади ва бунда катта интрига кутиб турибди. Ҳар бир клубга эса омад тилаб қоламан.  

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)