Боксда ноҳақликлар жуда кўп бўлиб туради, Олимпиадада мен ютишим керак эди, Президентимизнинг шахсан ўзи мотивация берди —

SPORTS.uz интервью рукнидан ўрин олган суҳбатларни давом эттиради. Бизнинг бу галги суҳбатдошимиз бокс бўйича Токио Олимпиадаси иштирокчиси, Ўзбекистон чемпиони, бир неча халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндори Турсуной Раҳимова.

Истеъдодли спортчимиз Токио Олимпиадасидаги ноҳақликлар, Президент берган мотивация, ҳижоб ўрашининг сабаби, оиланинг боксдан устунлиги ҳақида фикр билдирди.

Ассалому алайкум! Энг аввало, саволларимга жавоб беришга рози бўлганлигингиз учун раҳмат. Биринчи бўлиб Токио Олимпиадаси ҳаяжони билан бўлишсангиз...

— Ассалому алайкум. Олимпиада ҳақида гапирадиган бўлсам, медаль ололмадим, лекин бундан сира хафа эмасман. Негаки, Ўзбекистонга қайтишимиз билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев мени "Жасорат" медали билан тақдирлади, халқимиз илиқ сўзлар ва ёруғ юз билан кутиб олди. Баҳслар вақтида жуда ҳаяжонландим. Биринчи жангда ғалаба қозондим ва иккинчисида рақибимга 2:3 ҳисобида имкониятни бой бердим. Жангда мен ютишим керак эди. Лекин рақибимнинг қўли юқорига кўтарилди ва у кейинчалик финалга чиқди. Бундан бироз стрессга тушдим. Аммо ҳозир булар ортда қолди ва жаҳон чемпионатига тайёрланмоқдаман.

Шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Ноҳақлик сабаб кейинги  босқич йўлланмасига эга чиқа олмадингиз?

— Тўғриси, боксда ноҳақликлар жуда кўп бўлиб туради. Эшкак эшиш, югуриш каби спорт турларида бундай қинғирликлар деярли бўлмайди. Боксда эса ҳакамлар қарори катта роль ўйнайди. Мен бу каби ҳолатларга деярли ўрганиб ҳам қолдим. Қолаверса, Олимпиададаги мағлубиятим менга кўп нарсаларни фарқлаб берди, ким дўст-у, ким душман эканини билиб олдим. Энди шунга қараб ҳаракат қиламан.

Бугун сизга энг катта ёрдам бераётган инсон ким? Зотан, дўст-у душманни ажратиб олишга эришибсиз.

— Фақат ота-онам. Улардан бошқа ҳеч ким дўст бўла олмас экан. Олимпиадани ютмаганимда роса сиқилгандим. Биласизми, бугун бу беҳикмат бўлмаганини тушундим ва ҳаммасига шукр қилдим.

Шу ўринда, таниқли боксчи Турсуной Раҳимованинг ота-онаси ҳақида айтиб ўтсангиз?

— Ота онам дунёда ягона, уларни жудаям қаттиқ яхши кўраман. Боксдаги фаолиятимнинг сабабчилари ҳам улар. Ота-онамни яхши едириб-ичирсам, яхши кийдирсам ва улар яхши яшаса, шуни ўзи етади менга. Ўғил фарзанд йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қиляпман.

174801_original

Бугунги даражага етишингизда қайси мураббийнинг ўрни беқиёс? Халқимизда "устоз отангдек улуғ", деган гап бор...

— Менинг биринчи мураббийим Қаҳҳор Умаров. Ундан кейин Дилмурод Азизович билан ишлаганман ва ҳозирги кунда терма жамоа катта мураббийи Элшод Расулов қўл остида шуғулланяпман.

Мухлисларимиз биладики, Sports.uz сайтига берган аввалги интервьюнгиздан сўнг ҳижоб ўрадингиз, биз билмайдиган яна қандайдир ўзгаришлар бўлдими?

— Мен араб ҳарфларини, Қуръони Каримни ўқишни ўргандим. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир Тафсирини ўрганяпман. Ҳижоб оятларини ўқиб, жим тура олмадим ва ўрадим.

Олимпиада чемпиони бўлсам, фаолиятимни якунлайман, деган эдингиз. Бу қарорингиз ҳали ҳам ўз кучидами?

— Олимпиададан кейин якунлайман, деган эдим. Биласизми, Президентимиз ўзлари "Жасорат" медалини тақиб, "Турсуной қизим, тўхтаб қолма, албатта, чемпион бўлишинг керак!", деб айтганларидан кейин яна қайтишга қарор қилдим. Бу менга катта мотивация берди.

292fe2d49e0de75ba3b7feef8675f186

Қайтганингизда илк бор нима ҳақида ўйладингиз, Олимпиада ёки жаҳон чемпионати?

— Жаҳон чемпионатини ўйладим. Олимпиада ҳақида ҳали ўзим ҳам билмайман.

Бугун спортчи эмас қиз сифатида ўйлаб кўрсангиз, нимани ўзгартирган бўлар эдингиз?

— Ниманидир ўзгартириш мени қўлимда эмас. Мен ота-онам учун ҳаракат қилишим керак. Бу менга ёқадими, чарчайманми ёки йўқми, бу қизиқмас. Пул топишим, ишлашим ва ҳаракатдан тўхтамаслигим керак. Чунки ота-онамнинг боқувчисиман. Улар кексайиб қолишди ва мақсадим битта: уларга яхши шароит яратиб бериш. Бу мақсадимга қайсидир маънода эришдим. 

Барчага маълумки, юртимизда аёллар спорти чет давлатларига нисбатан бироз ортда бормоқда. Тизимда қандайдир хатолик бор деб ўйлайсизми? Чунки халқимизда аёл кишини уйда ўтириб, уй ишлари билан машғул бўлишини истайдиган инсонлар ҳам йўқ эмас.

— Гапингиз тўғри, биз бироз ортда қолганмиз. Аёллар боксидаги илк қалдирғочлар биз эдик. Ўйлайманки, яна 5-6 йилда эркаклардан ҳам олдинга ўтиб оламиз. Бизда жуда кучли қизлар борлигини кўриб турибман. Шунингдек, ғалабаларимизни кўрган инсонлар илиқ фикрлар билдирмоқда ва кўпчилик қизларини спортга беришдан қўрқмаяпти.

Олимпиада ва жаҳон чемпионатида қатнашиш учун ҳаваскор боксчи бўлишингиз керак. Биз сизни профессионал боксда ҳам кўришимиз мумкинми?

- Таклифлар бўлди. Лекин олдиндан бир нима деб айтолмайман. Чунки юқорида айтганимдек, Олимпиададан кейин фаолиятимни якунламоқчи эдим. Президентимиз "давом эт, қизим", деганларидан сўнг яна қайтдим. Эртага нима бўлишини билмайман. Вақти келса, барчаси маълум бўлади.

Мухлислар орасида спортга кириб келиш учун таниш-билиш, пул керак бўлади, деган баъзи гаплар юради. Бунга муносабатингиз қандай?

- Спортга кириб келиш учун пул сарфламаганман. Олимпиада туркумидаги спорт турларининг ҳаражатлари Олимпиада Қўмитаси томонидан тўлаб берилади. Мен боксга бошқа спорт туридан келиб қўшилганман. Олимпиада туркумига кирмайдиган спорт турларида эса пулингизни "шилволади". Тарозига чиқиш учун ҳам пул олишади. Уйингизда қўйингиз, молингиз борми ҳеч қайсини қолдирмайди. Боксда эса мусобақалар ҳам текин, баҳс ташкил қилиб бераверишади.

5587791af5a0cd1f19b558d0bbf149a8

Ота-она қизини боксга бериши қанчалик тўғри? Боксда мушаклар ривожланади ва бу қизлар учун бироз ноодатий кўринади. Бу ҳақда сизни фикрингизни билмоқчи эдим.

- Агар келажакда қизли бўлсам, боксга бермайман! Балки ўзи жуда қаттиқ қизиқса, ўйлаб кўришим мумкин. Чунки бу қондан қонга ўтиши мумкин. Тўғри, шуғулланганда мушаклар ривожланади. Лекин менга ўхшаган озғин қизларда бу билинмайди. Баъзан сочни қирқиб ўғил болага ўхшашга ҳаракатлар ҳам бўлади, лекин бу уйдаги тарбияга ҳам боғлиқ.

Олимпиада якунлангандан сўнг муваффақиятли иштирок этган спортчилар тақдирланди. Мухлислар орасида шунча ҳаражат қилиш шартмиди, деган гаплар бўлди. Бунга муносабатингиз қандай?

- Томоша қилиб турган одамга айтиш осон. Рингга келиб битта жанг ўтказишнинг машаққатини билишмайди. Агар осон бўлса, келишсин, улар ҳам залда тайёрланишсин. Ўзи бирор натижага эриша олмайди-да, фақат гапиришни билишади. Уларга эътибор бермаслик керак.

Боксда эришган энг катта ютуғингиз нима?

-Худога шукур, халқаро мусобақаларда қатнашдим. Лекин буларни боксда эришган энг катта ютуғим, деб айта олмайман. Чунки Осиё ўйинлари ва Олимпиадада қантнашиш ҳам мен учун бахт. Масалан, бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

gettyimages-1331211386-1024x1024

Турмуш қуриш ёки боксдан бирини танлашингиз керак бўлса, сиз қайси йўлни тутасиз?

-Агар менда шундай танлов бўлса, турмушни танлайман. Қачонки, мени бахтли қила оладиган инсонни учратганимда, шундай қилишим мумкин. Ҳозир эса боксдаги фаолиятимни давом эттираман.

Жавобларингиз учун ташаккур, Турсуной. Фаолиятингизда омад тилайман. Худо хоҳласа, жаҳон чемпиони бўлганингизда ҳам сайтимиз меҳмони бўласиз.

- Раҳмат. Илоҳим айтганингиз келсин.

Дилноза Мустафоқулова суҳбатлашди

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бухорий Шариф
11/10/2021 22:52
Аллоҳ омадини берсин шу қизнинг. Жч да ҳам қатнашиб, чемпион бўлишини насиб қилсин. Спортдаги фаолиятига улган зафарлар тилаб қоламиз.
Baxil Alihuja
11/10/2021 17:04
Бахтли булсин!