Бугун 10 йил! Вице-президент, тадбиркор, мураббий ёхуд "Насаф-2011"даги футболчилар ҳозир қаерда?

“Бугун 10 йил” рукни остида “Насаф”нинг 2011 йилги ОФК Кубогидаги муваффақияти ҳақидаги қизиқарли мақолаларни ҳукмингизга ҳавола этишда давом этамиз.

Ўша йили жамоада иккита тенг кучли таркиб жамланган бўлиб, рақобат жуда юқори эди. Жамоанинг ўз тарихида илк бор мазкур мусобақа ғолиблигига эришишида табиийки, таркибдаги футболчилар асосий ишни бажарганлар.

Ўшанда “Насаф” қайдномасида кўплаб ўйинчилар ўрин олган. Қизиқ, ўша пайтдаги футболчилар ҳозир қаерда? Ким нима билан банд? Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.

Дарвозабонлар

Дмитро Козаченко

1982 йилда туғилган Козаченко Украина фуқароси саналади. Демьяненко “Насаф” бошқаруви пайтида унинг ҳам хизматидан фойдаланган. Лекин ўшанда у асосан чемпионатдаги ўйинларда иштирок этган. ОФК Кубогидаги ғалабадан кейин у Луганскнинг “Заря” клубига кўчиб ўтган. Шу пайтгача Украина жамоаларида ўйнади ва ўтган йили бутсаларини михга илди. Ҳозир у дарвозабонлар мураббийига айланган.

Мурод Зуҳуров

Финалда “Кувайт СК”га қарши учрашувда “Насаф” дарвозасини қўриқлаган Мурод Зуҳуров мухлисларимизга жуда яхши таниш. Умуман олганда, у барча учрашувларда майдонга тушганди. 38 ёшни қаршилаган собиқ футболчи “Насаф”дан кейин яна “Бунёдкор”га қайтган. Қаршиликлар жамоасига айнан “қалдирғочлар”дан қўшилгани ёдимизда. Ҳозирга келиб фаолиятини тугатган Зуҳуров “Бунёдкор” академиясида дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлаяпти.

Михаил Наумов

Наумов ҳам юқоридаги ҳамкасблари қатори дарвозабонлар мураббийига айланган. “Насаф”дан кейин “Сўғдиёна”, “Динамо”, “Шўртан” каби жамоалар шарафини ҳимоя қилди. Ҳозирда “Шўртан”да мураббий бўлиб ишлаяпти.

Ҳимоячилар

Боян Малишич

Яхши савиядаги легионер эди. Чемпионликда катта ҳиссаси қўшилган сербиялик легионер ўша муваффақиятдан кейин Украинанинг “Говерла” клубига кетди. Сўнг Хитойга йўл олди. Охирги маълумотларга қараганда, 36 ёшли ҳимоячи Сербияда ўйнаётганди. Эшитишимизга кўра, Малишич мураббийлик учун УЕФА лицензияси курсларида ҳам таҳсил оляпти. 

насаф офк1

Асрор Алиқулов

Уни сизларга ортиқча таништиришга ҳожат йўқ. 2017 йили бутсаларини михга илгач, мураббийликка ўтди. Ҳозирда Ғузорнинг “Шўртан” клубини бошқариб келяпти.

Артём Филипосян

Тажрибали ҳимоячи “Насаф”даги чемпионликдан кейин “Бунёдкор” таклифини қабул қилганди. Шундан кейин Хитойга бориб келган. 2018 йилдан бошлаб яна легионер сифатида хорижда тўп суриб келяпти.  Охирги икки йилдан бери Таиланд чемпионатида ўйнаяпти.

17291204

Мирзамурод Жўрабоев

1994 йилда туғилган футболчи “Насаф” академиясидан чиққанди. Ўз вақтида Мексикадаги жаҳон чемпионатида ҳам ўйнаб келган. Бироқ кейинчалик унинг фаолияти бир текис давом этмади.

Шерзод Аъзамов

31 ёшли ҳимоячи “Насаф”даги бир неча йиллик фаолиятидан сўнг, 2017 йилда “Пахтакор”га кўчиб ўтди. Шундан бери “Шерлар” сафида ўйнаб қатор совринларга эга чиқиб келмоқда.

Мақсуд Каримов

36 ёшни қаршилаган Мақсуд Каримов ҳам барчага жуда яхши таниш. У “Насаф”даги барқарор ўйинчилардан бўлган ва ОФК Кубогидаги ҳамма ўйинларни тўлиқ ўтказган. Барвақт бутсаларини михга илган Каримов айни пайтда про-лигада қатнашаётган “Хоразм” жамоаси раҳбари сифатида ишлаяпти.

Алишер Юсупов

33 ёшли футболчи ҳозир ҳеч бир клубда кўриниш бераётгани йўқ. У фаолиятининг катта қисмини “Шўртан” ва “Насаф” клубларида ўтказди. Адашмасак, Юсупов охирги марта Самарқанднинг “Динамо” жамоасида тўп сурди.

Ботир Қораев

41 ёшли “Насаф”нинг садоқатли ўйинчиларидан бири эди. У ҳам ОФК Кубоги қўлга киритилишида муносиб ҳисса қўшганлардан. Жамоа сардори сифатида ҳимояда мустаҳкам ўйин кўрсатган ва финал учрашувида энг яхши ўйинчи номига сазовор бўлган. “Насаф”дан кейин “Шўртан” ва “Машъал”да ўйнади. Қизиғи, у фаолиятини Қашқадарёдан бошқа жойда ўтказмаган. Айни пайтда Қораев “Насаф” клубида спорт директори вазифасида ишлаяпти. 

76861404_1

Аҳрол Рисқуллаев

Собиқ ҳимоячи “Насаф” қайдномасидан ўрин олган. Лекин уни доим ҳам майдонда кўравермаганмиз. Чунки рақобат кучли эди. Биласиз, айни пайтда у ҳакамлик билан шуғулланиб келмоқда.

Ярим ҳимоячилар

Жаҳонгир Жиямуродов

Яхши ярим ҳимоячи эди. Айниқса, қанотда жуда фаол ўйин кўрсатарди. “Насаф”нинг ОФК Кубогидаги қатор учрашувларида майдонга тушган ва Демьяненконинг ишончини қозонган. Кейинчалик “Бунёдкор”, “Нефтчи”, “Шўртан”да ўйнаган Жиямуродов фаолиятини тугатиб ёш бўлса-да, мураббийликка қадам қўйди. “Зомин” жамоасини бошқарганини яхши эслаймиз. Ҳозирда ҳам болалар футболида ишлаб келмоқда.

Лутфулла Тўраев

Ҳозир ҳам майдонда фаол ҳаракатлари билан ажралиб турибди. “Насаф”нинг ОФК Кубогидаги барча – 12 та ўйинида майдонга тушган. Ўша кезларда энг яхши спорт формасида эди. Чемпионликдан кейин у “Бунёдкор”га ўтган. Сўнгра, “Локомотив”га ва кейин Малайзияда тўп сурди. 2018 йили АГМК билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган футболчи ҳозир яна “Бунёдкор” шарафини ҳимоя қиляпти.

83021606_1

Эркин Бойдуллаев

1984 йилда туғилган Эркин айни пайтда “Қизилқум” учун тўп суряпти. “Насаф”да бир неча мавсум ўйнади, ғалабаларда анча ҳиссаси тегди. Бойдуллаев ОФК Кубоги қўлга киритилишида асосий ишлардан бирини бажарган.

Самандар Шодмонов

Ярим ҳимоячи учун асосий таркибга кириш осон кечмаган. Шу сабабли ОФК Кубогида кам ўйнаган. “Насаф”дан кейин бир қатор клубларимизда тўп сурганини эслаймиз. Айни пайтда фаолиятини якунлаган.

Илҳом Юнусов

Самарқандлик тиниб-тинчимас ярим ҳимоячи ҳам Бойдуллаев сингари Қаршида бир неча йил тўп сурган. Кейинчалик “Қизилқум” ва “Динамо”да фаолият олиб борди. Ўтган йилдан бери Самарқанд футбол ассоциациясида ишлаб келяпти.

Андрей Переплёткинс

“Насаф” мухлисларининг меҳрини қозонган латвиялик легионерни ҳали ҳам эслаб туришади. Ўшанда ўзининг тезкор ва ажойиб ўйинлари орқали ўзидан жуда илиқ таассурот қолдирган. У финалда “Қувайт СК” дарвозасига гол ҳам урган. “Насаф”дан кейин Эстониянинг “Нарва-Транс” клубига кўчиб ўтди. Охирги марта ўтган йили Латвиянинг “Супер нова” жамоасида кўриниш берди. Ҳозирда фаолиятига якун ясаган.

01226135

Фозил Мусаев

Финалда майдонга тушган яна бир футболчи. “Машъал” орқали “Насаф”га таклиф қилинган ярим ҳимоячи Анатолий Демьяненко учун муҳим ўйинчилардан бири ҳисобланарди. Айни пайтда 33 ёшли футболчи Суперлигада “Турон” шарафини ҳимоя қиляпти.

64703421

Мирзакамол Камолов

Ярим ҳимоячи “Андижон”дан “Насаф”га ўтганди. У ҳам ОФК Кубогидаги ўйинларда майдонга тушган. Кейинчалик “Нефтчи”, “Андижон”, “Машъал”, “Сурхон” сингари клубларда тўп сурди. 34 ёшли Мирзакамол анчадан бери кўриниш бермади ва табиийки, футболдан узоқлашган.

Артур Геворкян

Туркманистонлик ҳужумкор ўйинчини яхши эслайсиз. ОФК Кубоги финалида 90 дақиқа тўп сурган. Шубҳасиз, Геворкян ўшанда “Насаф” сафидаги энг яхши футболчилардан бири бўлганди. Қаршидаги бир неча йиллик фаолиятидан кейин “Локомотив”да ўйнади ва у ердан “Қизилқум”га ўтди. Охирги марта Туркманистоннинг “Ахал” клуби аъзосига айланганди.

Ҳужумчилар

Кенжа Тўраев

Унинг келажаги порлоқ эди. Бироқ жароҳатлар ва яна бошқа сабабларга кўра Тўраев ёрқин ўйнаб кета олмади. “Насаф”дан кейин “Шўртан”га ўтди, сўнгра “Машъал”га. У ҳам Ботир Қораев каби фаолиятини фақат Қашқадарё клубларида ўтказди. 32 ёшли Кенжа бутсаларини жуда эрта михга илди. Ҳозир “Насаф” академиясида мураббийлик қиляпти.

Иван Бошкович

Черногориялик Иван Бошкович “Насаф”да тўпурарлик маҳоратини намойиш қилганди. Қаршиликлар ОФК Кубогининг чорак финалида Таиланднинг “Чонбури” жамоасини мағлуб этган. Қизиғи, 2013 йили “Насаф”дан айнан “Чонбури” сафига қўшилган. 2018 йили фаолиятини тугатганидан кейин мураббийликка қадам қўйди. Айни пайтда “Бунёдкор” академиясида мураббийлик қиляпти.

23969496

Носир Отақўзиев

Фарғоналик ҳужумчи ҳам “Насаф”да тўп сурганини мухлислар унутмаган бўлсалар керак. Шундан кейин бир қатор клублар шарафини ҳимоя қилган собиқ ҳужумчи ҳозир Фарғона вилояти футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти сифатида ишламоқда

Илҳом Шомуродов

Элдор Шомуродовнинг амакиси – Илҳом Шомуродов ОФК Кубогида асосий ўйинчилардан бирига айланганди. Ғолиблик қўлга киритилгач, ярим мавсум “Бунёдкор”да ўйнади. Аммо у ерда бирорта гол ура олмай “Насаф”га қайтиб келган. Афсуски, жароҳат туфайли футболни тугатишга мажбур бўлди. Натижада футболдан бутунлай узоқлашди ва ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланиб келяпти.

96923984

Зафар Полвонов

Илҳом Шомуродовдан бир ёш кичик бўлган Полвонов 36 ёшда бўлса ҳам майдонда тўп суряпти. У бир неча йилдан бери АГМК учун ўйнаб келмоқда. Ўша йилги мавсумдан кейин “Насаф”дан “Динамо”га кўчиб ўтганди.

Шуҳрат Мирхолдиршаев

“Андижон” клубидан “Насаф”га ўтган наманганлик ҳужумчи қаршиликлар сафида ҳам ўзини кўрсатишга ҳаракат қилган. Бир неча йил олдин футболни тугатди. Орада мураббийлик ҳам қилганди, энди бўлса, Наманган футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!