Кимдадир мотивация бор, яна кимдир омад ҳақида ҳам ўйлаши керак ёхуд Суперлигада энди оддий ўйинлар йўқ

Суперлига якун топишига яна иккита тур қолди. Олдимизда турган ўша иккита тур ҳаммасини узил-кесил ҳал қилиб беради.

Айниқса, иккинчи ва учинчи ўрин эгалари ҳали номаълум ва бу борадаги курашни тасаввур қилаётгандирсиз. Худди шунингдек, лигада қолиш учун кураш ҳам ўта кескин ва муросасиз кечяпти.

Турнинг марказий ўйини сифатида “Сўғдиёна” ва “Насаф” ўртасида ўтадиган учрашувни айтиш мумкин. Медаллар учун курашаётган клублар иштирокидаги баҳсни кўпчилик кузатса керак.

Бу турда Андижонда водий дербиси ҳам бўлиб ўтади. “Навбаҳор”га қарши баҳс андижонликлар учун ўта муҳим. Ғалабадан бошқа ҳеч нима мезбонларни қониқтирмаслиги кундек равшан.

Шанба ва якшанба кунлари бўлиб ўтадиган беллашувлар борасида ЎФА терма жамоалар бўлими бошлиғи Усмон Тошев ўз қарашларини айтиб ўтди.

20 ноябрь (шанба)

“Қўқон-1912” – АГМК

- Биласизми, АГМК жамоаси ҳозир иккинчи ўринга ҳаракат қиляпти. “Қўқон-1912”нинг мақсадига келсак, улар ўз майдонида ўйнайди. Барибир бу принципиал ўйин бўлади. Қолаверса, ўз уйидаги охирги учрашув. Шунинг учун ўйлайманки, майдонда қаттиқ жанг кечади. Лекин нимагадир АГМК ғалаба қозонади, деб ўйлаяпман. Яъни, меҳмонларнинг имконияти кўпроқ. Чунки АГМК клубида мотивация бор-да. “Қўқон-1912” жамоаси 8-ўринда, улар ўта юқорига чиқиб кета олмайди. Олмалиқликларга эса фақат ғалаба керак. Мана шу жиҳат АГМКга ёрдам бериши мумкин. Аммо қўқонликлар ғалабани оддийгина топшириб қўймайди. Ахир улар ўз майдонида ўйнайди. Жиддий қаршилик кўрсатади. Имкониятлар 40х60.

а агмк

“Локомотив” – “Пахтакор”

- Ўйлашимча, “Пахтакор”да ғалаба учун имконият кўпроқ. Агар фоиз бўйича айтадиган бўлсам, 45х55 деган бўлардим. Тўғри, “Пахтакор” чемпионликни қўлга киритиб бўлган, шунга қарамай, уларда имконият бор. “Локомотив”га нима учун қийин? Улар ҳам ўйнайди, ҳаракат қилади. Барибир кичик устунлик “Пахтакор” тарафида.

а локо

“Сўғдиёна” – “Насаф”

- Ооо, мана бу ўйин қизиқ бўлади. Майдонда қаттиқ кураш кечади. Яқинда ушбу жамоалар Жиззахда ўйнадилар ва унда “Сўғдиёна” ютқазди. Эшитишимча, бу учрашув томошабинларсиз ўтаркан-а? Рости, нима дейишни ҳам билмайман. Бу ерда ҳам иккинчи ўрин учун иккита жамоа курашяпти. Шубҳасиз, Жиззахда қаттиқ ўйин бўлади. Назаримда, клубларнинг имкониятлари тенг – 50х50. Чунки кураш жуда қаттиқ бўлади. Чиндан ҳам стадионда мухлислар бўлмаса, у ҳолда “Насаф”га осонроқ бўлади, босим бўлмайди. Жиззахликлар ўз уйида мезбон, ютишга мажбур, ўтган сафар мағлубиятга учраганлар. Албатта, ушбу жуфтликда ғолиб номини битта гол ҳал қилади, деб ўйлайман.

а насаф

“Бунёдкор” – “Сурхон”

- Ўйлайманки, жамоаларнинг имконияти борасида 60х40 “Бунёдкор” фойдасига. Чунки бу жамоа ўз майдонида ўйнаяпти. Ростини айтсам, мен “Сурхон”ни ва унинг ўйинчиларини яхши билмайман. “Бунёдкор”ни эса яхшироқ биламан. Назаримда, майдон эгалари ғалаба қозонади. Уларда тажриба бор, бунинг устига ўз уйида ўйнайди.

а буник

21 ноябрь (якшанба)

“Андижон” – “Навбаҳор”

- Бу ерда ҳам қаттиқ ўйин бўлади. “Андижон” Суперлигада қолмоқчи. “Навбаҳор” эса менимча ўрта поғоналарда қолди. Бу жуфтликка ҳам минимум дуранг бераман. Чунки “Андижон”нинг охирги ўйинларини кузатяпман ва эшитяпманки, Виктор Кумиков яхши мураббий. У қаттиққўл ва ўз ишини яхши билади. Жамоа ўйини яхши чиқяпти. Фақат айрим пайтларда омад юз ўгиряпти. Аммо назаримда, водий дербисида улар омад ҳақида ҳам ўйлайдилар. “Андижон” камида дуранг ўйнайди.

андижон4444_5

“Машъал” – “Қизилқум”

- Менинг ўйлашимча, бу учрашувда “Машъал” ғалаба қозонади. Сабаби шуки, мезбонлар ҳам лигада қолиш учун курашяпти. Лекин “Қизилқум” ҳам қараб турмайди. Улар ҳам ғалаба учун курашади. Бу жамоада маҳоратли футболчилар тўп суришади. “Машъал” эса ўз уйида яхши ўйнайди ва иқтидорли ёшлари бор. Жамоанинг ўз характери ва йўналиши мавжуд.

а кизилкум

“Металлург” – “Турон”

- “Турон”да назарий жиҳатдан лигада қолиш учун имконият бор. “Металлург” учун бу охирги имконият. Шунинг учун Бекобод жамоаси ўз майдонидаги бу имкониятни қўлдан чиқармаса керак. Аммо “Турон” ҳам ҳаракат қилиши аниқ. Менимча, бу турда оддий ўйинлар йўқ, ҳаммаси қизиқарли бўлади. Масалан, бир жамоа вазифасини ҳал қилиб қўйган бўлса, иккинчисига албатта ғалаба зарур. Иккинчи ўрин учун учта, Суперлигада қолиш учун эса тўртта жамоа курашяпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!