Конференциялар лигаси: Шомуродов эртага ЦСКАга қарши асосий таркибда тушадими?

Шу кунларда “кўҳна қитъа” жамоалари УЕФА шафеълигида ўтказилаётган уч турнир – Чемпионлар лигаси, Европа Лигаси ва Конференциялар лигасида ғолиблик учун курашмоқда.

Элдор Шомуродов ўйнаётган “Рома” Конференциялар лигаси гуруҳ босқичидаги баҳсларга киришади. Легионеримиз аввалроқ, журналистларга берган интервьюсида жамоанинг жорий мавсумдаги вазифаси Чемпионлар лигасига йўлланма олиш ва Конференциялар лигасида бош совринни қўлга киритиш эканини таъкидлаганди.

Ўтган мавсумда А Серияда еттинчи ўринни эгаллагани учун ушбу турнирда қатнашаётган “Рома” плей-оффнинг охирги раундида Туркиянинг “Трабзонспор” жамоаси билан куч синашиб, икки учрашувда ҳам зафар қучди – 2:1, 3:0. Биз учун аҳамиятлиси, Элдор Шомуродов дебют ўйинида турклар дарвозасига ғалаба тўпини киритиб, жавоб ўйинида голлардан бирига катта ҳисса қўшди.

3205633-65667928-2560-1440

Айни пайтда ўзбекистонлик мухлисларнинг кўпчилигини Элдор Шомуродовнинг “Рома”даги ҳолати қизиқтирмоқда. Шомуродов Рим клубига қўшилиши билан асосий таркибга лойиқ ўйин кўрсата бошлади. Бироқ Римга қиммат трансферли футболчи Тэмми Абрахамнинг келгани ҳамюртимизнинг имкониятларини чегаралаб қўйгани бор гап.

Жозе Моуриньо асосан бир ҳужумчи билан ўйнамоқда ва бу тактикада майдонга “Челси” вакили туширилиши кафолатланган. Элдор ўзига берилган 10-20 дақиқа ичида ҳам жамоага фойда келтиришга улгурмоқда. Хусусан, А Сериянинг учинчи турида Шомуродов “Сассуоло”га қарши 74-дақиқада ўйинга туширилган бўлса-да, ғалаба голига ассистентлик қилди ва Моуриньонинг юбилей – 1000-учрашувида тарихий ғалабага катта ҳисса қўшди.

Кўпчилик мутахассислар Моуриньо Конференциялар лигаси ва Италия кубоги доирасидаги учрашувларда Тэмми Абрахам ўрнига Элдор Шомуродовга кўпроқ имконият берилишини кутяпти. Ҳар ҳолда, футболда шундай тажриба кўп қўлланилади.

Конференциялар лигасининг “С” гуруҳидан жой олган “Рома” 16 сентябрга белгиланган дастлабки турда ўз майдонида Болгариянинг ЦСКА жамоасини қабул қилади. Бу икки жамоа ўз гуруҳидан кейинги босқичга чиқиш учун асосий даъвогарлардан ҳисобланади.

Учрашув олдидан римликларнинг имконияти юқори баҳоланяпти. Чунки “Рома” мавсумни юқори даражада бошлади ва кетма-кет бешта расмий учрашувда ғолиб чиқди. Рақиблар дарвозасига жами 14 та тўп киритди ва учта беллашувда биттадан гол ўтказиб юборди.

Стойко Младенов бош мураббийлик қилаётган ЦСКА клуби мусобақанинг гуруҳ босқичига анча қийналиб чиқди. Софияликларнинг Латвиянинг “Лиепая” жамоасига қарши икки баҳсида ҳисоб очилмади ва ЦСКА пенальтилар сериясидан муваффақиятли ўтди. Кейинги босқичларда болгарияликлар “Осиек” (Хорватия) ва “Виктория” (Чехия) жамоаларини қийинчилик билан бўлса-да, ортда қолдириб, гуруҳ босқичига етиб келди.

Миллий чемпионатда ЦСКА ҳозирча тўртта учрашув ўтказиб, учта ғалаба ва битта дуранг қайд этган.

“Рома” ва ЦСКА халқаро майдонда бир бора ўзаро тўқнаш келган. Устунлик софиялик “армиячилар” томонида. 2020 йили Европа Лигаси гуруҳ босқичида болгарияликлар ўз майдонида римликларни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган. “Олимпико” аренасидаги учрашувда эса ҳисоб очилмаган.

74bba1a97979007a136731bffaa9fc2c4bfcc452

Конференциялар лигасининг “С” гуруҳида бу икки жамоадан ташқари Украининг “Заря” ва Норвегиянинг “Буде-Глимт” клублари ҳам ўрин олган.

Яхшибоевни УЕФА Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида дебют кутмоқда! У турнирнинг энг заиф жамоасини “Шахтёр”, “Реал” ва “Интер”дан қутқара оладими?

Марко Матерацци: Шомуродовнинг ўйинини аввал ҳам кўрганман ва у зўр футболчи бўлишга қодир!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!