Бир қарашда “Андижон” жамоасининг Суперлигада қолиш имконияти яхшироқдек кўринганди. Кўрсатаётган ўйин, етакчилардан тортиб олинаётган очколар сабаб бизни мана шундай фикр юритишимизга мажбур этганди. Лекин якунда нима бўлди?

Ҳаммаси жамоанинг ўз қўлида бўлиб турган бир пайтда вазиятни ўзи учун ижобий томонга ўзгартира олмади. Оқибатда “Андижон” Суперлигага “сиғмай” қолди.

Бош мураббий Виктор Кумиков ўртамиёна таркибдан ҳартугул рақобат кўрсата оладиган жамоани шакллантирганини ҳам кўрдик. Аммо бу ҳам барибир етарли бўлмади. Шу боис Sports.uz мухбири “Андижон”нинг Суперлигани тарк этиши юзасидан Виктор Кумиковга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.  

- Виктор Балютович, ҳар бир мураббий учун жамоасини қуйи лигага тушиб кетишини кўриш оғир. Ҳозир қалбингиздан нималар ўтяпти?

- Ҳа, албатта шундай ҳолатни ёқимли, деб айтишга тил айланмайди. Аммо, эҳтимол “Андижон” ФК учун кучлилар сафини тарк этиш ва маълум вақтдан сўнг, жиддий жамоа сифатида қайтиш энг маъқул вариант бўларди. Юқори ўринлар учун клуб курашишга тайёрми? Ҳа, бунга тайёрмиз, деб ҳисоблайман. Шундай ҳам бўлади. Энг маъқули, ортга қадам ташлаб, кучлироқ бўлиб қайтиш учун ҳозирлик кўришдан иборат. Мен буни ҳар йили ўрганишдан кўра, яхшироқ вариант, деб ҳисоблайман.

кумиков_10

- Мавсум охирларида барибир Суперлигадан ҳеч ким тушиб кетмас экан, деган гап-сўзлар футболчиларни чалғитиб қўймадими?

- Албатта, бу масала юзасидан суҳбатлар бўлиб ўтди ва ҳамма қилинажак ишлар борасида якуний хулоса чиқарди. Аммо биз қилган меҳнатларимиз билан юқори лигада ўйнашга тайёр эканлигимизни намойиш эта олдик. Буни хаёлимизнинг бир чеккасида сақлаб қолган ҳолда амалга оширишга интилдик, бахтга қарши уринишлар зое кетди.

кумиков4_2

- Мураббийлик фаолиятингизда илк бор қўл остингиздаги клуб қуйи лигага тушиб кетди. Бунда ўзингизни қанчалик айбдор ҳис қиляпсиз?

- Жамоанинг элитадан тушиб кетмаслигига тайёр ҳолда бунга амал қилиб, сўнгги паллагача умид учқунини сўндирмаслик пайида бўлдик. Иложсиз ҳолатда бунга ҳаракат қилиш бутундай бошқа масала. Мен қўлимдан келганича клубни олиб қолишга ҳаракат қилсам-да, барча уринишларимиз пучга чиқди. Бундай бўлиши учун ким ёки кимлар айбдор?.. Менимча, чемпионат давомида иштирок этганларнинг ҳаммаси бирдек масъулдир.

- Про лигада ишлаб жамоани Суперлигага қайтаришга тайёрмисиз?

- Мен – буюк мураббий эмасман! Агар клубда қолиб, ишлашда давом этишимни сўрашса, бунга тайёрман. Мураббий учун ҳар қандай ҳолатда ишлаш, тажрибасини ошириб бориш ўзини-ўзи чеклаб қўйишдан кўра, афзалроқ.

кумиков2_6

- Аслида режангиз қандай эди? Яъни, клуб билан қандай келишув бўлган?

- Юқоридаги клублардан очколар борасида анча ортда қолиб кетганимиз жаҳлимизни чиқарди, шунинг баробарида охиригача курашдик. Бахтга қарши бу етарли бўлмади. Юзага келган мураккаб вазиятдан чиқиб кетишга интилдик, афсуски...Жамоа ичида нима қилиб бўлса ҳам жон сақлаб қолиш борасида бир тўхтамга келишга ҳаракат қилдик. Буни айтиб ўтишим жоиз. Ҳаммасини ҳал қилиш учун эса бизга вақт етишмади. Чунки чемпионат тугашига жуда қисқа фурсат қолган эди. Орада вазият чорасиздек кўринмади, лекин барибир ҳаммасини бой бериб қўйган эканмиз. Ҳаммаси узил-кесил ҳал бўлганини жуда кеч тушуниб етдик. Бунда легионерларнинг ҳеч қандай айби йўқ. Улар жамоада салкам бир йилдан бери ўйнаб келишяпти.

кумиков1_4

- “Андижон”нинг “Пахтакор”ни ютгани қаерга кетди? Чунки ўша ғалабадан кейин кўпчилик жамоа қолса керак, деб ўйлашганди...

- 3-4 ҳафталик ишдан кейин жамоа ўйинида ўзгариш юзага келганди. Шунинг баробарида ҳар бир ўйиннинг 70-75 фоизида майдонда устунлик қилдик. Агар учрашув шунча вақт давом этиб тугаганида ҳаммаси бу қадар ачинарли бўлмасди. Шунда деярли ҳар бир ўйинни ғалаба билан тамомлардик. Лекин биз ўйиннинг 100 фоизига тайёр эмасдик. Шунинг учун ҳам сўнгги паллада кучимиз, иродамиз етишмай қолди. Қўшимчасига муайян ўйинларда жамоанинг руҳий ҳолати оптимал даражада эмасди. “Пахтакор”га қарши кечган баҳсда ўз кучимизга бўлган ишонч юқори эди. Аммо қолган беллашувларда негадир бундай ҳолатга қайта олмадик.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар
×