Маълумки, “Сурхон” клуби 3 октябрь куни ўз майдонида “Навбаҳор”ни қабул қилиб 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва шу тариқа, ҳисобига ўта қимматли очколарни ёздириб қўйди.

Ҳужумчи Мурод Бобожоновнинг ягона голи термизликларга Суперлигада қолиш йўлидаги курашда ўта муҳим ғалабани тақдим этди. Ушбу футболчи Sports.uz учун таассуротларини қуйидагича билдирди.

“Сурхон” “Навбаҳор”ни ниманинг эвазига енгди?

- “Навбаҳор”га қарши ўйиндан олдин ҳаммасини билиб тургандик. Айниқса, яна ютқазиб қўйсак, бизга анча қийин бўлиб қоларди. Барчасини яхши тушунган ҳолда, шунга яраша жиддий тайёргарлик кўрдик. Футболчиларимизнинг ғалабага бўлган иштиёқи ҳам баланд бўлди. Ўйин жанговар тарзда кечди. Ҳар иккала жамоа ҳам майдонда бор кучини сарфлади. “Сурхон”да ҳам, “Навбаҳор”да ҳам вазиятлар бўлди. Лекин биз тўп билан кўпроқ муомала қилдик. Омадимиз келди ва яратган имкониятни голга айлантира олдик. “Навбаҳор” кучли жамоа, таркиби ҳам яхши йиғилган. Лекин бу нарса бизни тўхтата олмасди. Чунки жамоамизга фақат ғалаба керак эди. Йигитларимизнинг иштиёқи ниҳоятда баланд эди. Асосий таркибдаги йигитлар ва захирадан тушганлар ҳам бор кучини бериб ўйнади. Жамоамизнинг иштиёқини ҳеч нима тўхтата олмасди, “Навбаҳор” ҳам.

бобожонов4

Бобожонов ўйин тақдирини ҳал қилувчи голга муаллифлик қилишини билармиди?

- Менинг голим ягона бўлишини ўйламагандим. Лекин гол уриш учун жуда ҳаракат қилдим. Хоҳишим жуда юқори эди. Аммо учрашувдан олдин ягона голни уришимни ёки бошқасини ўйламагандим. Шунчаки, майдонга тушганимда рақиб дарвозасини ишғол этишга интилдим. Ахир ҳужумчининг вазифаси гол уриш-ку.

бобожонов3

Унинг голлари нега кам?

- Голларимнинг камлигига сабабми? Билмадим. Ҳозирча иккита гол урдим. Аммо ҳар ўйинда менда имконият бўлади. Асосий таркибда тушаманми ёки захираданми, албатта вазиятларга эга бўламан. Бу йил “Сурхон”га ўзи нимадир етишмаяпти-да. Иштиёқ доим кучли бўлади-ю, бироқ вазият ўхшамай қолади. Лекин гол ура олмасам, тушкунликка тушиб қолмайман, ҳаммаси Худодан. Ҳа, менда 100 фоизли имкониятлар ҳам бўлди. Улар ҳам дарвозага кирмади. “Турон” билан ўйнагандик. Ўшанда 7 метрдан тепдим. Тўп дарвозабондан ўтди, аммо ҳимоячи қутқариб қолди. Худога шукрки, “Навбаҳор”га қарши баҳсда гол ура олдим. Қолган олтита учрашувда ҳам гол уришга ҳаракат қиламан. Бошида ура олмаган голларим балки охирларига қолгандир.

бобожонов2

“Сурхон”нинг ғалабаси сенсациями?

- “Сурхон”нинг “Навбаҳор”ни ютмаганига 18 йил бўлибди. Шунинг учун бу ғалаба сенсация, деб ўйлайман. Ўзимизга ҳам яхши бўлди ва турнир жадвалида бир поғона юқориладик. Биз учун олтинга тенг очколар эди. 18 йиллик ғалабасиз серияни тўхтатдик.

бобожонов

Суперлигада қолиш имкониятлари қандай?

- Чемпионат қизғин паллага кирди. “Турон”га ҳам, “Андижон”га ҳам ва бизга ҳам ғалабалар сув ва ҳаводек зарур. Олдимизда “Металлург” билан “Машъал” бор. Юқори ўринларга чиқиб олиш учун имкониятимиз сақланиб турибди. Ҳар бир очко учун жиддий кураш бўлади. Турнир жадвалига қарасак, унинг тепасида ҳам, пастки қисмида ҳам жуда жанговар ўйинлар кутяпти. Жамоалар бир-бирига яқин. Биз рақиб ким бўлишидан қатъи назар, ўз ўйинимизни юқори даражада ўтказишга ҳаракат қиламиз.

бобожонов6

“Турон” билан баҳс олдидан

- ФИФА кунлари муносабати билан бироз дам берилган. Эртадан машғулотларга киришамиз. “Турон”га қарши учрашувга жиддий тайёрланамиз. “Навбаҳор” устидан қозонилган ғалаба ҳам бизга катта иштиёқ берди. Биз навбатдаги учрашувга янада кучлироқ бўлиб борамиз. Шундай экан, “Турон” билан учрашувга фақат ғалаба учун йўл оламиз.

бобожонов5

Жамоа аъзоларининг дисквалификацияси футболчиларга таъсир қиляптими?

- Мана, “Навбаҳор”га қарши ўйинни кўрдингиз-ку, жамоамизга ҳеч қандай таъсири йўқ. Ўйинимизга ҳеч нима таъсир қилмайди. Қолгани раҳбариятнинг иши, биз бунга аралашмаймиз. Жамоамизда муҳит яхши.   

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)