Одил Аҳмедов:

"Спорт ТВ" каналида меҳмон бўлган Одил Аҳмедов мухлисларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берди. Терма жамоамиз собиқ сардори айни дамдаги футболимизнинг аҳволи, имкониятлари ва келажаги борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

"Одил Жуниор" келажакда клубга айланиши мумкинми?

- Биз U18 жамоамиз келаси йили Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиши учун шароит яратмоқчимиз. Бир ёки икки йилдан сўнг биринчи лигада иштирок этадиган жамоани тузишни ният қилганмиз. Буёғини вақт кўрсатади. Балки, "Одил Жуниор" Суперлигада тўп сурар. Биринчи навбатда, жамоамиз пойдеворини мустаҳкам қилиб олишимиз керак. Ўзимизнинг болаларни тарбиялаб, турли ёшдаги терма жамоалар учун тайёрлаб беришимиз керак. Мана яқинда U14 жамоамиз Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Бизда иқтидорли болалар бор. Афсуски, муаммолар ҳам йўқ эмас. Айрим футболчиларнинг ўйини чиқиб қолса, дарров ота-онаси олиб кетади. Улар мураббий ва клуб раҳбарларига таъсир кўрсатишга ҳам ҳаракат қилади.

Сиз терма жамоага нима бера олдингиз, терма жамоа сизга нима бера олди?

- МТЖ менга жуда кўп нарса берди. У сабабли легионерга айландим. Кўплаб яхши инсонлар билан танишдим. Менда фақат ижобий хотиралар қолган. Мен терма жамоага нима бердим? Билмадим, лекин шуни айтишим мумкин, ҳеч қачон тўп учун курашда оёғимни тортиб олмаганман. Ҳар доим чин юракдан ўйнаганман. Терма жамоани манфаатини биринчи ўринга қўйганман ва шу сабабли, бугунги даражага кўтарилганман, деб ҳисоблайман.

Жаҳон чемпионати армон бўлиб қолди. Балки, шу армонни йўқ қилиш учун ҳам келажакда мураббий бўларсиз?

- Йўқ, мураббийлик қилиш ниятим йўқ. Ҳақиқатан ҳам, барча футболчининг орзуси бўлади. Энг катта орзум ЖЧда иштирок этиш эди. Буни тил билан тушунтириб бериш мушкул. Шунақа ҳиссиёт бўлган-ки, 2-3 кун давомида ҳаёлингизни бир жойга йиғишнинг имкони бўлмайди. Афсуски, 2018 йилда Жанубий Кореяни енга олмадик. Учрашувни 10-дақиқасида таблога қарадим. Орадан бир дақиқа ўтгандек туюлди, аммо биринчи бўлим якунланган экан. Ўша учрашувда вақт учиб кетгандек туюлди.

Сиз Абрамов, Купер, Бабаян ва Қосимов билан ишладингиз. Айтингчи, терма жамоада қайси бир мутахассис ёрқинроқ жамоа туза олди?

- Ҳар бири ўз ўрнига, ўйин стратегиясига эга мураббийлар. Уларни алоҳида қайд этиш мушкул. Шунга қарамай, 2011 йилдаги таркиб энг кучлиси эди. Ўша пайтда МТЖ учун даъвогар футболчилар ҳам жуда кўп эди.

Катанец қўл остидаги ўйинларимизни томоша қиляпсиз. Бу танлов тўғри бўлди, деб ҳисоблайсизми?

- Мураббий қўли футболда жуда муҳим, аммо шунга яраша футболчилар ҳам бўлиши шарт. Ана шунда натижа талаб қилишингиз мумкин. Катанец бошчилигидаги Швеция билан баҳсни кўрдим. Ўзи янги бош мураббий қўл остида биринчи учрашув енгилроқ кечади. Кейин, мутахассисдан зерикиш бўлади. Футболчилар орасида бу нормал ҳолат. Натижада, жамоанинг ўйин даражаси тушиб кетади. Агар Катанецга имкон берилса, натижага эришиш мумкин.

Ҳозир чемпионатимиздан легионер сифатида бошқа чемпионатга йўл олаётганларнинг аксарияти араб клубларига бормоқда. Бу нима билан боғлиқ?

- Биласизми, футболда пул катта роль ўйнайди. Араб жамоалари молиявий бақувват бўлгани боис, бундай вазиятларда ютиб кетяпти. Машариповни оладиган бўлсак, Саудия Арабистони чемпионати Осиёда энг кучлиларидан биттаси. Маҳаллий клубда тўп суришдан кўра, легионер сифатида ҳаракат қилиш анча мушкул. Бошқа давлат, бошқа жамоадошлар, янги муҳит ва бошқа омиллар бор имкониятингизни намойиш этишга имкон бермайди. Шу боис, бизнинг футболчилар кучли клубларда ўйнаб кетишидан, омадсизликка учраши кўпроқ кузатилмоқда.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)