ЎФАда аёллар футболига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда қандай масалалар кўрилди?

Кун тартибига кўра, йиғилиш аввалида тадбир иштирокчиларига қўмитанинг янги раиси, унинг ўринбосарлари ва таркиби таништирилди. Шундан кейин 2021 йилда аёллар футболида амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди. Хотин-қизларимиз ўртасида футболни оммавийлигини ошириш, ушбу спорт тури билан шуғулланаётган қизларга замонавий имкониятлар асосида шароитлар яратиб бериш, уларни турли тоифалардаги халқаро мусобақаларга тайёрлаш борасида суҳбатлашилди.

аёллар1

Йиғилишда барча жамоаларнинг олдига аниқ мақсадлар қўйилди. Хусусан, Парижда ўтказиладиган 2024 йилги Олимпиада ўйинларига чиқиш ва кейинги жаҳон чемпионатларида қатнашиш, барча ёш тоифасидаги жамоаларнинг нуфузли халқаро турнирларда иштирок этишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, U15, U17, U20 аёллар терма жамоасини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

аёллар2

Шунингдек, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов аёллар футболини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш борасида қўмита аъзолари ва йиғилганлар билан фикр алмашди. Ушбу йўналишга малакали мутахассислар, шифокорлар ва спорт психологларини жалб қилиш орқали олдинда турган ОФК ва ФИФА мусобақаларига янгича руҳда тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлади.

Кейинги йилдан бошлаб клублар олдига аёллар футболи учун қанча маблағ ажратилишини тақдим этиш вазифаси юклатилиши маълум қилинди. Футболчилик фаолиятини якунлаган аёлларга ЎФА қошидаги футбол мутахассисларини тайёрлаш марказининг 7 та йўналишларидан бирида ўқиш имкони тақдим этилади. Бундан ташқари, бир қатор мутахассисларни ЎФА ҳисобидан про лицензиясига ўқитиш таклифи илгари сурилди.

аёллар3

Ўз ўрнида мураббийлар сўз олиб, соҳадаги ечимини кутиб турган масалаларни муҳокама қилдилар. Тадбирда иштирок этган терма жамоа вакилалари бугунги кунда футболчилар учун яратиб берилаётган шароитлар аввалгидан катта фарқ қилаётгани, бу айниқса, ўқув йиғини пайти сезилганини таъкидладилар. Жамоа сардори Саида Галимова бунинг учун барча футболчилар номидан ЎФАга ўз миннатдорчилигини билдирди.

ЎФА матбуот хизмати.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар