Ўзбек нокаутчиси АҚШ ва Колумбия боксчиларини кетма-кет тиз чўктирмоқда!

Отабек Холматов АҚШнинг “Warriors Boxing Promotions LLC” промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаганидан кейин жорий йилнинг август ойидан  профессионал боксчилик фаолиятини бошлаган эди.

Истеъдодли боксчимизга АҚШ фуқароси ҳисобланган Святослав Мангушев промоутерлик қилмоқда. Умаман олганда, бу мутахассис асосан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудидаги мамлакатлардан етишиб чиққан иқтидорли чарм қўлқоп усталарини жамлаб, кучли жамоа ташкил қилган. Унинг қўл остидаги боксчиларнинг аксарияти мағлубиятсиз одимини давом эттираётган аҳамиятли.

Таркибда россиялик Артём Брусов (9 (8 та нокаут)-0-0), Павел Фёдоров (2-0-0), Андраник Григорян (14(3 та нокаут) -0-0), Андрей Мангушев (5(4 та нокаут)-0-0), Вадим Мусаев (4-0-0), грузиялик Отар Эраносян (10(6 та нокаут)-0-0),  украиналик Виталий Копиленко (28(13 та нокаут)-3-0), тожикистонлик Меҳрубон Сангинов (12(9 та нокаут)-0-1) каби боксчилар бор.

Шунингдек, Святослав Мангушев Отабек Холматовдан ташқари ўзбек бокс мактаби тарбияланувчиларидан Козимбек Мардонов ва Фазлиддин Мелибоев билан ҳамкорлик қилади. Ҳаваскорлар мусобақаларида катта тажриба тўплаган бу икки боксчимиздан Козимбек профессионал рингда иккита ғалаба ва битта мағлубият қайд этди. Фазлиддин Мелибоев эса профессонал дебютини кутмоқда.

178247_original

Кучли зарбаси ва кетма-кет нокаутлари билан уммонортидаги мухлису мутахассислар эътибори ва эътирофини қозона бошлаган Отабек Холматов ҳам ҳаваскорлар ўртасида яхши натижалар қайд этган. У ўз вазн тоифасида ўзбекистонлик кучли боксчилардан жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов, Абдулҳай Шораҳматов, Мужибулло Турсунов, япониялик Хайато Цуцуми, Доминикан Республикаси вакили Луис Рейналдо Нуньес, филиппинлик Карло Паалам,франциялик Билол Беннама,  россиялик Жамол Бадруддинов билан куч синашиб, уларнинг аксариятини мағлубиятга учратган.

Ҳаваскор бокс мактабида орттирилган тажриба, чарҳланган маҳорат Отабек Холматовга профессионал фаолиятида ҳам катта ёрдам беряпти. Отабек куни кеча олтинчи маротаба рингга кўтарилиб, кетма-кет олтинчи ғалабасини нишонлади.

Ҳамюртимиз Колумбиянинг Сантьяго де Толу шаҳридаги “Coliseo Luis Patron Rosano” аренасида ташкил этилган профессионал бокс кечасида мезбонлар вакили Педро Рамирес билан рақобатлашди.

Олти раундга мўлжалланган рейтинг жанги охиригача давом этмади. Учинчи раунд якунланиши арафасида колумбиялик боксчи Отабекнинг кучли зарбасини ўтказиб юборди ва рингга қулади. Соф нокаут. Холматов олтита жангдан бештасида рақибларини соф нокаутга йўллаган ва битта баҳсда техник нокаут қайд этган.

Эслатиб ўтиш жоизки,  ҳамюртимиз асосан АҚШ ва Колумбиядаги профессионал бокс кечаларида иштирок этмоқда ва мезбон боксчиларни тиз чўктириб келмоқда.

Хусусан, профессионал бокс маркази бўлган Америкада тажрибали Хуан Габриэль Медина, Марсело Уильямс,Карлос Овадо ўзбек боксчисининг кучли зарбасидан қулаган бўлса, Колумбиядаги беллашувларда Педро Рамиресдан ташқари Пабло Гомес ва Роберто Лопес  ҳам ўз мухлислари кўз ўнгида юз тубан бўлган эди.

178243_original

Бу ғалабадан сўнг, Отабек Холматов ўз вазн тоифасида ўзбекистонлик боксчилар рейтингида иккинчи ўринга кўтарилиб олди. У икки йўналиш бўйича жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиевдан ортда қолмоқда.

Отабекдан кейинги ўринни тўртта жангда ғалаба қозонган Исломбек Пирманов эгаллаб турибди Бу боксчимиз бир неча кун муқаддам Россиядаги профессионал бокс турнирида 83-жангини ўтказган мезбонлар вакили Александр Салтиковни олти раундда таслим қилиб,  кетма-кет тўртинчи нокаутига эришди.

Уни тўхтатиб бўлмайди: Ўзбек боксчисидан Колумбияда супернокаут!

Америкада енгилмас боксчимиздан ўзбекча нокаут!

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бухорий Шариф
08/11/2021 23:33
Маладец йигитлар олға босинглар.

Минбар

Барча блоглар