Ўзбекистон (U 14) чемпионати финалида:

Очиғи, ўйинларга превью ёзишни у қадар хуш кўрмайман, лекин бугун жазм этдим. Бунга етарлича сабаб бор. Бир неча соатдан сўнг, 14 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг финал ўйини бошланади. Ушбу баҳс олдидан, ўз фикрларим билан ўртоқлашгим келди. Ҳар ҳолда, футболимизнинг эртанги эгалари ҳақида сўз бормоқда...

"Хоразм" - "Атлетико Мадрид"

vlp43lvp3lv3

Ўхшатиш бироз муболағадек кўриниш мумкин, аммо "матрасчилар" билан бугунги "Хоразм"нинг ўхшаш томонлари етарлича. Жамоа бош мураббийи - Аброр Қиличевга жамоасини "Атлетико"га ўхшашини айтганимда, у кулиб қўя қолди. Ваҳоланки, Диего Симеоне сингари, Қиличевнинг ҳам жамоасига руҳий далда бера олишига ўзим гувоҳ бўлдим. "Пахтакор" билан бўлган ярим финал учрашувида, Аброр деярли ўрнида ўтиргани йўқ. У ўйин сўнггига қадар кўрсатма беришдан тўхтамади. Пенальтилар сериясига келгач, йигитларини атрофига жамлаб, айтган сўзлари мени ҳам ҳаяжонга солди десам, ёлғон гапирмаган бўламан.

"Сизлар билан фахрланаман. Энди нима бўлиши муҳим эмас, шунчаки чиқинг ва кучли зарба йўлланг. Бошқаси муҳим эмас. Асосийси, "Пахтакор" биздан кучли эмаслигини исботлаб бўлдингиз. "

34kg3o4kg3

Тинимсиз, уларни олдинга чорлаётган, жойи келганда кескин койиб бераётган мураббийидан бундай илиқ сўзларни эшитган хоразмлик ёш футболчилар лотереяда ғолиб чиқиб, финалга йўл олди. Барча ғалабани нишонлаётган бир пайтда, Аброр Қиличев кўринмай қолди. Эътибор бериб қарасам, 70 дақиқа шогирдларини аямаган мутахассис кўз ёшларини беркитиш учун стадион четига қараб чайқалганча кетмоқда. Тўғриси, бу кадрлар хотирамда абадий қолади. Кўп ўтмай, ҳиссиётларини жиловлаб олган мураббий ортга қайтди ва барчани шогирдларини бағрига босди. Қаттиққўл устозининг кўз ёшини кўрган бошқа болалар ҳам йиғлаб юборди.

p3kl4gp34kg43

Майли, таъсирли воқеа ўз йўлига. Нега айнан "Атлетико" Мадрид? Бундай ўхшатишга етарлича асос мавжуд. "Хоразм" турнир давомида ўз дарвозасидан энг кам гол ўтказиб юборган жамоа. Мусобақа давомида бирорта клуб уларга 1 тадан ортиқ гол уришни уддалай олмади. Фаворит - "Пахтакор" 1 та голни ҳам ура олмади. Бунинг асосийси сабаби ҳимоячиларга боғлиқ. Аброр Қиличев, бошқа мураббийлар сингари 4-3-3 схемасидан умуман фойдаланмайди. Кучлироқ рақибларга қарши 5-2-3-1 схемаси тўлиқ иш берди. Гап биргина схемада эмас. "Хоразм" жамоасида етакчи футболчининг ўзи йўқ. Барча бир мақсад сари интилган. Жамоа комбинациялар уюштиришда, позицион ҳужумда, тезкор қарши ҳужумда оқсайди, аммо бунинг ўрнини кучли иштиёқ, ўз кучига бўлган ишонч ва метин ирода тўлдириб кетади. Айнан шу аспектлардаги устунлик бошқа камчиликларга парда тутишга қодир. Соддароқ қилиб айтсак, "Хоразм" очиқ футбол ўйнамайди ва рақибга ҳам бундай имкониятни тақдим этмайди. Майда фоуллар, кучли прессинг, яхши жисмоний тайёргарлик, олдиндан ишланган стандартлар, мураббий учун майдонда "жанг" қиладиган футболчилар. Айнан шу устунлик уларни финалга қадар етиб келишини таъминлади.

"Одил Жуниор" - "Манчестер Сити"

ko45kgo45kg45

Тан олиш лозим, бу ўхшатишим ҳам сизнинг бироз ғашингизни келтиргани рост, лекин шошманг! Аргументларимга қулоқ солинг! Бироз хаёлот оламига саёҳат қилиб кўрамиз.

Бутун турнирни кузатган мухлис сифатида айтишим мумкин-ки, ўйин сифати, ёш футболчиларининг интеллекти, комбинациялар давомийлиги, майдонни кўра олиш борасида "Одил Жуниор" ёшлари қолган рақибларидан анча илгарилаб кетган. Айниқса, "Пахтакор" билан гуруҳдаги баҳс сўзимга бемалол исбот бўла олади. Жамоа мураккаб аҳволда қолишига қарамай, "шерлар"ни 5:3 натижасида мағлубиятга учратиб, плей-офф йўлланмасига эга чиқди.

Бош мураббийи - Зайниддин Тожиев ҳақида ортиқча таъриф беришнинг ҳожати йўқ. Футболимиз афсоналаридан бири бугунги кунда мураббийлик соҳасида яхши ютуқларга эришмоқда. У тузган жамоа турнир давомида бошқалардан ажралиб тургани рост. Келинг, қайси аспектларда "Одил Жуниор" энг яхши жамоа эканлигини кўриб чиқамиз.

34lgp34lg3

Биринчи навбатда, шаклланган жамоавий ўйин. Чизиқлар ўртасидаги боғламлар, қанот вингерларининг ўйинга таъсири ва ёш футболчиларнинг майдонни аъло даражада кўра олиши менда жуда ҳам илиқ таассурот қолдирди. Одил Жуниор бутун турнир давомида тўпни ўзида энг кўп ушлаб турган жамоага айланди. Ҳатто, "Локомотив"га бой берилган ўйинда ҳам улар майдонда яхшироқ тўп суришгани кўзга ташланиб турди.

Плей-офф баҳсларида класс дарров кўзга ташланди. "Навбаҳор" ва "Нурафшон" билан баҳсларда Тожиев шогирдлари рақибдан 2 бош баланд эканлигини яққол сезилиб қолди. Эътиборлиси шундаки, "Одил Жуниор" танлаган услуб "Манчестер Сити"ники билан ўхшаш. Иккиси ҳам тўп назорати ва вингерларга суяниб ҳужум қилади. Боз устига, Тожиев бошқараётган жамоада тўлиқ иккита таркиб мавжуд. Заҳирадан майдонга тушган ёш футболчилар бир-биридан умуман фарқ қилмайди. Ўйлашимча, турнирдаги энг кучли захира ўриндиғига эга жамоа (худди "Манчестер Сити" сингари) сўзсиз "Одил Жуниор"! Мусобақа давомида танлаган ўйин услуби бобида ҳеч бир жамоа улар билан баҳслаша олмайди. Соддароқ қилиб айтсак, Ўзбекистон (U 14) чемпионатининг том маънодаги "Манчестер Сити"си!

P.S

Бундай сарлавҳа превью кўпроқ ўқилиши учун қўйилган, деб ўйламанг. Шунчаки, кўзида олов кўриниб турган болалар бунга лойиқ, деб ҳисобладим. Яна оз-моз фантазияни ҳам ишга солганимни тан оламан. Имконингиз бўлса, Тошкентдаги Чиғатой стадионига албатта ташриф буюринг. Ўзимизнинг "Атлетико" ва маҳаллий "Манчестер Сити" баҳсини ўтказиб юборманг.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

gk5po4ogk45

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)