“Рома”га сиғмаётган Шомуродов “Женоа”га етишмаяпти
Ўзбекистонлик футболчилар хорижга йўл олса, бундан хурсанд бўладимиз. Аммо четга кетганларнинг аксарияти 6 ойда қайтиб келмоқда. Фақатгина терма жамоа юлдузлари клубларида муқим жой эгаллаган. Бироқ…
Бироқ ҳозирги кунда терма жамоа етакчилари захирада қолиб кетмоқда. Элдор Шомуродов ва Жалолиддин Машарипов фикримизга мисолдир. Машарипов янги мураббий билан боғлиқ вазият туфайли асосий таркибга киритилмаяпти. Бу тез орада ҳал бўлиши мумкин…
Шомуродовда вазият шунга ўхшаш. Жозе Моуриньо уни майдонга деярли туширмай қўйди. Португалиялик мутахассис ҳужумда ҳаракат қилаётган футболчиларни ўзгартирмаяпти, ротация қилишни лозим топмаяпти. Авваллари таваккал қилишдан қўрқмаган мураббий ҳозир бундай жасорат кўрсата олмаяпти. Аксига олиб, унинг танловлари кўп ҳолларда нотўғри чиқяпти. Буни “Рома”нинг натижаларидан ҳам билиш мумкин.
“Бўрилар”нинг ҳужумида ҳаракат қилаётган Тэмми Абрахам ва Николо Дзаньоло А Серия 28 турида 15 та гол урган. Абрахам 13 бор рақиб дарвозасини ишғол этган. Деярли барча ўйинларда майдонга тушаётган Николо Дзаньоло 2 марта гол урган. Баъзида кўриниш бераётган Шомуродов ҳисобида ҳам шунча гол мавжуд. Бу ҳам Моуриньо ротация қилиши кераклигини англатади. Бироқ амалда ундай бўлмаяпти.
Тўғри, Дзаньолонинг фойдали иш коэффициенти яхшидир. Бироқ Элдорга имконият берилса, албатта, оқлайди. У меҳнатдан қочмайдиган, курашувчан футболчи. Мавсумга тайёргарликда ва стартда яхши ўйнаганди, голлар урганди. Аммо Абрахам келиши билан Моуриньо ўйлаб ўтирмай уни асосий таркибга киритди. Тэммининг энг катта ютуғи ҳамда мураббийнинг бундай қарорга келишида унинг Европадан эканлиги жумладан, АПЛда ўйнагани тарози палласини оғир босди.
Абрахам жароҳат олганда Шомуродов асосий таркибга киритилди. Ўша кезлари ҳамюртимиз ўзини кўрса олмагани унинг зарарига ишлади. Лекин бундай ҳолат бошқаларда ҳам кузатилади.
Элдор нега Абрахамнинг ўрнига майдонга тушмаяпти дейишдан йироқмиз. Фақатгина жаноб Моуриньо ротация қилмагани кишини ўйга солмоқда…
Ҳамюртимиз “Женоа”да тўп тепган кезлари айнан мавсумнинг иккинчи қисмида очилганди, кўзга кўрина бошлаганди. “Рома” эса у бу паллага келиб йўқ бўлиб бормоқда. Бу ташвишли.
Генуя клуби айни пайт Италия чемпионатида 19-ўринда бормоқда. Жамоа ҳужумчилари Маттиа Дестрода 9, Калеб Экубан битта гол урган. Самарадорлик анча паст ва шу боис жамоа А Серия билан хайшлашишга асосий номзод.
Ўтган мавсум “Женоа”да шундай ҳолат кузатилганди. Бироқ Элдор Шомуродов ва Жанлука Скамакка охирги турларда ўзини кўрсатиб, жамоага қимматли очколарни тақдим этган ва клуб лигада жон сақлаб қолган. Бу сафар уларнинг ўрни билинмоқда…
Жозе Моуриньонинг мураббийликдаги ғоялари эскирганга ўхшайди. Борган жойидан истеъфоларга чиқмоқда, жамоалар билан бирор натижага эришмаяпти. У аввалгидек қўрқмас, қайтмас “number one” эмас. Тактикалари ўтмаяпти. Ўзгаришга муҳтож…
Биз бу билан Шомуродов “Женоа”га қайтиши керак деган фикрдан йироқмиз. Фақатгина Моуриньо ўзгаришлар қилишга қўрқаётгани, бунинг оқибатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси ўйин амалиётидан қолаётгани ҳақида мулоҳаза юритдик холос. Бир сўз билан айтганда, Жозе Моуриньо жуда хунук қарияпти!
Фикрлар