Роналдунинг уйи "снос"га тушди!

Криштиану Роналду нафақат майдонда, балки унинг ташқарисида ҳам тез-тез ноқулай вазиятларга тушиб туради. SPORTS.uz футбол оламидаги энг таниқли футболчилардан бири дуч келган энг ноодатий муаммолар ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан таништириб ўтади.

Португалиядаги уйи бузилади!

Бу қаҳрамонимизнинг Португалиядаги кўчмас мулки билан боғлиқ. Гап шундаки, унинг уйи давлат рухсатисиз қурилгани боис, шаҳар мэри - Мануэль Тибо МЮ ҳужумчиси билан гаплашиб олди. Криш қуриладиган уйи ҳақида шаҳар вакиллари билан келишган, аммо қурилиш режадагидан анча катталашиб кетди. "Marca" нашри берган маълумотларга қараганда, Криштиану қурилиш лойиҳасига киритилмаган 300 квадрат метр жойни эгаллаган теннис корти ва бошқа қўшимча 115 квадрат метрни эгаллаб турган биноларни 2022 йилнинг март ойига қадар бузиб ташлаши шарт. Кришнинг "кошонаси" шу туришда 2,7 миллион еврога баҳоланаётган эди. Ўзгаришлардан сўнг, унинг нархи кескин тушиб кетиши аниқ. Ҳозирда, футболчининг агенти муаммони осонроқ ҳал этиш борасида музокара ўтказишни бошлаган.

gk45ogk4okg45

Англиядаги уйини алмаштиришга мажбур бўлди

Сентябрь ойида хориж нашрлари Роналду Манчестер шаҳридаги уйини алмаштиришга мажбур бўлгани ҳақидаги маълумотни тақдим этди. "Mirror" нашри журналистларининг айтишича, Роналду ва унинг оиласига уйлар атрофида ўтлаб юрган қўйлар уйқу бермаган. Англиянинг бу шаҳрида қўйлар подаси бир неча мингдан ортиқ. Шу боис, "Манчестер Юнайтед" футболчиси оиласи билан бошқа уйга кўчиб ўтишга қарор қилди. У аввалгисидан икки баробар арзонроқ бўлса ҳам, қўйлар бўлмаган Чешир шаҳарчасидаги кичикроқ уйни танлади.

Роналду чинакам профессионал. У куннинг катта қисмини машғулотларга сарфлайди. Эрта тонгдан баланд овозда "сигнал" берувчи ҳайвонлар футболчининг уйқусини бузиши мумкин. Бу эса, бутун бошли режимнинг бузилиши олиб келади. Айнан шу важ сабабли Роналду оиласи кўчиб кетди.

o34kgo34kg3o4kg

"Уриб" кетилган уй

2020 йилнинг 7 октябрь санасида Роналдунинг Мадейра оролидаги уйига ўғрилар ҳужум қилади. Энг қизиғи шундаки, жиноятчилар бу уй Португалия футболи тарихидаги энг буюк футболчиники эканлигини билиб туриб, тунда ташриф буюрган. Хонадондан Роналдунинг имзоси туширилган "Ювентус" клуби либоси ўғирлаб кетилган. Бундан ташқари, яна айрим жиҳозлар ҳам ўғриларнинг эътиборини тортган, аммо улар қўлга тушгач, айнан Криштианунинг дастхати туширилган либосни қўлга киритиш мақсадида бу ишни амалга оширганини тан олади. Уларнинг юзи ниқоб билан тўсилмагани боис, уйдаги барча камералар ўғриларнинг юзини тасвирга олган. Полиция ходимлари эса, бир сутка ичида уларни қўлга олишни уддалагани таҳсинга сазовор.

Карантин қоидасини бузгани учун жарима

Бир йил аввал, Роналду COVID-19 юқтириб олганидан хабар топди ва карантиндан сўнг Туринга йўл олди. Португалия қоидаларига кўра, вирус юқтирган одам 10 кун ўз-ўзини яккалаши шарт. Италияда эса, коронавирусга чалинган шахс камида 14 кун одамлардан узоқда бўлиши керак. Натижада, спорт вазири футболчини кескин танқид қилди.

Январь ойида Роналду ва Жоржиньо карантин қоидаларини бузганча, Курмаёре тоғида икки кун дам олишга йўл олди. Криш севгилисининг 27-баҳорни ўзгача қарши олиши учун барча шароитларни яратиб берди. "Corriere dello Sport" нашри берган маълумотларга қараганда, таътил чоғида футболчи ўша даврда Италия ҳукумати томонидан "қизил зона" этиб белгиланган Пьемонт ва Валле-дЪАоста шаҳарчаларини "зиёрат" қилади. Боз устига, расман ёпиқ саналган отеллардан бирида тунайди. Натижада, уларни мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги нақд 400 евро миқдоридаги жаримага тортади.

3o4kgo34kgo34k

Ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилади!

2013 йилнинг май ойида Мадрид полицияси Криштиануни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйди. Машғулотдан уйга қайтаётган ҳужумчи йўл ҳаракати қоидасини бузади. Уни тўхтатган қонун ҳимоячилари Роналдуни таниган бўлса ҳам уни жазодан қутулиб қолмаслигини маълум қилди. "Cedana Sport" берган маълумотларга суянадиган бўлсак, ўша даврдаги "Реал" ҳужумчиси уларни ҳақорат қилади. Натижада, катта йўлнинг ўртасида жанжал чиқади. Мадрид йўл ҳаракати нозири ўйлаб ўтирмай, Криштианунинг ҳайдовчилик гувоҳномасини тортиб олади.

Манчестердаги автоҳалокат

2009 йилда Роналду ҳаётидаги энг катта бахтсиз воқеалардан бирини бошдан ўтказади. Манчестер шаҳри аэропорти яқиндаги туннелда футболчи машина бошқарувини қўлдан чиқаради. "Феррари"нинг олди қисми деярли йўқ бўлиб кетганига қарамай, футболчи ҳеч қандай тан жароҳати олмайди. Воқеа жойига етиб келган полициячилар автоҳалокатдан омон чиққан футболчини клуб машғулотларига шахсан ўзлари ташлаб қўяди.

Кейинроқ маълум бўлишича, ўша куни Роналду "Феррари"га илк бор ўтирган. У машинанинг тезлигини синаб кўриш мақсадида бироз шаҳар айланишга қарор қилади. Бошқарув услубининг ўзгачароқ эканлигини ҳисобга олмаган футболчи туннелда бошқарувни йўқотиб қўяди. "The Sun" нашрининг маълум қилишича, ўша воқеадан сўнг футболчи узоқ пайтга қадар "Феррари" бренди остидаги машиналарни сотиб олишни истамаган экан.

g34kgo34kgo

Солиқларни тўлашдан қочгани учун қамоқ!

Ўз вақтида солиқларни тўламаслик билан муаммо кўплаб машҳур футболчиларда учрайди. Кришни ҳам бу четлаб ўтмаган. 2017 йилнинг ёзида португалияликни суд солиқ тўлашдан қочиш мақсадида даромадини яширишда айблади. Ҳисоб-китобларга қараганда, футболчи 15 миллион еврони давлат ғазнасига бориб тушишига йўл қўймаган. CR7 бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар савдосидан келиб тушаётган пуллар айланмаси солиқчиларда шубҳа уйғотган. Пуллар Ирландия орқали Виргин оролларидаги ҳисоб рақамига бориб тушади. Бир йил давом этган суд жараёнидан сўнг, футболчи 18,8 миллион евро жарима тўлашга мажбур бўлди. Бундан ташқари, унга 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам белгиланди. Қаҳрамонимиз дунёнинг энг кучли адвокатларини ишга солиб, судя чиқарган қарорни юмшатишга муваффақ бўлади. Натижада, 24 ойлик қамоқ жазоси 16,8 миллион евро жаримага алмаштирилди.

Я . У

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!