Бу йил “Пахтакор” яна чемпионлик остонасида турибди. Бу сафар клуб нидерландиялик Питер Хюистра бошчилигида манзилга яқинлашяпти.

Унинг мураббийлик фалолиятида қўлга киритиладиган ушбу муваффақият муҳим аҳамият касб этади. Бир неча йилдан бери юртимизда ишлаётган Хюистра энди футболимиз ҳақида етарли тасаввурга эга.

У майдон ва майдондан ташқаридаги ҳаёти ҳақида Sports.uz мухбирига интервью берди.

- 2017 йилдан буён “Пахтакор”да ишлаяпсиз. Ўтган вақт давомида юртимизда сизни нима ҳайрон қолдирди? Нимага кўникдингиз ва нимага кўника олмадингиз?

- Мен бу ерга футбол учун келганман. Шу сабабдан фақат футболнинг ўзида ишлаяпман. Биз ҳар йили жамоа билан ривожланиб боряпмиз. Биринчи келган пайтимизда “Пахтакор” 10-ўринда эди, ўша йилни 3-ўринда тугатдик. Кейинги йили 2-ўринга чиқдик ва ундан кейин фақат чемпион бўлиб келяпмиз. Жамоа ўсишда давом этяпти. Бу мавсумда дастлабки 5-6 ой қийин бўлди. Чунки клубнинг эгаси йўқ ҳолатга тушиб қолгандик. Лекин ҳозирга келиб ишларимиз яна ўнгланди, ҳаммаси жойида. Янги ҳомийлар клубга яхши қарашяпти. Биз эса келажакка яна умид кўзи билан қараб, Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятга эришиш учун бош қотиришимиз мумкин. Бу ерда 4,5 йилдан бери яшаш мобайнида кўплаб янги дўстлар орттирдим. Ўзбек ҳаёти ва маданияти билан анча танишдим. Улар менда яхши таассурот қолдирди. Ўзбекистонда яшаш менга жуда ҳам ёқади. Ҳаёт тарзи ажойиб. Бундан рафиқам ҳам хурсанд.

хюистра3

- Ўзбек тўйларида ҳам бўлдингизми?

- Бир неча марта саҳарда ошга боришимга тўғри келди. Ош берилиши ўзига хос анъана, деб айтишим мумкин. Бундан ташқари, ўзбек тўйларида ҳам 2-3 марта қатнашдим. Эрталаб ошни татиб кўриш жуда бошқача.

- Саҳарда ошни тановул қилиш сизга оғирлик қилмадими?

- Албатта, ошни ейиш осонмас. Эрталабки нонуштанинг иштиёқманди эмасман. Лекин эрталабки маросим, анъана, у ерда барчанинг бир-бири билан дўстларча муносабати, муҳитнинг ўзи ўша ерга бориб кўришга арзийди. Бу жуда ёқимли. Бундан ташқари, мен яшайдиган маҳаллада ҳам ҳар хил маросимлар бўлади. Кимдир фарзанд кўрган бўлади, тўйлар, туғилган кунлар...кўпинча мана шундай меҳмондорчиликларга уланиб кетади. Ўзимни туғилган кунимда ҳам қозон кабоб тайёрлаб имкон қадар қўни-қўшнилар билан нишонлашга ҳаракат қиламан.

хюистра_1

- Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз. Фарзандларингиз ҳам футбол билан шуғулланадими?

- Бир ўғлим ва икки қизим бор. Ўғлим ёшлигида футбол ўйнаб кўрганди, ҳозир эса талаба, ўқиш билан машғул. У теннис ҳам ўйнаган. Фарзандларим 20 ёшдан ошган. Тошкентда рафиқам билан яшайман. Фарзандларим аллақачон вояга етган, улар Нидерландияда. Лекин улар ҳар доим Ўзбекистонга келиб 2-3 ҳафта дам олиб кетишни ёқтиришади.   

- “Пахтакор”га Шота Арвеладзе билан бирга келгансиз. Айтинг-чи, у билан илк бор қачон ва қаерда танишгансиз?

- Арвеладзе билан биринчи марта Ўзбекистонда кўришганман. Бунгача биз “Аякс” ва “Глазго Рейнжерс”да ўйнаганимиз сабабли у билан боғлиқ умумий тарихимиз бор эди. Шота билан Ўзбекистонда учрашдим. Ундан олдин у билан бироз гаплашгандик.

хюистра5

- Бу йилдан “Пахтакор”да бош мураббий сифатида ишга киришдингиз. Фаолиятингизга назар ташласак, кўпроқ иккинчи мураббий ролини бажарганингизга гувоҳ бўлиш мумкин...

- Нидерландия ва Японияда бош мураббий бўлиб ишлаганман. Фаолиятимнинг умумий даврини олсак, ёрдамчи мураббий бўлишдан кўра кўпроқ бош мураббий бўлганман. Фақат “Аякс” ва “Витесс”да ёрдамчи бўлиб ишлаганман ва “Пахтакор”га келганимда ҳам.

- “Пахтакор” Арвеладзенинг ўйин услуби бўйича давом этаверадими ёки Хюистранинг “қўли”га ўтганми?

- “Пахтакор”га келганимдан кейин қўлланилаётган фалсафани айнан мен хоҳлаган фалсафа деб айтиш мумкин. Шота ҳам айнан нидерланд футболида мураббийга айлангани сабабли бундай фалсафани қўллаб-қувватлаган. У Куманга ёрдам берган ва яна бошқа Нидерландия клубларида ишлаган. “Пахтакор”да ҳам шуни бошладик ва ҳозиргача давом эттиряпмиз. Фақат футболчилар ўзгаргани туфайли баъзида ўйинимизда ўзгаришлар бўлиб қолиши мумкин. Шота келганидан кейин бу ерда ташкилий ишларга ҳам катта эътибор қаратди. У барча бўғинларни яхшилаш устида ишлади. Бунинг учун барчамиз унга раҳмат айтишимиз керак. Илк келганимизда машғулот майдонимиз яхши бўлмагани сабабли Жарга кўчирдик. Аммо Жардаги майдонни ўзини ҳам яхшилашимизга тўғри келган. Қибрайдаги базамиз олдинги раҳбарият томонидан яхши кўринишга келтирилди. Майдонлар сифати яхшиланди. Клубда хизмат қилаётган ҳар бир одам нима иш қилиши кераклигини ва профессионал ишлашни яхши билади.   

хюистра2

- “Пахтакор”нинг яна чемпион бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Таъқибчилардан катта фарқ билан илгарилаб кетган. Энди ҳеч қандай босимни ҳис қилмаяпсизми?

- Фақат ғалабага эмас, жамоани ўзига қарасак, мавсум бошидан бери ҳар бир ўйинни қандай ўтказаётганимиз энг муҳими. Ўз йўналишимиз бўйича жамоани ривожлантиришда давом этамиз. Бундан ташқари, жамоамизда 17-19 ёшдаги иқтидорли футболчиларимиз кўп. Илгари бизда ёшлар кўп эмасди. Асосан ўрта ёшдаги футболчиларнинг хизматидан фойдаланардик. Ҳозир ўйинчиларимизни индивидуал ҳолатини кузатиш, ўсишига ёрдам бериш жуда қизиқ жараён. Ёшларни жамоавий ўйинга мослаштириш ва индивидуал тарафдан ўстириш менга ёқади. Дастлабки олти ой учун жамоамга ва мураббийлар штабимга раҳмат айтаман. Чунки биз деярли пул олмаган пайтимизда ҳам йигитлар олдингидек куч билан меҳнат қилишда давом этишди. Сиз айтгандек, ҳозир Суперлигада рақибларимиздан кўра катта фарққа эгамиз.

хюистра11

- Чемпионликка шубҳа қилмаётгандирсиз?

- Ёзда жамоамизни кучайтирдик. Ҳамробеков ва Ҳамдамовни қайтардик. Натижада жамоамиз янада яхши балансга эга бўлди. Қачонки, чемпионликни расман ҳал қилганингизда шунда енгил нафас олиш мумкин. Унгача қилинадиган ишлар бўлади. Олдинги ўйинларимиздан нимадир топишга ҳаракат қиламиз. Ўзига яраша таҳлиллар орқали кейинги ўйинни янада яхшироқ ўтказиш ҳаракатида бўламиз.

- Чемпионатимиз савияси ҳақида нима дейсиз?

- Суперлигада осон ўйинлар бўлмаяпти, деб айтган бўлардим. 1:0, 2:1, 3:2 ҳисобларида ютган ва кескин ўйинларимиз бўлди. Ўйин услубимизни футболчилар тўлиқ тушуниб етишган. Ўйинчиларимизнинг менталитетини ҳам айтган бўлардим. Улар ҳамиша ютишни хоҳлашади. Ҳар бир ғалабадан кейин келадиган ишонч ҳам бўлади. Ўйин тақдирини ҳал қила оладиган Черан, Матич каби футболчиларимиз бор. Улар ҳам ёрдам берди. Рақиблар бизга қарши бор кучларини кўрсатишяпти, шу боис жамоамизга осон бўлмаяпти. Мавсум бошида бизга руҳий тарафдан катта ёрдам берган ўйинлар бўлди. Масалан, Қаршида “Насаф”га 2:0 ҳисобида ютқазаётиб камбэк қилдик ва 2:3 ҳисобида ютдик. Наманганда ҳам яхши ўйин бўлди ва охирги дақиқаларда ғалабани илиб кетдик. Бу руҳий томондан мавсумни ўзгартириб юборадиган ўйинлар.

хюистра10

- Клуб билан келишувингиз қандай? Чемпионлик қўлга киритилгач, нимадир ўзгарадими?

- Мени ҳам, клуб эгаларини ҳам ўз олдига қўйган амбицияларимиз бор. Осиё Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш асосий мақсадимиз. 2020 йилда бунга яқин келгандик, катта қадам ташлагандик. Аммо “Персеполис”га қарши учрашувда Машариповнинг қизил карточкаси сабабли юришимизни тўхтатишга мажбур бўлганмиз. Бу йил Шаржадаги ОЧЛда ҳам яхши ўйнадик. Фақат охирги қадамни қўйиш насиб қилмади. Клуб раҳбарияти билан ҳамфикрмиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)