"Украинага қарши дуранг ҳаққоний, Суперлигада қолиш учун шу ердаман ёхуд "Андижон" ва "Манчестер Сити" футболчиларининг тўқнашуви

Яқинда “Андижон” клубига таклиф қилинган уч нафар легионерлар орасида қозоғистонлик Владислав Васильев ҳам борлигини биласиз.

24 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи бунга қадар “Шахтёр” Қарағанда, “Шахтёр-Булат”, “Динамо-Брест”, “Рух”, “Энергетик-БГУ” каби жамоаларда тўп сурган. “Андижон”га кўчиб ўтиши орқали унинг фаолиятида янги саҳифа очилди. Шунингдек, Васильев Қозоғистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳам саналади.

Айни пайтда барча қитъаларда бўлгани каби Европада ҳам жаҳон чемпионати саралаш баҳслари давом эттирилмоқда. Кеча “D” гуруҳидан ўрин олган Қозоғистон терма жамоаси ўз майдонида Украинани қабул қилди. Ўта қизиқарли ўтган учрашувда қозоқлар охирги сонияларда гол уриб мағлубиятдан қутулиб қолди. “Андижон” легионери асосий таркибда майдонга тушди ва 90 дақиқа давомида тўп сурди. Учрашув якунланганидан сўнг, Sports.uz мухбири Владислав билан боғланди.  

- Қозоғистоннинг Украинага қарши учрашуви жуда драматик руҳда кечди. Ўйин охири нималар бўлди?

- Ҳа, гапингизда жон бор. Айниқса, ўйин охири телбавор руҳда кечиб, биз ғалаба қозониш мумкинлигини ҳис этган ҳолда курашдик. Ҳисоб 2:2 бўлиб турганида яна бир гол уришимиз жиддий рақиб устидан ғалабани таъминларди. Умуман олганда, 2:2 – бу ўйинга мос ҳаққоний натижа бўлди. Бутун мамлакат бизнинг ғалаба қозонишга бўлган иштиёқимизни кўрди. Ўйлайманки, мана шундай драматик баҳснинг якуний натижасидан мухлисларимиз қониқиш ҳосил қилган бўлсалар керак. Йигитларнинг ҳаммаси майдонга мухлисларни қувонтириш мақсадида тушганди. Ўйлайманки, буни амалга ошира олдик.

вас3

- Ўзбекистонлик, хусусан, андижонлик ишқибозлар сиз ва терма жамоангиз учун мухлислик қилишди. Ўз ўйинингизни қандай баҳолаган бўлардингиз?

- “Андижон” клуби мухлисларининг ўша ўйинда мен учун қайғурганлари жуда хурсанд қилди. Боя айтганимдек, биз ажойиб ўйин кўрсатган ҳолда кучли рақиб билан дуранг ўйнадик. Умид қиламанки, чемпионатда “Андижон” ишқибозларини ҳам қувонтира оладиган натижаларга эришамиз, ҳали. Ўз ўйинимга баҳо беришим қийин бўларди. Бу ишни яхшиси мутахассислар амалга оширганлари маъқул. Айниқса, шундай иш билан мураббийлар штаби вакиллари шуғулланишса, айни муддао бўларди.

- Украинадек кучли рақибга қарши беллашувдаги дуранг Қозоғистон учун ғалабага тенг, дейиш мумкинми?

- Дуранг – ўз номи билан дурангдир. Унга эса бор-йўғи бир очко берилади холос. Биз майдонга бир мақсад – доим ғалаба қозониш учун тушамиз. Бундай паллада рақибнинг ким эканлиги ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Чунки футболда ҳамма ғалаба қозонишни мақсад қилади.

васильев1

- Зинченко, Малиновский ва Ярмоленко каби етакчи футболчиларга қарши туриш осон бўлмагандир. Ҳаммасидан кўра, сиз учун қайси ўйинчига қарши ўйнаш қийин кечди?

- Гапингиз рост, украиналик етакчи футболчиларга қарши тўп суриш чиндан ҳам осон бўлгани йўқ. Чунки украин термасида бир қанча футболчилар кучли, топ-лигаларда ўйнашади. Масалан, Англия премьер-лигаси ва Италия А сериясини мисол сифатида келтириш мумкин. Бундай рақибларнинг қандай маҳоратга эга эканлиги дарҳол сезилади. Мен юқорида номлари келтирилган ижрочилар орасида Зинченкони алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардим. У ақл билан тўп суради. Ундан тўпни олиб қўйиш жуда мушкул. Ҳатто тўпга эгалик қилаётганда ёнига ҳам йўлай олмайсан. У доим ҳаракатда бўлади. Тўпни олиб қўяман деган пайтингда Зинченко уни чаққонлик билан яқинида турган шеригига оширади. Бежизга Зинченко “Манчестер Сити”дек кучли клубда тўп сурмаяпти.

- Қозоғистон жой олган гуруҳда Франция, Украина, Финляндия терма жамоалари каби рақиблар бор. Шундай рақибларга қарши беллашувларда Қозоғистоннинг жаҳон чемпионатига чиқиш имкони борми?

- Агар Украинага қарши учрашувда ўйнаганимиздек кейинги беллашувларни ўтказадиган бўлсак, Қозоғистоннинг гуруҳдан чиқиш имконияти ошиши турган гап. Ахир бу – футбол. Футболда эса кутилмаган воқеалар ҳам содир бўлиб туради.

васильев3

- “Андижон” клуби ҳозир Суперлигада сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Жамоанинг кучлилар сафида қолиши мумкинлигига ишонасизми?

- Ҳа, “Андижон” ҳозир Суперлигада сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Аммо мен клубнинг кучлилар сафида қола олиши мумкинлигига ишонаман. Шу йўлда жамоага ёрдам бериш учун бор кучимни ишга солишга тайёрман. Суперлигада қолиш учун ҳам шу ердаман, десам гапимни муболағага йўйманг.

- Жамоа устози Виктор Кумиков билан бирга ишлаш ёқяптими? Клубдаги шарт-шароитлар-чи?

- Ҳа, Кумиков билан илгари ҳам бирга ишлаганман. Унинг қўли остида шуғулланиш менга ёқади. Клубдаги шарт-шароитлар ҳам чакки эмас. Менга машғулотлар чоғида ишлаш ёқади. Кумиков жуда кучли мутахассис бўлиб, у ўз вақтида ихтиёридаги клубни еврокубокларга олиб чиқишга эришган.

вас1

- Ўзбекистон клубларидан илгари ҳам сизга таклифлар бўлганми? Умуман олганда, чемпионатимиз ҳақидаги фикрингиз қандай?

- Йўқ, илгари Ўзбекистондан менга таклифлар келиб тушмаган. Чемпионат даражасига келсак, у жуда сифатли. Барча клубларда техник салоҳияти юқори даражада бўлган футболчилар топилади. Аммо аксарият жамоаларда тактик масала билан боғлиқ муаммолар йўқ эмас. Бироқ чемпионатингиз жуда ҳам қизиқарли.

- Яқинда Наманганда “Қизилқум”га қарши учрашувда гол урдингиз. Бу ишни қандай уддаладингиз? Айтинг-чи, илгари ҳам бурчак зарбасидан кейин гол киритганмисиз ёки ўшаниси биринчисими?

- Гоҳида шундай ҳолатлар ҳам юзага келадики, тўпга зарба бераётган чоғингда уни мўлжалга бехато етиб боришига ишона бошлайсан. “Қизилқум”га қарши кечган беллашувда мен билан айнан шундай ҳолат юз берди. Афтидан, бунга астойдил уринган кўринаман (кулади). Ҳа, адашмадингиз, бу менинг бурчак зарбасидан сўнг, рақиб дарвозасига урган дастлабки голимдир. Илгари сира бундай воқеа юз бермаганди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!