"Лопесни кўндириш қийин бўлди, ҳатто Андижонга бориб келишга ҳам улгурмадим" ёхуд "Ал-Хор" Бахтиёр Қосимовга қандай талаб қўйганини биласизми?
Куни кеча легионерларимиз сони яна биттага кўпайди. “Сурхон” етакчиларидан бири Бахтиёр Қосимов Қатарнинг “Ал-Хор” клубидан тушган таклифни қабул қилди. Андижонлик футболчи фаолиятида янги саҳифа очди. Илк бор хорижда легионер мақомида ўйнайди. Бахтиёр воқеалар ривожи қандай рўй бергани ҳақида гапирди.
- 15 июлда йиғилдик. Эртасига “Сурхон” президенти Жаҳонгир ака қўнғироқ қилиб, Қатар клуби сизга қизиқяпти, ҳаммаси ўхшаса борасизми, деб сўради, - дея гап бошлади Қосимов. - Барчасини гаплашганимиздан кейин, икки кундан сўнг қатарликлар шартнома юборди. Мен шартномага имзо чекдим ва уларга жўнатиб юбордик. Эртаси куни виза тайёрлашиб, чипта юборишди. Ҳатто, уйга Андижонга бориб келишга ҳам улгурмадим. Икки кун ичида ҳал бўлиб кетди. “Ал-Хор” клуби бош мураббийида учта вариант турган экан. Марказдаги позицияга мендан ташқари эронлик ва бразилиялик ўйинчиларнинг номзоди ҳам бор эди. Якунда мураббий мени танлабди. Клубга келдим, яхши кутиб олишди, меҳмонхонага жойлаштиришди. Чуқурлаштирилган ҳолда тиббий кўрикдан ўтказишди. Бизникидан анча фарқ қилар экан. Дастлабки машғулотимни ўтказдим. Биз бир йиллик шартнома туздик.
- “Сурхон” бош мураббийи Анхель Лопес кетишингизга қандай реакция билдирди?
- Лопесни кўндириш қийин бўлди. Клуб хўжайини билан гаплашди ҳамда вазиятни тушунтирди. Мураббий билан гаплашдим. Рози бўлиши қийин кечди. Менинг фаолиятимни ўйлаб, бу қарорни ўзинг қабул қил, деб айтди. Биласизми, Лопес нафақат мураббий сифатида, балки инсон сифатида ҳам жуда яхши. Албатта, бош мураббий менга шундай таклиф бўлганидан хурсандлигини, аммо қолганимда янада хурсанд бўлишини айтиб кулиб қўйди.
- Барибир легионерга айланишингизда испаниялик мутахассиснинг роли катта бўлди. Чунки унинг қўли остида анча ривожланишга эришдингиз. Айтинг-чи, Лопес аввало нимани ўзгартирди?
- Анхель Лопесга катта раҳмат айтаман. Жуда кучли мураббий. Унинг қўлида битта мен эмас, қолган футболчилар ва бутун “Сурхон” жамоаси ўсди. Анхель ўз ишига жуда профессионал ёндашади. Биздан ҳам шуни талаб қилади. Унинг қўли остида эркин ва агрессив футбол ўйнашни бошладик. Бизга бир гапни такрор айтарди: ҳар бир учрашув ҳаётни ўзгартиради, дерди. Ҳаммаси учун мураббийга ташаккур.
- Фаолиятингизда илк бор легионер сифатида тўп сурасиз. Янги менталитет, янги чемпионат...Ҳаммасига тайёрмисиз?
- Албатта, бу мен учун фаолиятимда катта бурилиш. Табиийки, легионер сифатида тўп суриш ўзим учун ҳам жуда қизиқ. Барчасига тайёрман. Ҳеч қанақа ҳаяжон йўқ. Ўйлайманки, қабул қилган қарорим ўсишим учун катта имконият.
- “Ал-Хор”да қайси рақамни танладингиз ва клуб сиздан нимани талаб қиляпти?
- 10-рақамни танладим. Клуб менга уй, машина ва оиламни олиб келишим учун ҳамма шароитни яратиб берди. Менга қўйган талаби максимал жамоа учун ёрдам беришим керак ва Юлдузлар лигасига қайтариш.
- Янги бош мураббий билан суҳбат қандай ўтди?
- Бош мураббий ва унинг ёрдамчилари ҳам бразилиялик. Албатта, гаплашдим. Менга ишонишини айтди ва бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.
- “Ал-Хор” таклифи бўйича яна ким билан маслаҳатлашдингиз?
- Аллоҳни менга берган мукофоти бўлди. Худога шукр. Бу мен учун зўр таклиф. Бундан фақатгина фойдаланиб қолиш керак. Оилам, клуб раҳбари ва яқин инсонларим билан маслаҳатлашдим. Барчанинг маслаҳатини эшитиб, якуний қарорни қабул қилдим. Шу ўринда, мени қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдираман. “Андижон” ва “Сурхон” клуби ишқибозларига алоҳида раҳмат айтаман. Чунки бу каби мухлислар ҳеч қачон ёлғизлатиб қўйишмаган.
Фикрлар