"2 та фарзандим ҳам Қатарда дунёга келган, трансфер масаласи сира бўла қолсин" ёхуд Сардор Рашидов "Умм Салал"га қандай келгани, молиявий таклиф ва "Пахтакор"нинг иштироки ҳақида интервью берди
Хабарингиз бор, яқинда тажрибали футболчи Сардор Рашидов яна Қатар чемпионатига қайтди. Бу сафар “Умм Салал” аъзосига айланди.
“Пахтакор”да ўйнаб юрган ярим ҳимоячи кутилмаганда қарорини ўзгартиришига тўғри келди. Биламизки, илгари ҳам Рашидов Қатарда “Ал-Жайиш” ҳамда “Қатар СК” клубларида тўп сурган ва ўзидан илиқ таассурот қолдирган. Шу сабабли қатарликлар ҳар доим Сардорга катта қизиқиш билан қарашади.
Футболчимиз аллақачон янги клубига қўшилган ва шартнома имзоалаган. Шу сабабли олдиндан келишувимизга кўра, Рашидов “Умм Салал” билан барча расмиятчиликларни битиргач, Sports.uz мухбирига интервью берди.
- Сардор, авваламбор, сизни “Умм Салал” клуби аъзосига айланганингиз билан қутлаймиз. Айтинг-чи, ушбу таклиф қандай пайдо бўлди? Тўсатданми ёки анчадан бери мавжудмиди?
- Табрик учун раҳмат. “Умм Салал” билан келишувимиз тўсатдан амалга ошди. Чунки бу клубда олдин ўзим билан бирга футбол ўйнаб, кейин менежерлик қилган ва сўнгра “Қатар СК” клубида мураббийим бўлган Весам Ризк мени жамоага таклиф қилди. Натижада бу таклиф клуб президенти, шайхига маъқул келди. Олдин Қатарда бошқа жамоада ўйнаб юрганимда “Умм Салал” ҳам менга таклиф билан чиққанди. Бу сафар эса амалга ошди. Худога шукр, Қатарга ва “Умм Салал”га қайтганимдан хурсандман.
- Сизни янги жамоангизда қандай қарши олишди? У ерда сиз учун эски дўстларингиз ҳам борми?
- Клубда мени жуда яхши қабул қилишди. Негаки, бу ерда деярли барча футболчи билан танишман. Қолаверса, “Ал-Жайиш”да ўйнаган дарвозабон, ҳимоячи ва марказда ўйнайдиган футболчи билан бирга тўп сурганмиз. Шунингдек, улар билан “Қатар СК”да ҳам ўйнаганмиз. Мени яхши кутиб олишганидан хурсанд бўлдим.
- Қатар чемпионатига жуда мослашгансиз ва буни илгари ҳам кўрганмиз. Айтмоқчиманки, ўзимизни чемпионатдан кўра Қатар чемпионатида ўзингизни анча қулай ва эркин ҳис қиласизми? Айнан кўпроқ нимаси билан ёқади?
- Ҳа, Қатарда ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Чунки Қатар – бу менинг иккинчи уйимдек бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам бу ерда ўзимни қулай ҳис қиламан ва Қатар чемпионати ҳам менга бегона эмас. 2015 йилдан бери ушбу чемпионатда ўйнаб келаман. Биласизми, бу ерда худди уйимда, Ўзбекистон чемпионатида тўп сургандек ҳис қиламан. Араб футболчиларига мослашиб ўйнашга хоҳишим кучлироқ. Араб чемпионати менга жуда ёқади.
- “Пахтакор”ни қандай тарк этдингиз? Келишув бўйича трансферингиз учун қатарликлар пул тўлашдими ёки шартномани ўзаро келишиб бекор қилдингизми?
- Албатта, “Пахтакор” билан хайрлашдим. Трансфер масаласи клуб ва менинг ўртамда сир бўла қолсин. Буни ошкор қилмаймиз. Табиийки, “Пахтакор” ҳам, мен ҳам бу трансфердан хурсандмиз.
- “Умм Салал”да қайси рақамни танладингиз? Эшитишимча, бир йиллик шартнома тузибсиз-а?!
- “Умм Салал”да 7-рақамни олдим. Албатта, бир йиллик шартномага имзо чекдим. Худо хоҳласа, Қатарда янада кўпроқ қолишга ҳаракат қиламиз.
- Маълумки, бу йил Қатарда жаҳон чемпионати ўтади ва энди сизда мундиални жонли кузатиш имкони бор, бундан фойдаланасизми? Қайси термага мухлислик қиласиз?
- Албатта, бундан жуда хурсандман. Чунки жаҳон чемпионати Қатарда бўлиб ўтади. Бизнинг чемпионатимиз ҳам сентябрь ойида тўхтатилади дейишяпти. Жаҳон чемпионатига Қатар давлати тайёргарлик кўради. Мен мухлислик қиладиган жамоам – бу Португалия. Имкони бўлса, Португалия терма жамоасининг ўйинларини жонли равишда кўришга иштиёқим кучли. Насиб қилса, мундиални Қатарда кузатамиз
- “Пахтакор”ни биринчи даврадаги иштироки ҳақида сўрамоқчиман. Осиё Чемпионлар лигасида яхши қатнаша олмади, Суперлигада ҳам бир қанча очколарни йўқотди. Клубга нима бўлди?
- Тўғри, Чемпионлар лигасида ҳам яхши иштирок эта олмадик. Қолаверса, Суперлигада ҳам “Пахтакор” биринчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Ўйлайманки, ҳали ҳаммаси олдинда. Чунки клуб нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Осиёда ўз номига эга жамоа. Эътибор берсангиз, хориж клубларига “Пахтакор”дан ўйинчилар кетяпти. Иккинчи даврада жамоани яхши ўйин кўрсатади, деган умиддаман. Чемпионликни нишонлашига тилакдошман.
- Нима деб ўйлайсиз, бу энди сиз учун охирги легионер сифатидаги фаолиятингизга айланадими?
- Билмадим, балки шунақадир, балки яна имконият бўлар. Ҳаммаси Аллоҳдан. Бу сафар легионер сифатида кўпроқ муддат ўйнамоқчиман. Ўзим ҳам ишга янада кўпроқ профессионал тарзда ёндашишим керак. Чунки ёшим 31 га қараб кетди. Бундай пайтда жисмоний ҳолатни ушлаш жуда муҳим. Футболчи ёши ўтган сари ўз ҳолатига кучлироқ эътибор бериш керак. Ҳамма нарсага профессионал ёндашиш лозим. Ўз вақтида дам олиш, овқатланиш, шуғулланиш, ҳамма-ҳаммасига профессионал ёндашиш талаб қилинади. Шунинг учун максимал ҳаракат қиламан.
- “Умм Салал”га трансферингиз эълон қилинишидан бир кун аввал “Қизилқум” дарвозасига супер гол урдингиз. Ушбу голингизга Қатарда қандай реакция билдиришди?
- “Умм Салал” билан шартнома тузишимдан бир кун олдин “Қизилқум” дарвозасига гол урдим. Авваламбор, бу голимга келсак, олдин ҳам айтиб ўтганимдек, буни Худо беради. Ўша голимни Қатарда янги клубим президенти ва мураббийлар кўришди. Аммо бу нарса мураббийимга бегона эмас. Чунки унинг қўли остида бундай голларни урганман, “Ал-Жайиш”да ҳам, “Қатар СК”да ҳам. “Умм Салал” раҳбарлари ҳам жуда хурсанд бўлишди. Улар мендан ҳам шунақа голларни Қатарда ҳам кутишяпти. Насиб қилса, яна шундай чиройли голларни уриб, “Умм Салал” ҳамда унинг мухлисларини хурсанд қиламан.
- Қатарга кўчиб ўтишингизда уларнинг молиявий таклифи асосий ўриндами ва сизни ўзига жалб қилдими?
- Олдинги интервьюларимда ҳам айтганман: молиявий томондан ҳам менга яхши бўлди. Бунинг устига Қатарда яшаш ҳам менга маъқул келади. Оилам ҳам буни яхши билади ва уларнинг ҳам Қатарда яна бир бор яшашга хоҳишлари кучли эди. Иккита фарзандим ҳам Қатарда дунёга келган. Шунинг учун бизда молиявий тарафдан ҳам, у ерда яшаш жиҳатидан ҳам устунлик бўлди. Қатарга кўчиб ўтганимиздан жуда хурсанд бўлдик. Айтиб ўтганимдек, бу бизнинг иккинчи уйимиз ҳисобланади.
- Охирги савол. Клубни олдига қўйган вазифаси қандай? Сиздан нимани талаб қилишяпти ва бош мураббий Весам Ризк ўзингиздан қандай фойдаланмоқчи?
- Клуб олдига қўйган мақсадлари кучли учталик ва биринчи ўринга ҳаракат. Клуб шайхи биздан кучли учталикдан пастга тушмасликни талаб қилмоқда. Мураббийимиз ҳам шу фикрда. Клуб шайхи жамоа билан йиғилиш ўтказганида жуда таъсирли гапларини айтди. Бу йил “Умм Салал” бошқача клуб бўлади, чунки бутун Қатар ва мухлислар бизнинг клубга жиддий эътибор беришади. Шу боис мақсад кучли учликка кириш ва иложи борича биринчи ўрин учун курашамиз деб айтди. Весам Ризк мендан қандай фойдаланмоқчи? У мендан олдинги чизиқда фақат гол кутади. Олдиндан менинг имкониятларимни яхши билади. Мен ҳам Весам Ризк мендан нимани хоҳлашини биламан. Шу боис бу йил яхшироқ ҳаракат қилиб, клуб имижини оширишга бор кучимизни сарфлаймиз. Бош мураббий ҳам буни жуда хоҳлайди. Чунки ҳали ёш мутахассис. Ўз фаолиятида яхши ютуқларга эришишни истайди. Худо хоҳласа, мақсад йўлида барчамиз бир-биримизга ёрдам берамиз.
Фикрлар