Головкин Сауль Альварес билан учинчи жангни ўтказиши мумкин
Ўрта вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Геннадий Головкин промоутери Том Леффлёр сўзларига кўра, қозоғистонлик боксчи келаси йил март ва май ойлари оралиғида жанг ўтказишни режалаштирмоқда. Ушбу вазн чемпиони Сауль Альварес билан учинчи жанг ҳам уларнинг режаларига киради.
– Геннадий боксда энг кўп сотиладиган ва оммабоп спортчилардан. Мен ҳамон уни чемпион деб атайман, чунки сўнгги жангда у ютқазмади.
– Альварес билан учинчи жангни хоҳламасликка ҳеч бир сабаб йўқ. Молиявий режада ҳар икки боксчи учун ҳам бу энг йирик тўқнашув. Головкин ва Саул қарама-қаршилиги ОАВ эътиборида бўлди ва дастлабки икки жангда ҳакамлар қарори кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ўйлайманки, бу жангга ҳар икки томондан катта қизиқиш бор, – дея Леффлёрнинг сўзларини келтиради Ring TV.
Эслатиб ўтамиз, бу боксчиларнинг илк тўқнашувида дуранг қайд этилган бўлса, иккинчи жангда Сауль очколар бўйича Головкиндан устун келди ва чемпионликка эга чиқди.
Фикрлар