Ҳусниддин Ғофуров: Баъзилар "Локомотив"ни кучли олтиликка киришига ҳам ишонишмаган эди

Тошкентнинг “Локомотив” клуби жорий мавсум PEPSI Суперлига якунларига кўра чемпионликни қўлга киритганидан хабарингиз бор.

Мавсум аввалида Сербиядаги 4 йиллик фаолиятидан "темирйўлчилар" сафига келиб қўшилган маҳоратли ҳужумкор ярим ҳимоячи Ҳусниддин Ғофуров мавсум якунлари хусусида ПФЛ расмий сайтига ўз фикрларини билдириб ўтди.  

"2018 йилги мавсумдан бир олам таассуротлар қолди. Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, мавсум бошида бир қатор ўйинларда муваффақиятсизликка учрадик. Аксарият ўйинларда катта ташаббусга эга бўлсак-да, кутилмаганда муҳим очколарни қўлдан чиқардик. Натижада баъзилар хатто жамоамизнинг кучли олтиликдан ўрин олишига ҳам шубха қила бошлашди. 

Лекин мавсум ўрталарига келиб ўз ўйинимизни топиб олдик ва яна мухлисларимизга ёқадиган ўйин кўрсата бошладик. Якунда эса жамоамиз навбатдаги чемпионликни тантана қилди. 

Суперлига-2018 жуда қизиқарли тарзда ўтганини айта оламан. Жамоалар ҳар бир очко учун жиддий кураш олиб боришди. Рақобат анча кучли бўлди, дея оламан.  

Ўзбекистон чемпионати Сербия чемпионатидан қолишмайди. Ўртадаги тафовут асло катта эмас. Ўзбекистон Суперлигасида ҳам чемпионликка эришиш жуда-жуда қийин вазифа. Лекин “Локомотив” буни уддалай олди ва мен ҳам ушбу ғалабага ўз хиссамни қўша олганимдан бахтиёрман. 

Тўғриси фаолиятим давомида илк марта чемпион бўлишим. Шу боисдан мазкур ғалаба мен учун ўзгача тарзда аҳамиятли. Насиб этса, ҳали яна кўплаб чемпионлик унвонларини қўлга киритишга ҳаракат қиламан, - деди футболчи.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!