“Манчестер Сити” янги мавсумда қандай кўринишга эга бўлади?

Пеп Гвардиола ушбу ёзда жамоаси билан кўп ишлай олмаган бўлсада, шогирдлари у нима исташини билишади ва топшириқларни бажаришга шай. Таркибни бир неча футболчи билан кучайтириб олган “шаҳарликлар” янги мавсумда қандай кўриниш ҳосил қилиши мумкин?

“Манчестер Сити” мавсумолди тайёргарлик йиғинини кўнгилдагидек ўтказа олмади, боиси клуб 16 футболчисини Жаҳон Чемпионатида иштирок этиш учун юборди. Мундиал қатнашчилари эса табиийки таътилдан кечроқ қайтиршди.

Шунга қарамай, ушбу футболчилар Пеп Гвардиолани ва унинг талабларини жуда яхши билишади.

Дарвозабонлар:

Эдерсон “туманли Альбион”даги дебюти муваффақиятли чиққанидан кейин клубнинг асосий дарвозабони мақомини бу сафар ҳам сақлаб қолиши аниқ. Бразилия билан Мундиалда иштирок этган посбон мавсумолди ўртоқлик учрашувларининг бирортасида майдонга тушмади.  Шу сабабли, Премьер Лиганинг биринчи туридан ўрин олган “Арсенал”га қарши учрашувдаги иштироки ҳам сўроқ остида.

Клаудио Браво эса ўтган мавсумда “Манчестер Сити”га Карабао Кубогини ютишга ёрдам берди. Бу мавсумда ҳам у ўринбосар сифатида қатнашади.

Ҳимоячилар:

“Манчестер Сити” янги мавсумда ҳимоя чизиғини ўзгартирмади. Клуб ёзда янги ҳимоячилар сотиб олмасликка қарор қилди.

Аммо Бенжамин Мендининг жароҳатидан қутулиб сафга қайтгани сабаб жамоа ҳимоя чизиғидаги рақобат аёвсиз кечишини башорат қилиш мумкин. Ўтган мавсумда Гвардиола унинг ўрнини марказий ярим ҳимоячи Фабиан Делф билан тўлдирган эди. Мендининг тезлиги, аниқлиги ва хавфли юришлари рақибларга оғир бўлишини англатади.

Янги мавсум Гвардиола учун ҳимоя чизиғида рангбарангликни таъминлаши мумкин. Баъзи ўйинларда Делф Мендининг ўрнида ҳаракат қилиши мумкин.

Шу йилнинг январида клубга келиб қўшилган Эмерик Лапортгина Жаҳон Чемпионатидан бебаҳра қолди. Афтидан у бор аламини Премьер Лига вакилларидан олса керак.

Ярим ҳимоячилар:

“Манчестер Сити”нинг янги мавсумдаги ягона муаммоси – бу таянч ярим ҳимоячиси йўқлиги бўлиши мумкин. Клуб сўнгги дақиқаларгача Жоржиньони олиб келишга умид қилди. Бироқ клуб уни қўлдан чиқарди.

Агарда бу позицияга ҳеч ким топилмаса Гвардиола Фернандиньони қўллаши мумкин. Каталониялик мураббийда шунингдек бошқа вариантлар ҳам бор. Илкай Гюндоган, Фабиан Делф, Дуглас Луис ва ҳатто Жон Стоунс ҳам бу нуқтани “ёпиши” мумкин. Лекин уларнинг бирортаси узоқ муддат бу амплуада ажойиб спорт формасида бўла олмайди.

Жамоанинг ҳужумкор ярим ҳимояси эса иқтидорларга тўла. Кевин Де Брюйне ва Давид Сильва яна ажойиб ўйинлари билан мухлисларни хушнуд қилишлари кутилмоқда. Бироқ янги мавсумда икковлонга осон бўлмайди. Уларга сафга қайтган Гюндоган, Бернардо Сильва, клуб академияси вакили Фил Фоден ва янги аъзо Риёд Маҳрезлар кучли рақобатчига бўлишга шай туришибди.

Бундай иқтидор эгалари клубнинг муаммоларини вақтинчалик ёпа олишлари мумкин.

Ҳужумчилар:

Клуб ёзда фақатгина икки футболчини олиб келишни истади. Улар Жоржиньони Манчестерга олиб келишда қийинчиликка учрашган бўлса, бошқа номзод Маҳрез олиб келинди. Гвардиола айтишича, жазоирлик футболчи чап, ўнг ва марказда ҳам ўйнаши мумкин. Демак унинг универсаллиги “шаҳарликлар”га ҳужумдаги вариантларни кўпайтиради.

Шунингдек, Лерой Сане ва Раҳим Стерлинг Гвардиола қўли остида кучайишда давом этишлари кутилмоқда.

Ҳужум марказида эса Жезус бу сафар кўпроқ ўйинларда иштирок этишга умид қилмоқда. Унинг жароҳат олган вақтида Агуеро ҳужумдаги сифатнинг йўқолишига йўл қўймайди.

Асосий таркиб қандай бўлади?

“Манчестер Сити”нинг асосий таркиби фикри шу кунларда кулгили саволга айланган. Сабаби вариантларнинг кўплиги ва уларнинг сифати туфайли асосий таркиб тузиш жуда мушкул масала. Боз устига улар Гвардиоланинг талабларини сўзсиз бажарувчи футболчилар.

Фақатгина бир неча савол клуб мухлисларини ўйлантириши мумкин. Менди чап қанот ҳимоясига қайтадими ёки Делф ўйнайдими?  Агарда Менди бўлса, Саненинг мажбуриятлари қандай бўлади?  Клуб Агуеронинг “жаллодлик” сифатида фойдаланадими ёки Жезуснинг кучли прессингидан? Ўнг қанотда Стерлинг ёки Маҳрез ўйнайди? Жон Стоунсми ёки Компанининг тажрибаси маъқул кўрилади? Унга Никлас Отаменди ёки Лапорт ҳимояда шериклик қилади?

Бу саволлар албатта Гвардиолага берилади. Унинг қарорларини олдиндан башорат қилиш қийин. Балки у бизга янги совғалар тайёрлаб қўйгандир... Эҳтимол.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!