"Металлург" футболчилари тиббий кўрикдан ўтишди
2019 йилги мавсумга тайёргарликни давом эттираётган Бекободнинг “Металлург” жамоаси футболчилари биринчи йиғиннинг сўнгги куни тиббий кўрикдан ўтишди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси қошидаги тиббиёт марказида “Металлург”нинг эски ўйинчиларидан ташқари жамоа таркибига келиб қўшилган янги футболчилар ҳам шифокор кўригида бўлишди. Таҳлил натижалари иккинчи йиғинга қадар жамоа шифокорининг қўлига тегади.
Бугун “Металлург” ўзининг иккинчи йиғинини бошлайди. Футболчилар 25 январ санасига қадар Қибрай ўқув машғулот масканида жисмоний тайёргарликни тиклаш жараёнига жиддий эътибор қаратишади. Ўз навбатида Тошкент шаҳри ва вилоятида йиғинда бўлиб турган жамоалар билан назорат учрашувлари ўтказилиши режага киритилган.
Мавсум арафасидаги учинчи йиғин эса Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Бекободликлар хориж сафарига 27 январь санасида учиб кетишади ва 11 февраль куни Тошкентга қайтишади.
Фикрлар