Наталья Семёнова Дубайдаги Гран-При турнирида найза улоқтиришда олтин медални қўлга киритди
Шу кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида енгил атлетика бўйича Гран-При халқаро турнири бўлиб ўтмоқда. Ушбу мусобақада 50га яқин давлатлардан 400дан ортиқ паралимпия спортчилари куч синашмоқдалар. Шулар қаторида Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциациясининг 4 нафар спортчиси ҳам беллашувларда иштирок этмоқда.
Мусобақанинг дастлабки куни Наталья Семёнова ядро улоқтириш бўйича ташкил этилган баҳсларда 2-ўринни эгаллаб кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Элбек Султонов ҳам айнан ядро улоқтириш баҳсларида 14,30 метр натижаси билан бронза медалига лойиқ кўрилганди. Мусобақанинг навбатдаги кунида Наталья Семёнова энди найза улоқтириш баҳсларида иштирок этиб, 16,81 метр натижаси билан олтин медалга сазовор бўлди.
Демак, ҳозиргача терма жамоамиз аъзолари ҳисобида биттадан олтин, кумуш ва бронза медаллари мавжуд. 26 мартга қадар давом этадиган мусобақада ҳамюртларимиз ҳали ядро ва диск улоқтириш беллашувларида ҳам куч синашадилар.
Фикрлар