Тачмурод Агамуродов: Эктор Куперга осон бўлмайди

Юртимиздаги мураббийлар ҳақида гап кетганда уларнинг орасида Тачмурод Агамуродовнинг алоҳида ўрни бор. Туркманистонлик мутахассис узоқ йиллардан бери Ўзбекистон футболида ишлаб ютуқларга эришди, ўзига хос янгиликларни олиб кирди. Бир сўз билан айтганда, тажрибали мураббий. Лекин охирги пайтларда у бирор жойда ишлаётгани йўқ. Охирги иш жойи эса “Бухоро” клуби бўлганини билсангиз керак. Шундан бери уни мураббий ролида кўраётганимиз йўқ. Биз анчадан бери у билан суҳбатлашиш ниятида юргандик. Масалан, “Бухоро”даги фаолияти, у ердаги молиявий томондан юзага келган машмашалар, ўзини қиммат мураббий деб ҳисоблаши, яна мураббийлик ишига қайтиши, умуман шунга ўхшаш қизиқарли масалаларни ўртага ташладик.  

Тажрибали мутахассис суҳбат давомида Ўзбекистон терма жамоаси ва Эктор Купер ҳақида гапириб ўтди.

- Келаси йил бошида бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги гуруҳ босқичида Ўзбекистон билан Туркманистоннинг бир-бирига қарши ўйнашига тўғри келишидан хабарингиз бўлса керак. Қолаверса, мазкур терма жамоалар сизга бегона эмас.

- Бўлажак беллашув ҳақида нима дейишим мумкин? Табиийки, Ўзбекистон терма жамоаси жуфтликнинг яққол фаворитидир. Ўзбекистон терма жамоаси таркиб, йўлга қўйилган ўйин ва бошқа бир қанча муҳим жиҳатлар борасида Туркманистондан анча олдинда туради. Устига-устак терма жамоа бундай мусобақаларда иштирок этиш борасида етарлича тажриба тўплаган. Ўз навбатида бу ҳол Туркманистонга қарши кечадиган баҳсда Ўзбекистонни яққол фаворитга айлантиради. Шак-шубҳасиз, Туркманистонга бундай рақиб билан баҳслашиш умуман осон кечмайди. Аммо – бу футбол. Футболда эса баъзи-баъзида кутилмаган сюрпризлар ҳам юз бериб туради. Бўлажак учрашувнинг қандай натижа билан тугаши борасида тайинли гап айта олмайман. Қолаверса, олдиндан тахмин қилишни ёқтирмайман.

- Бизда Туркманистон терма жамоаси ҳақида етарлича маълумотлар йўқ. Қолаверса, терма жамоа бошқалардан фарқли равишда ўртоқлик мақомидаги учрашувларда тез-тез иштирок этавермайди. Шундай терманинг Осиё Кубоги мусобақасида қандай иштирок этиши мумкинлигига баҳо бера оласизми?

- Ўзингиз ҳам Туркманистоннинг ўртоқлик ўйинларида ҳар доим иштирок этавермаслигини айтиб ўтдингиз. Айтишим мумкинки, ўзим ҳам Туркманистон терма жамоаси ҳақида сизлардан ортиқ маълумотга эга эмасман. Табиийки, жамоа тайёргарлик ишларини кутилган даражада олиб бормас экан, бўлажак мусобақадаги имкониятини янада пасайтириб юборади. Шак-шубҳасиз, Осиё Кубогида Туркманистонга осон бўлмайди. Тайёргарлик шундай кечаётган пайтда Туркманистон терма жамоасининг қитъа миқёсидаги турнирда яхши иштирок этиши мумкинлигини тасаввур қилиш амримаҳол. Жамоа гуруҳ босқичининг илк ўйинлариданоқ муаммоларга дуч келиши аниқ.

- Миллий терма жамоамизни яқиндан бери аргентиналик мураббий Эктор Купер бошқаришга киришган. Бу тўғри танловми? Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Албатта, футболдан бехабар бўлмаган киши борки, Эктор Купернинг жаҳон миқёсидаги мураббий ҳисобланишини билади. У ўз олдига жиддий мақсадларни қўядиган бир қанча клубларда самарали меҳнат қилган. Боз устига Купер туфайли Миср терма жамоаси узоқ йиллик танаффусдан сўнг жаҳон чемпионатининг финал босқичидаги баҳсларда иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Мураббийнинг салоҳияти борасида шубҳа бўлмаслиги керак. Унинг ўзбек футболига қанчалик киришиб кетиши учун бироз вақт керак бўлади. Ахир менталитет бутунлай бошқача. Унинг ўйин борасидаги фалсафасини, стратегик қарашларини тушуниб олишлари учун терма жамоа аъзоларига бироз вақт бор. Боз устига унинг ўзбек футболида янги одам эканлигини зинҳор унутмаслик даркор. Ўз-ўзидан ҳаммасига мослашиб кетиш Эктор Куперга осон бўлмайди. Барчасини вақт кўрсатади. Юқорида айтганимдек, унинг салоҳиятли мутахассис эканлиги борасида ҳеч қандай иккиланиш ёки шубҳа бўлмаслиги лозим.

- Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон Эктор Купер бошчилигида ўзи учун армон бўлиб келаётган мундиалга чиқа оладими?

- Юқорида унинг янги шароит, янги муҳит ва менталитетга кўникма ҳосил қилиши учун вақт керак бўлиши ҳақида бежиз тўхталиб ўтмадим. Агар мутахассис ўйинчиларнинг даражасини тезроқ илғаб олса, ишлар кутилган даражада кечиши мумкин. Яна такрорлайман: ҳаммасини олий ҳакам – вақт кўрсатиб беради. Устига-устак жаҳон чемпионати бошланишига ҳали анча бор. Ўтказилган дастлабки назорат учрашувларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирдан шошилинч хулоса чиқариш мутлақо тўғри бўлмайди. Ўртоқлик ўйини ўз номи билан расмий мақомдаги учрашувлардан кескин даражада фарқ қилади. Мутахассиснинг ишига баҳо беришда шуни ёддан чиқармаслик керак. Ҳали 2022 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати учун саралаш босқичидаги учрашувлар бошлангани ҳам йўқ. Шундай экан, ҳозирдан хулоса чиқаришга шошилмасликни маслаҳат бераман. Фақат шуни айтишим мумкинки, Эктор Купер Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинини йўлга қўйиб олиши учун анча бор. Табиийки, ўтказилаётган ўртоқлик мақомидаги учрашувлар ёрдамида у футболчиларнинг даражасини янада яқинроқ билиб олади. Фақат шундан кейин ҳаммаси ўз изига тушиб кетади. Ҳозирдан мутахассиснинг терма жамоа устози сифатида яхши ёки қониқарсиз равишда ишлаяпти, дея хулоса чиқариш ярамайди.

Суҳбатнинг тўлиқ матнини эса тез орада сайтимизда ўқийсиз. Биздан узоқлашманг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!