Абдумавлон Абдужалилов: "Биз ўринларни эмас, ғалаба қозониш ҳақида ўйлашимиз керак"
Ўзбекистон Кубогида “Турон” устидан қозонилган ғалабадан кейин “Локомотив” посбони Абдумавлон Абдужалилов ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Илк марта қуруқ ўйин ўтказдингиз. Ўйиндан таассуротлар қандай?
- Ростдан ҳам қуруқ ўйин ўтказиш жуда ажойиб. Жамоа нечта гол уришидан қатъи назар, ўз дарвозасининг дахлсизлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Айниқса, ўзимизнинг стадионда буни бажариш ажойиб. Бу ерда ўйнаш доимо ёқимли. Ўйиндан фақатгина ажойиб таассуротлар ва яхши кайфият қолди.
- Кетма-кет икки ўйинда майдонга тушдингиз. Демак, Жавоҳир Илёсов билан рақобат жуда кучли бўляптими?
- Биз профессионал клубда ўйнаймиз. Демак, ҳар бир чизиқда юқори классдаги футболчилар тўп суради. Мен ҳам, Жавоҳир Илёсов ҳам яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Футболчиларнинг соф рақобати – жуда ажойиб ҳолат.
- Жамоа яхши одимламоқда. Кетма-кет тўртта ғалаба. Аммо мавсумни унчалик яхши бошлай олмагандик. Бу ғалабалар жамоага катта мақсадлар учун курашишида кўпроқ куч берадими?
- Мавсум стартида ҳамма шу ҳақида гапирди. Ҳа, шундай бўлиб қолди. Мавсумни жуда ёмон бошладик. Бироқ ҳозирда поғоналар ҳақида эмас, балки олдимиздаги ҳар бир баҳсда ютишни ўйлашимиз керак.
“Локомотив” матбуот хизмати.
Фикрлар