АГМК футболчилари бугун коронавирусга тест топширади

Coca Cola Суперлиганинг бир қатор клубларида коронавирус аниқланаётгани сабабли АГМК клуби ҳам бугун тиббий текширувдан ўтади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

"Суперлига жамоаларида коронавирус аниқланаётгани, хусусан ўтган турдаги рақибимиз "Пахтакор" клубининг 5 нафар футболчисида коронавирус тасдиқланиши биланоқ, АГМК жамоаси тезкорлик билан жамоа футболчилари ва барча персонални тиббий текширувдан ўтказиш тадбирини ташкиллаштирди.

Бугун эрталаб жамоамизнинг барча аъзолари дастлабки тиббий назорат, МРТ (магнит резонанс томография) текширувидан ўтказилди. Текширув натижалари эртага маълум бўлади.

Шунингдек, АГМК жамоаси янги ҳафта, яъни сешанба куни коронавирусга тест топширади. Бунга қадар ҳам жамоамиз карантиндан кейин йиғилгач, мавсум рестартидан олдин коронавирус тестини топширган ва карантин қоидалари ҳамда гигиеник талабаларни мунтазам бажариб келмоқда.

Ҳозирда жамоа карантин қоидаларига мувофиқ, белгиланган тартибда изоляция қилинган. Футболчиларнинг умумий ҳолати барқарор ва клубимиз шифокорлари томонидан доимий тиббий назоратда бўлиб турибди.

АГМК футбол клуби мазкур ҳолатга тўлиқ масъулият билан қарайди ва барча карантин тадбирлари ҳамда қоидаларига риоя қилади.

Шунингдек, АГМК клуби Суперлига жамоалари футболчилари орасида ҳамда юртимиздаги коронавирусга чалинган барча беморларга тезроқ соғайиб, шифо топишларини тилайди!", - деб ёзилади клуб баёнотида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!