Анвар Бердиев: "Битта ҳимоячи билан ўйнадик..."

Про лиганинг 11-турида Ғузорнинг “Шўртан”  жамоаси Самарқандда “Динамо” меҳмони бўлди.

Анвар Бердиев бошчилигидаги “Шўртан” меҳмондан ғалаба билан қайтишга жуда яқин эди. Бироқ 84-дақиқада мезбонлар ҳисобни тенглаштиришди. Ўйин сўнггида эса “Шўртан” посбони пенальтидан берилган зарбани қайтариб ғузорликларни мағлубиятдан қутқарди.

Учрашувдан сўнг “Шўртан” бош мураббийи Анвар Бердиев бир қатор саволларга жавоб берди.

- Беллашув борасида фикрларингиз?

- Жуда ажойиб, томошабоп ўйин бўлди. Менимча, дуранг адолатли натижа. Кейинги ўйинларда “Динамо”га омад тилайман.

- Футболчиларингизни ўйини ва иштиёқидан қониқдингизми?

- Биринчи бўлимда ўйинчиларим мен берган кўрсатмаларни тўғри бажаришга ҳаракат қилишди. Иккинчи бўлимда...Билмадим, футболчиларга озроқ дам бергач, бу ўйинни таҳлил қилиб кўрамиз. Иккинчи бўлимдаги ўйиндан қониқмадим. Тўғриси, “Динамо” майдонда 10 киши бўлиб қолганига қарамасдан кўпроқ ҳужум уюштирди. Албатта, буни кўриб чиқамиз. Энди йигитларга хордиқ берамиз ва кейин иккинчи даврага тайёргарликни бошлаймиз.

анвар бердиев3

- “Шўртан”ни биринчи даврадаги ўйинидан қониқдингизми ва иккинчи даврада қанақа ўзгаришлар бўлиши мумкин?

- Биласизлар, “Шўртан”ни мавсум бошида Алексей Евстафеев бошқараётганди. Ўшанда қимматли очколарни йўқотдик. Бир-иккита ўйинларда кераксиз мағлубиятларга учрадик, жуда аламли эди. Иккинчи даврада таркибда янги номлар пайдо бўлиши мумкин. Ҳозир бунинг устида ишлаяпмиз. Иккинчи даврада астойдил ҳаракат қилиб, олдимизга қўйилган вазифага эришамиз, деб ўйлайман.

анвар бердиев4

- “Шўртан” биринчи бўлимда яхши таассурот қолдирди. Иккинчи бўлимда майдонда сон жиҳатидан устунлик бўлганида бу жамоага таъсир қилди. Ушбу ҳолатни нима билан изоҳлайсиз?

- Менга футболчиларим 0:1 ҳисобини ушлаб қолиш учун ўйнашгандек туюлди. Қанча кўрсатма берсам ҳам барибир олдинга чиқишда қийинчилик туғилди. Асосий нарса кўп жароҳатлардир. Бугун битта ҳимоячи билан ўйнадик. Қолган ҳамма ярим ҳимоячилар эди. Ҳимоячимиз йўқ. Беш нафар ҳимоячимиз жароҳатда. Иккинчи бўлимда жамоа ўйинини кучайтириш учун бизда захира ҳам йўқ эди. Йигитларга раҳмат айтаман. Борини бериб ўйнашди, ҳаракат қилишди. Уларга алоҳида миннатдорчилик билдираман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!