Аввалги Жасур қани? Беларусда Яхшибоевнинг ўйинини танқид қилишди
Беларуснинг машҳур нашри - “Прессбол” мутасаддилари ва мутахассислари жорий чемпионат бошланганидан буён ўзбекистонлик легионер Жасур Яхшибоевнинг ўйинини таҳлил қилиб келмоқда. Аввалига ҳамюртимизнинг ҳаракатларидан ҳайратланган нашр экспертлари энди “Пахтакор”дан ижарага олинган футболчининг ўйинида сусайиш давом этаётганини таъкидламоқда.
Ўзбекистондан келган йигитнинг мавсум бошидан чемпионатни гуллатганини яхши эслайсиз, - деб ёзади “Прессбол”. – Илк учрашувларда ажойиб ўйин кўрсатган Жасур “БАТЭ” дарвозасини икки марта ишғол қилди, “Рух” билан бўлган баҳсда ажойиб ассистни амалга оширди. Кейин унинг аниқ зарбаси “Минск” посбонини ожиз қолдирди.
Дастлабки уч турдан сўнг “Энергетик-БГУ” турнир пешқадамига, Жасур Яхшибоевнинг ўзи чемпионатнинг энг зўр ўйинчисига айланди.
Кейин эса...
Ҳаммаси орқага кета бошлади. Кетма-кет учрашувда қуруқ ва голсиз мағлубият. Мусулмонлар учун муборак бўлган Рамазон ойида Яхшибоев рўза тутган ҳолда тўп сурди ва ўз ҳисобига тўртта гол ёзиб қўйди. Бу голларнинг барчаси пенальтидан киритилди.
Май тугаб, ёз бошланди. Жасурнинг статистикаси ҳам қурий бошлади. Июнь ойининг учта учрашувида на гол урди, на голли пас ошира олди.
Яхшибоев ўйинидаги пасайиш давом этадиган кўринади. Чунки унинг ҳозирги ўйинларида аввалги савия, олдинги иштиёқ, жозибали дриблинг ва ажойиб самарадорлик йўқотила бошлаганига анча бўлди.
Хўш, аввалги Жасур қани?
Фикрлар