Баҳодир Жалоловга қачон кучли рақиблар танланади? Боксчининг ўзи жавоб берди
Ҳозиргина, Миллий Олимпия қўмитасининг мажлислар залида 3 апрель санасида "Ҳумо Арена" спорт саройида рингга кўтарилган боксчиларимиз иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ушбу жанг кечасида иштирок этган барча боксчилар қатнашиб, ОАВ саволларига жавоб берди. Баҳодир Жалолов кучли рақиблар билан қачон жанг ўтказиши хусусидаги саволга қуйидагича жавоб берди:
"3 апрель санасида тўқнаш келган рақибим ҳам чакки эмасди. Биз ҳозирча таваккал қилмаяпмиз. Профессионал боксда кўпроқ раундларга тайёрланиш керак. Ҳаваскор боксда 3 раундда ҳаммасини ҳал қилиш керак. Буларнинг ўртасида катта тафовут бор. Мен ҳозирда ҳар иккала тарафда бир хил фаолият олиб боришимга тўғри келяпти.
Ҳозир таваккал қилишга ҳаққимиз йўқ. Профессионал боксда битта мағлубият бўлиб қолса, бу сизнинг фаолиятингизга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳозирда олдимиздаги энг асосий мусобақа - Олимпиада ўйинлари бўлиб турибди. Ушбу мусобақадан кейин, мухлисларимиз кутаётган катта жангларни ўтказамиз", - деди Жалолов.
Фикрлар