“Барса”нинг шок трансферлари қайси бўлиши мумкин?

Пеп Гвардиола қўли остида шаклланган “Барселона” негизи (булар – Месси, Бускетс, Пике ва кейинроқ Алба) аллақачон 30 га кирди ёки шу атрофида. Жамоанинг етакчи ҳужумчиси Луис Суарес ва ажойиб ярим ҳимоячи Иван Ракитич ҳам шу қаторида.

Ёши ўтиб бораётган футболчиларга эга “Барса” ёшларни олиб келишга муҳтож. Худди, Усмон Дембеле, Клеман Лангле, Жан-Клер Тодибо, Малком ва Артур каби. 70 миллион еврога олиб келинаётган Френки Де Йонгни ҳисобга олмаганда.

Бироқ бу ҳаммаси эмас. “Барса” Де Йонгнинг жамоадоши Де Лигтни ҳам “Камп Ноу”га олиб келиш истагида ёнмоқда. Энг муҳими каталонияликлар 60 миллион евро дея баҳоланаётган Лука Йовични ҳам олиб келиб ҳужумчи муаммосини ҳал қилмоқчи.

Буларни режалаштираётган “кўк-анорранглилар” ёзни қайноқ ҳолатда ўтказиши кутилмоқда. Шу билан бирга уларнинг бюджети ҳам бундай трансферлар натижасида ортиши аниқ. Клуб раҳбарияти эса ойлик бюджетини камайтириш учун баъзи футболчилари билан хайрлашиши ҳам мумкин. Хўш қайси трансферлар кўпчилик учун кутилмаган бўлиши мумкин?

Самюел Умтити

Умтитининг трансфери энг омадлиси бўлди. 2016-йил ёзида атиги 25 миллион еврога олиб келинган ҳимоячи ўзини оқлади. Жисмонан бақувватлиги, техникаси ва рухияти юқорилигини намойиш қилди. У ўшандан бери дунёнинг энг яхши ҳимоячиларидан бирига айланди, ўтган ёзда эса Франция билан Жаҳон чемпионига айланди.

Бироқ биргина муаммо унга ҳалал қилди. У турнирни тиззасидаги оғриқ билан ўтказди. Жорий мавсум аввалида эса бу уни қайта безовта қилди. Клуб муаммони жарроҳлик амалиёти орқали ҳал қилишни истади. Умтити эса буни рад қилиб ўз вақтини истамаган ҳолда чўзиб юборди. Натижада у 120 кун ўйиндан ташқарида қолиб кетди ва айни вақтгача атиги 10 ўйинда иштирок этди.

Ҳукм: сотиш

Унинг йўқлигида Лангленинг яхши ўйнаганлиги, боз устига ёзда Де Лигтнинг эҳтимолий трансфери янги мавсум бошида “кўк-анорранглилар” таркибида 4 та топ-ҳимоячи бўлишига замин яратади. Бундай мураккаб рақобатдан кимдир ютқазиши аниқ. Катта эҳтимол билан бу Умтити бўлади. У сафда бўлганида муаммо йўқ, аммо клубдагилар унинг жароҳати даврий тус олишидан ҳавотирланишмоқда. Кучли ҳимоячи қидириб юрган “МЮ” “Барса”дагиларни осонликча кўндириши мумкин.

Иван Ракитич

“Барселона”нинг камдан-кам футболчилари етарлича қадрланмайди. Дунёнинг энг кучли ярим ҳимоячиларидан бири Иван Ракитич ана шундайлардан бири. Френки Де Йонгнинг ёзда клуб сафига қўшилиши ва Артурнинг спорт формаси, боз устига клуб тарбияланувчиси Рики Пучнинг ўсиб бораётган салоҳияти, Бускетснинг мукаммаллиги Ракитичга “Барса”ни тарк этишдан бошқа чора қолдирмаслиги мумкин. Кўпчиликнинг фикрига кўра, айнан Ракитич клубнинг бютжетини камайтириш йўлида қилиниши керак бўлган дастлабки трансфер эгаси бўлади. Бундай гап-сўзлар чиқишига унинг амалдаги шартномасини узайтириш бўйича клубнинг жим қолаётгани сабаб бўлмоқда. 2021-йилда шартномаси тугайдиган 31 ёшли футболчи билан шартнома имзоланадими?

Ҳукм: Олиб қолиш

Ракитич аъло даражадаги футболчи ва Бускетс билан таянч ярим ҳимоясидаги энг яхши вариант ҳисобланади. Рақибнинг қарши ҳужумларини қайтариш “Барселона” ўйинида муҳим қисм ва хорватиялик футболчи буни мукаммал тарзда амалга оширмоқда.  Камига Эрнесто Вальверде уни жуда-жуда қадрлайди. Ҳатто миш-мишларга кўра, Ракитични жамоада олиб қолиш талаби эвазига мураббий шартномасини қайта узайтирилишига рози бўлган.

Келгуси мавсумда 4 та асосий таркибда ўйнашга лойиқ футболчилардан учтасига майдонда жой бор. Ракитични ёзда олиб қолиб уни Бускетс, Артур ва Френки билан ротация қилиш вариантини ғам ўйлаб кўриш керак. Кейин уни бемалол сотиб юбориш мумкин. Ёки уни шартномаси муддати тугашига имкон бериш керак.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар