"Бенфика" клуби вакиллари "Андижон"да! Ташрифдан мақсад қандай?

“Андижон” жамоасининг нуфузи ва имиджини ошириш бўйича раҳбарият томонидан ишлаб чиқилган аниқ режалар мавжуд бўлиб, улардан бири Европа клуби билан истиқболли келишувга эришиш эди. Шу мақсадда Португалиянинг “Бенфика” клуби билан ҳамкорлик бўйича дастлабки қадамларни ташлади. Бу хусусида “Андижон” жамоаси матбуот хизмати ҳам хабар бермоқда.

Ҳаммамизга яхши маълумки, бугунга келиб Европа футболи бошқа қитъалардан анча илгарилаб кетгани ҳеч ким учун сир эмас. Миллионлар ўйинини санъат даражасига олиб чиқишга эришишмоқда, десак янглишмаймиз. Андоза олишга арзийдиган ишлари талайгина. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўз олдига ривожланиш стратегиясини мақсад сифатида қўйган "Андижон" клуби раҳбарияти ҳам бир жойда депсиниб туришни истамаяпти. Гарчи, клуб Суперлигада қолиш учун кураш олиб бораётган бўлса-да, қолган жабҳаларга ҳам эътибор қаратишни унутмаяпти. Тизимни тартибга келтириш, инфратузилмани замонавий кўринишга олиб келиш борасида изланилмоқда, десак тўғри бўлади. Шу мақсадда “Бургутлар” Европада ўз ўрнига ва мавқеига эга бўлган, истеъдодларни етиштириш бўйича бошқаларга ўрнак бўла оладиган “Бенфика” билан яқиндан алоқа ўрнатишни бошлади.

бенфик1

Ёдингизда бўлса, “Андижон” клуби раҳбари Журъатбек Қувватов Sports.uzга берган олдинги интервьюларидан бирида айнан “Бенфика” клуби билан ҳамкорлик борасида музокаралар олиб борилаётгани ҳақида айтганди. Фақат пандемия сабабли бу жараён бироз чўзилганди.

Ниҳоят, узоқ давом этган музокаралардан сўнг келишувга эришилиб, португалияликлар икки вакилини вазиятни ўрганиш, келишув имзолаш мақсадида Давиде Гомес ва Уго Рибейрони сафарбар этишди. Куни кеча ушбу мутахассислар Андижонга етиб келди. “Бенфика” клуби вакиллари “Андижон” клуби раҳбари Журъатбек Қувватов билан учрашдилар. Португалиялик меҳмонлар “Андижон” жамоаси билан ҳамкорликни йўлга қўйганидан мамнун эканликларини таъкидлаб ўтди. “Андижон” ва “Бенфика” жамоалари биргаликда Андижон шаҳрида Португалия клуби билан ҳамкорликда футбол академиясини очиш борасидаги масалалар кўриб чиқилди ва бу борадаги ҳамкорлик тўғрисида музокаралар олиб борилди. Маълумот ўрнида шуни айтмоқчимизки, “Бенфика” жамоасининг дунё бўйлаб 13 та академияси мавжуд. Келажакда Андижон шаҳрида ҳам “Бенфика” академияси ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда.

бенфика1

Шунингдек, меҳмонлар “Андижон” клуби тасарруфидаги футбол мактабини ҳам кўздан кечиришди. Табиий чимли стандарт учта майдонга эга даргоҳ португалияликларда илиқ таассурот қолдирганлигини кейинги суҳбатлар давомида англаш қийин эмасди. Мураббийларнинг машғулот жараёнини бевосита амалда кузатишди.

Табиийки, “Бенфика” клубидан келган мутахассислар “Бобур арена” стадионини ҳам яқиндан кузатиб чиқдилар. Улар стадион билан танишаётган маҳалда “Андижон” жамоаси “Насаф”га қарши ўйин олдидан охирги машғулотини ўтказди. Португалияликлар футболчиларнинг енгил машғулотларини томоша қилишди ва ўзлари учун бир нималарни қайд этишиб, ёзиб олишди. Машғулотлар якунига етгач, бош мураббий Виктор Кумиков билан ўн дақиқа давомида суҳбатлашишди. Таржимон ёрдамида мулоқот қилишса-да, футбол тилида фикрларни англаш қийин кечмади. "Андижон" устози ҳазилни асосий ўринга қўйиб, тезда ўртадаги "масофа"ни "яқинлаштириш"га эришди.

бенфика

Шундан кейин меҳмонлар “Андижон” ҳамда “Насаф” жамоалари иштирокидаги ўринбосарлар баҳсини ҳам стадионда томоша қилдилар. Шуни таъкидлаш керакки, ҳозир улар "Андижон" клубига оид ҳолат, шароитларни ўрганишмоқда ва кузатувлар хулосасини юртларига етиб боришганида беришади. Кейинги муносабатлар клублар ўртасида қандай кечади, ана шунда билиб оламиз. Андижондаги футбол ҳолати билан яқиндан танишиб чиқаётган “Бенфика” вакилларининг ташрифи давом этмоқда. Режага кўра, улар бугун бўлиб ўтадиган “Андижон” ҳамда “Насаф” жамоалари иштирокидаги ўйинга ҳам гувоҳ бўладилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Узбек легионер
06/11/2021 01:49
Бенфикани ким уйлаб топибди..?
Якинрокдан топайлик.....
&
Мехриддин Абдурахмонов
25/10/2021 01:42
Андижонда омад, кийин булади. Лекин лиганда колса кейинги йилга яхши узгаришлар булса керак.