Беш йилдан бери захирага
Ads

Бу йил чемпионлик камарини ҳимоя қила олмаслиги аниқ бўлиб улгурган ва асосан иккинчи ўрин учун курашаётган «Локомотив» клуби чиндан ҳам қимматли очколарни бой бериб, «Пахтакор»ни ўзидан анча олдинга ўтказиб юборди. Лекин бугунги мақоламиз жамоанинг чемпионликни қўлдан чиқараётгани билан боғлиқ эмас. Балки, «темирйўлчилар» сафида бешинчи мавсумини ўтказаётган, бироқ шунча пайтдан бери захирада ўтириб ўз вақтини кутаётган Маъмур Икромов ҳақида. Бу йил 37 ёшни «уриб» қўйган Икромов аслида тажрибали посбон саналади. Шунинг учун ҳам «Локомотив» захирасида тажрибали посбони бўлишини истаган ҳолда уни қўйиб юборгиси келмаяпти. Лекин энди бу ҳолат Маъмурга ёқмаяпти. Масалан, бу йил у ҳали Суперлига доирасида бирор марта ҳам майдонга тушгани йўқ, фақат Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи охирги турида Қатарнинг «Ал Райян» жамоасига қарши майдонга тушганди. «Локо»нинг захира дарвозабони бир қатор масалаларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бу ерда мени ҳамма нарса қониқтиради, фақат…»

- «Локомотив»да мени биринчи ушлаб турган масала – бу Тошкентда, уйим, бола-чақамнинг олдидалигимдир. Бундан ташқари, мени «Локомотив»даги барча шароитлар қониқтиради. Мана, беш йилдан бери Осиё Чемпионлар лигасида ҳам иштирок этиб келяпмиз. Минус томони эса мен бу ерда ўйнаётганим йўқ, захирада қолиб кетяпман. Лекин машғулотларда тер тўкиб ишлаяпман ва ҳар доим майдонга тушишга тайёр бўлиб турибман. Ҳамма нарса бўлиши мумкин, шунинг учун спорт формамни сақлаб келяпман.

«Назаримда, мавсум якунида «Локомотив»дан кетаман»

- Ўзимнинг фикрим бўйича ҳам бу йил асосий таркибда майдонга тушарман деб ўйлагандим. Лекин кимни майдонга тушириш – бу мураббийнинг танлови. Ушбу мавсум олдидан эса иқтидорли ёш посбон Жавоҳир Илёсовни таклиф қилишди. Унинг келажакда янада яхши посбонга айланишига умид қилиб, у билан бежизга уч йилга шартнома тузишмаган. Назаримда, мураббийлар менга ишонч билдиришмади. Албатта, мени ҳам ўйнагим келади, хадеб захирада қолиб кетавериш кимга ҳам ёқарди. Менга эса деярли имконият ҳам берилгани йўқ. Аммо шунга қарамасдан, ҳамон имкониятимни кутиб ўтирибман. Тўғриси, захирага ўтиришдан чарчаганим учун бу йил жамоамни алмаштирмоқчи эдим. Кейин Игнатий Нестеров кетганидан сўнг «Локомотив»да яна қолиб кетдим. Янглишмасам, бу йил менинг «Локомотив»даги охирги мавсумим бўлса керак. Лекин доим пешонамизга ёзилганини кўрамиз. Бироқ катта эҳтимол билан кетсам керак. Ахир мени ҳам ўйнагим келади.

икромов4

«Вақтимни кутавериб чарчадим»

- Вақтим келишини кутишдан чарчадимми? Нима ҳам қилардим, бу – ҳаёт. Албатта, кутавериб чарчадим. Кўриб, билиб турибманки, бу ерда менга имконият беришмайди. Худо кўрсатмасин-у, асосий посбон жароҳат олиб қолса ёки бошқа бир жиддий сабаб бўлса шундагина мени майдонга туширишлари мумкин холос. Кейинги йилга бошқа клублардан вариантлар бўлса, кўриб чиқаман.

«Яна бемалол 2-3 йил юқори савияда ўйнай оламан»

- Юқорида айтганимдек, машғулотларда қаттиқ ишлаб, ёшларга ўрнак бўлишга ҳаракат қиляпман ва ҳар доим майдонга тушишга тайёр бўлиб келяпман. Шунинг учун фақат сабр қиляпман. Ахир сабр таги олтин деб бежизга айтишмайди. Беш йилдан бери асосий таркиб машғулотларда қандай ишласа, мен ҳам улар билан бир хил равишда шуғулланиб келяпман. Чунки мен кучимга ишонаман. Яна бемалол 2-3 йил юқори савияда ўйнай оламан. Фақат менга ишонч билдиришса бўлди.

«Ёш дарвозабонлар орасида яхшиларини кўрмаяпман»

- Тўғри, ҳозирда ёш дарвозабонларга кўпроқ эътибор қаратиляпти. Лекин менинг фикрим шундайки, ёшларнинг орасидан яхши дарвозабонлар чиқаётгани йўқ. Мен ёшларнинг ичидан яхши дарвозабонлар кўзга ташланаёганини кўрмаяпман. Илгари эса бизнинг ёшдаги посбонлар орасида 7-8 нафар маҳоратлилари бўларди. Балки менинг ёшимга ҳам қараб, унчалик қизиқишмаётгандир. Аммо бундай ёшдагиларда тажриба катта бўлади. Мисол учун мендан бир ёш кичик бўлган Игнатий Нестеров ҳозирги ҳолатида ҳам исталган жамоани кучайтира олади. У бошқа ёшлардан бир бош кучли. Агар бизга ишонч билдиришса, бошқа жамоаларда йиллар давомида тўплаган тажрибамиз ёрдамида ўйнай оламиз. Агар биз ўйинчи бўлганимизда тушунардик, шу ёшда майдон бўйлаб югуришимиз осон бўлмасди. Бироқ дарвозабонларга жисмоний куч у қадар таъсир кўрсатмайди. Афсуски, ҳозирги ёшларнинг кўпчилигида руҳияти кучсиз. Шунинг учун ҳам савияли дарвозабонлар кам. Айримлари Осиё чемпионатларида ўйнаб, керак бўлса жаҳон чемпионатида қатнашиб қайтишгач, бошқа клубларга ўтишади ва шу билан улар бўлди, мен мақсадимга эришдим деб ўйлашади. Аммо дарвозабон ҳеч қачон ярим йўлда тўхтаб қолмаслиги керак. У яна олдинга қараб ўсишда давом этавериши керак. Айнан шу нарсада ёшларимиз оқсаб қолишяпти. Бирор-бир жамоага ўтишда яхши ойлик ва мукофот пулига эга бўлса ёки яхшигина кўтарма пулини олса, мақсадим ушалди деб хато ўйлашяпти. Аслида бу фақат дарвозабонларга эмас, ўйинчиларга ҳам тегишли. Бизнинг пайтимизда эса бундай эмасди, ҳеч нимага қарамасдан киришиб кетаверардик, фақат ўсиш ҳақида ўйлардик. Футболдан бошқа нарса ҳақда ўйламасдик. Ҳозирги ёшлар эса…ҳаёт ҳам ўзгариб кетди. Бизнинг давримизда интернет унчалик оммалашмаганди. Бекор вақтимиз бўлмасди, бўш қолсак машғулотга чопардик. Вақтимиз футбол билан ўтарди. Ёшлар эса интернетга берилиб, хаёллари бўлиняпти.

икромов

«Локо»даги шунча йилларим бекорга кетмади»

- Албатта, «Локомотив»да шунча йилдан бери бекорга вақтим ўтмаяпти. Уч марта Ўзбекистон чемпиони, икки марта Ўзбекистон Кубоги соҳиби, бир марта эса Суперкубок эгасига айландим. Шунинг учун бу ерга келиб гарчи ўйнамаётган бўлсам-да, афсусланмайман. Чунки жамоа аъзоси сифатида бир қатор совринларни қўлга киритдим. Худога шукр, барча совринларга эришдик. Энди ўйнашим керак. Умид қиламанки, келаси йили етарли даражада ўйин амалиётига эга бўламан.

«Иванков билан Нестеров энг яхшиси»

- Ўзбекистонда дарвозабонлар бўйича энг яхши мураббий деб Денис Иванковни айтган бўлардим. У бежизга миллий терма жамоада ҳам ишлаётгани йўқ. Мен учун эса барибир Игнатий Нестеров биринчи рақамли посбон. У ҳозирги ҳолатида ҳам майдонга чиқадиган бўлса, бошқалардан яхши қўриқлай олади. Нестеров биринчи даврадан кейин яна «Локомотив» билан шартнома тузган. 13 октябрдан унга яна майдонга тушишга рухсат берилади.

 

Минбар

Барча блоглар