Бирорта футболчи Ҳусановга яқинлаша олмади!
Франция кубоги доирасидаги учрашувда Абдуқодир Ҳусанов ўйнаётган “Ланс” мамлакатнинг энг қудратли клуби ПСЖ футболчилари билан тўқнаш келди.
Лансликлар кучли рақибга қарши муносиб ўйин кўрсатди. Айниқса, парижликларнинг трансфер нишони бўлган Абдуқодир Ҳусанов зўр ўйнади. 20 ёшли легионеримиз ҳимоядаги вазифаларини тўлиқ бажариш билан бирга, ҳужумларда ҳам рақиб дарвозасига хавф солди.
“Ланс”нинг голи ўзбек футболчисининг зарбасидан сўнг ПСЖ дарвозасидан жой олди. Тўп дарвоза тўрига тушишидан олдин Мбала Нзолага теккани учун гол анголалик ҳужумчи ҳисобга ёзилди. Амалда ҳамма ишни Абдуқодир қилганди, ҳатто гол нишонлашни ҳам.
Бироқ Уилл Стилл шогирдлари пенальтилар сериясидан имкониятни бой бериб қўйди ва ПСЖни кейинги босқичга ўтаказиб юборди.
Франция футболини ёритиб келаётган нуфузли манбалардан бири LE11HDF.FR сайти “Ланс”нинг учрашувдаги энг яхши ўйинчисини аниқлаш мақсадида мухлислар ўртасида анъанавий сўровнома ташкил қилди.
Сўровнома натижаларига кўра, Абдуқодир Ҳусанов катта устунлик билан жамоасининг энг зўр ўйинчиси, деб топилди. “Ланс”нинг бирор футболчиси овоз жамғаришда ўзбек легионерига яқин кела олмади.
Натижалар қуйидагича бўлди:
Абдуқодир Ҳусанов: 80%
Пшемислав Франковски: 7%
Эдриан Томассон: 3%
Эрве Коффи, Кевин Дансо, Мбала Нзола: 2%
Анжело Фульжини, Нил Ал-Айнауи, Энди Диуф: 1%
Факундо Медина, Дейвер Мачадо: 0%.
LE11HDF.FR сайти мавсум бошидан бери “Ланс”нинг ҳар бир учрашувида жамоанинг энг яхши ўйинчисини овоз бериш йўли билан аниқлаб келади.
Сайт талқини бўйича Абдуқодир Ҳусанов жами саккиз бор энг зўр футболчи номини қўлга киритди. Хусусан, ҳамюртимиз Конфедерациялар лигаси доирасида “Панатинаикос”, миллий чемпионатда “Монако”, “Лион”, “Ницца”, “Страсбур”, “Сент-Этьен”, “Монпелье”, “Осер” ҳамда Франция кубогида “Пари Сен-Жермен” жамоаларига қарши ўтказилган учрашувларда “Ланс”нинг энг яхши ўйинчиси бўлган. Бу кўрсаткич бўйича ҳам бирор футболчи Абдуқодирга тенг келолмайди. Фақатгина Адриен Томассон учта ўйинда жамоасининг энг фаол чарм тўп устаси, деб танланган.
Абдуқодир Ҳусановнинг ёрқин ўйинлари унинг трансфер суммаси кўтарилишига асос бўлмоқда. Бугунги кунда transfermarkt.world портали томонидан 12 миллион еврога баҳоланаётган 20 ёшли легионеримиз Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо ўйинчиси ҳисобланади.
Фикрлар