"Бизга бутун Ўзбекистон мухлислик қилади" ёхуд Улуғбек Бақоев таркибдаги йўқотиш, ОФК Кубогидаги вазифа, Ғофуров масаласи ва рақиблар ҳақида
Маълумки, “Сўғдиёна” клуби 24 июнь куни Тожикистон пойтахти Душанбеда ОФК Кубоги гуруҳ босқичидаги илк учрашувини Қирғизистоннинг “Нефтчи” жамоасига қарши ўтказади.
Ўз тарихида илк бор мазкур мусобақада қатнашишга ҳозирлик кўраётган жиззахликлар бугун тонгда Душанбега жўнаб кетдилар. Суперлигада муваффақиятли иштирок этаётган клубдан халқаро майдонда ҳам яхши натижалар кутиб қоламиз. Сафар олдидан бош мураббий Улуғбек Бақоев билан боғландик.
Тайёргарлик ва таркиб ҳақида
- Таркиб борасида муаммолар кўзга ташланмаяпти. Ҳаммаси жойида. Энг асосийси, бу биз учун жуда қизиқарли бўлади. Чунки клуб биринчи бор ОФК Кубогида иштирок этади. Биз бу турнирга тайёрмиз. Футболчиларимизнинг жисмоний ва функционал аҳволи аъло даражада. Қўшимчасига биз чемпионат доирасидаги турда ғалаба қозондик. Шу боис йигитларнинг кайфияти янада кўтаринки ҳолатда. Бир сўз билан айтганда, биз турнирга кўтаринки кайфиятда кириб бормоқдамиз. Тўғри, биргина йўқотиш бор. Элёр Орифов жароҳат олган. Умид қиламизки, унинг жароҳати унчалик жиддий бўлмай, тез орада сафга қайтади. Жароҳат сабаб у Тожикистондаги мусобақада иштирок этмайди. Агар гуруҳ баҳсларидан ўтиб олсак, Элёр Орифов албатта кейинги учрашувларда қатнашади. Умуман айтганда, ҳамма соғ-саломат.
Рақибларни қанчалик ўрганишмоқда?
- Биламизки, ҳозир рақибларнинг ҳаммаси ўз чемпионатларида ўйнашмоқда. Уларнинг аксарияти ўйинни ҳимояга таянган ҳолда ташкил этади. Рақибларни имкон қадар синчковлик билан ўрганяпмиз. Албатта, ўзаро тўқнашувларда қийинчиликлар юзага келиши тайин. Рақибларимизни асосан миллий биринчиликларидаги ўйинлари орқали ўрганиб боряпмиз. Футболда исталган рақиб билан беллашса бўлади.
ОФК Кубогида дебют қиладиган жамоамизда ортиқча хавотирлар йўқми?
- Ўйлайманки, бу масалада бизда муаммолар кўзга ташланмаса керак. Нега деганда, йигитларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати аъло даражада. Бутун клуб ва менинг мураббийлар штабимдагилар учун чиндан ҳам ОФКдаги иштирок дебют. Албатта, шундан келиб чиққан ҳолда ўзига яраша ҳаяжон бўлади. Чунки биз халқаро мусобақада Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилишга киришамиз. Биз учун эса бутун Ўзбекистон мухлислик қилади. Юрт шаънини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қилиб, кейинги босқични кўзлаган ҳолда турнирга киришмоқчимиз. Жиззахлик мухлислар ОФК ўйинларини бевосита стадионда ўтириб кузатишлари учун қўлимиздан келган ҳаракатни қиламиз. Ўз-ўзидан бизда шунга интилиш юқори. Бу йўлда боя айтганимдек, катта ҳаяжон ва қайғуриш бўлади. Умид қиламанки, йигитлар ўйинлар олдидан ҳаяжонларини босиб олишади.
Ҳусниддин Ғофуров тўғрисида
- Ҳусниддин Ғофуров биз билан кетади. Лекин у мавсумнинг биринчи ярми учун “Нефтчи” таркибида рўйхатдан ўтказилгани боис учрашувларда иштирок эта олмайди. У трибунада ўтирган ҳолда жамоа учун мухлислик қилади. Кейинги босқичга чиққанимизда бизга ёрдам бериши мумкин. Бироқ ҳозир Ғофуровни рўйхатда ўтказишга улгурмадик. Шунингдек, Даниель Насриддинов қўшилди. У жароҳатдан фориғ бўлди. Даниелни ОФК турнирида қатнашадиган футболчилар рўйхатида ўтказдик. Шу сабаб ўйинчимиз бемалол мусобақада иштирок эта олади.
“Насаф”нинг натижасини такрорлай оладими?
- Биз “Насаф”ни ўзбек футболининг гранди ва брендларидан бири сифатида биламиз. Боз устига бу клуб ОФК Кубогида бир эмас, бир неча бор қатнашган ва ўз вақтида ғолиб чиқишга улгурган. Айни пайтда “Насаф” чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига чиққан ягона вакилимиз бўлиб турибди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда кейинчалик “Насаф”га ОЧЛда омад ёр бўлишини тилаб қолмоқчиман. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, “Насаф” учун Осиё майдонларида иштирок этиш анча енгил кўриниш ҳосил қилган. Албатта, биринчи марта бундай мусобақада қатнашиш осон кечмайди. Аммо футболда ғалабаларга енгил эришиш мумкин эмас. Бир сўз билан айтганда, йигитлар клуб олдига қўйилган вазифани бажаришни мақсад қилганлар.
Фикрлар