"Бошқа жамоалардан таклифлар бор, Сардор Рашидов чиройли ўйинлари билан яхши ном қолдирган" - шартномаси тугаётган легионеримизни олиб қолишмоқчи...ми"

Истеъдоди ярим ҳимоячимиз Бахтиёр Қосимов 2022 йилнинг ёзида “Сурхон”дан Қатарнинг “Ал-Хор” клубига кўчиб ўтгани ёдингизда бўлса керак-а?

Легионеримиз ўз клубида муҳим фигуралардан бирига айланган, десак муболаға қилмаймиз. Тез орада Қосимовнинг клуби билан тузган шартномаси якунланади. Sports.uz журналисти Бахтиёр билан боғланди.

- Бахтиёр, Қатар чемпионатида ўтган йилдан буён фаолият олиб боряпсиз. Биламизки, жамоангиз билан асосий мақсадингиз Қатар юлдузлар лигасига чиқиш эди. Чемпионат ҳам якунланиб қоляпти...

- Қатарда чемпионат якунланишига 4 та тур қолди. Ҳозирча жамоамиз мусобақа жадвалида 1-ўринда. Бизнинг клубда ҳамма нраса яхши ва шу жумладан муҳит ҳам. Кейинги турда 2-ўринда бораётган клубга қарши майдонга тушамиз. Ўртада эса 3 очколик фарқ бор. Қатар юлдузлар лигасига чиқишимизга 4 қадам қолди. Худо хоҳласа, олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз. Менинг ҳам “Ал-Хор”даги фаолиятим кўнгилдагидек давом этяпти. Худо хоҳласа, олдимизга қўйилган вазифани максимал даражада бажариб юлдузлар лигасига чиқамиз.

бахтиёр1

- Фаолиятингизда илк бор легионер сифатида тўп сураётганингизни инобатга оладиган бўлсак, ўтган вақт мобайнида футболчи Бахтиёр Қосимов сифатида қанчалик ўзгардим, дея оласиз?

- Легионер сифатида тўп суриш катта масъулият ҳисобланади. Мен эса табиийки, ушбу зиммамдаги масъулиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда ҳаракат қиляпман ва бу ҳолатни ўзимда ҳам сезяпман. Худога шукр, Қатар чемпионатида тўп суриб футболчи сифатида анча ўсишга эришдим. Ўз кучимга бўлган ишонч янада ортди.

- Билишимча, “Ал-Хор” билан тузилган шартномангиз шу йилнинг май ойида тугайди. Кейинги режангиз яна ушбу клуб билан мавжудми ёки...

- Ҳозирда фақат клуб билан олдимизга қўйилган вазифа ҳақида ўйлаяпмиз. Мақсадимизга эришганимиздан сўнг шартнома ҳақида агентим – Жаҳонгир Усмонов билан маслаҳатлашган ҳолда “Ал-Хор” ёки бошқа таклифлар борасида бир қарорга келамиз. Айни дамда бор эътиборимиз чемпионатга қаратилган. Биз учун энг кучли ўйинлар қолган.

- Хизматингизга бошқа клублардан қизиқишлар борми? Айтайлик, балки ўзингизни яна бошқа чемпионатда синаб кўрмоқчидирсиз...

- Менга Қатар чемпионати ёқди. “Ал-Хор” жамоасида қолиш-қолмаслигим клубни юлдузлар лигасига чиқишига боғлиқ. Бошқа жамоалардан таклифлар бор, йўқ эмас. Мен бу ерда ўзимни яхши томонлама кўрсатишга ҳаракат қиляпман. Ўйлайманки, юлдузлар лигасида ўйнаб максимал даражада ўз сўзимни айта оламан. Боя таъкидлаб ўтганимдек, Қатар чемпионати албатта ёқди. Насиб қилса, бу ерда яна кўп йиллар давомида тўп суриш ниятим бор. Ризқим қаерда ёзилган бўлса, ўша ерга борамиз.

бахтиёр2

- Клубингиздагилар сиздан бошқа ўзбекистонлик футболчилар хусусида ҳам сўраб туришадими?

- Мендан ўзбекистонлик футболчиларни кўп сўрашади. Чунки бу ерда Сардор Рашидов ўзининг чиройли ўйинлари билан яхши ном қолдирган.

- Қатардаги жаҳон чемпионатидан кейин у ерда нима ўзгарди? Маҳаллий аҳолининг футболга қизиқиш янада ортдими?

- Жаҳон чемпионатидан кейин катта ўзгариш бўлгани йўқ. Ҳамма нарса олдинги режа бўйича кетяпти.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!