Cардор Мирзаев: "Локомотив"ни олдинда улкан ғалабалар кутмоқда

Бу сафар "темирйўлчилар"га Бекобод шахри шарафини ҳимоя қилувчи жамоа – "Металлург" рақиблик қилади.

"Локомотив"нинг етакчиларидан бири Сардор Мирзаев мазкур ўйин олдидан клуб расмий сайтига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

"Куни кеча жамоамизнинг кўп футболчилари қатори мен ҳам клуб машғулотларига келиб қўшилдим. Бизни олдинда "Металлург"га қарши жиддий тўқнашув кутиб турибди. Ушбу матч олдидан асосан тикланиш машғулотлари ўтказдик. Сабаби Миллий терма жамоа йиғини ва ўйин ўртасида унча катта вақт йўқ эди. Умуман олганда, Суперлигамизнинг иккинчи босқичига тайёрмиз, дея оламан. Бундай даражадаги учрашувларда майдонга тушиш ҳамиша ёқимли. Мухлислар ҳам чемпионатимизнинг ҳал қилувчи ўйинларида асло зерикиб қолишмайди. Бу йил ҳисобидан бизга қарши "Металлург" яхши қаршилик кўрсата олди. Рақибимиз ўз уйида яхши ўйин кўрсатади. Биз ҳам ўз навбатида ушбу ўйинда максимум натижа учун ҳаракат қиламиз. Ҳали олдинда бизни улкан ғалабалар кутаётганига ишончим комил", - деди тажрибали футболчи клуб расмий сайтига.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!