Чемпиондан ўзига хос тавсиялар ёхуд унинг уй шароитидаги ажойиб машғулотларидан завқ олинг

Маълумки, айни вақтда бутун жаҳонда коронавирус пандемияси туфайли, карантин ҳолати жорий қилинган. Жумладан, бизнинг юртимизда ҳам шундай жараён кузатилмоқда. Албатта, карантин - ушбу касалликни авж олмаслиги ва мазкур балони бартараф этиш йўлидаги энг одилона қарордир.

Гарчи, бутун мамлакат бўйлаб шундай ҳолат ҳукм сураётган бўлса-да, ҳар ким ўзи учун бу вазиятдан ҳам унумли фойдаланган ҳолда, ўз билимини, спортдаги салоҳиятини ошириш имкониятига эга... Бунинг учун эса, уй шароитида спорт машғулотлари, ўқиш-ўрганиш кераклиги зарур бўлади.

Шуни инобатга олиб, биз мамлакатимизнинг кўзга кўринган машҳур спортчиларининг тавсиясига қулоқ тутамиз. Зеро, уларнинг маслаҳатлари ёшларимизга, умуман олганда барчамизга қисман бўлса-да, фойда беришига ишончимиз комил.

жас

Бу борада биринчи бўлиб ўзбек ММА оламининг байроқдори Суннат Ильясов бошлаб берган эди. Бу сафар эса, таэквондо WT бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби, бир сўз билан айтганда ушбу спорт тури бўйича юртимизнинг энг совриндорларидан бири, ҳозирда Ўзбекистон таэквондо WT терма жамоаси ёрдамчи мураббийи Жасур Бойқўзиев ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

- Инсон чин кўнгилдан хоҳласа, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзи учун етарли шароитни қилиб олади. Гарчи, шароит мукаммал бўлмасада, ўзи учун фойдали ишларни амалга ошириши мумкин.

Коронавирус туфайли карантин ҳолати ҳукм сурмоқда. Барча ўз уйида... Лекин бу спорт билан шуғулланиш керакмас, дегани эмаску тўғрими? 

Нафақат ёш спортчилар, балки барча инсонларни жисмоний тарбия ва спорт билан ҳамнафас бўлишларини тавсия этган бўлардим. Чунки соғлом турмуш тарзи орқалигина бундай касалликларга чалинмаслигимиз мумкин. Яъни, спорт ва жисмоний тарбия машғулотлари билан мунтазам шуғулланиб бориш, инсон иммун тизимини кучайтиради. Бу тиббиётда ҳам тасдиқланганлигини барча билса керак. Шунинг учун бу имкониятни қўлдан чиқармаслик лозим. Қолаверса, ота-оналар, катталар шу нарсалар билан машғул бўлиши, ёшларимизнинг ҳам бундай фойдали ишлар билан ошно тутинишларига сабаб бўлади.

Жасур2

Яна шуни қўшимча қилиш лозимки, ёш спортчиларимизга, ушбу ҳолатдан унумли фойдаланган ҳолда хориж тилларини мукаммал ўрганиб олишларини маслаҳат берардим. Чунки спортчилар учун хорижий тиллар жуда зарур бўлади. Мана биз буни бошимиздан ўтказганмиз.

Қолаверса, бадиий китобларни кўпроқ ўқиш зарур. Бу инсоннинг фикрлаш доирасини кенгайтиради. Мактаб дарсликларини ўзлаштиринг, ҳар қандай фан ҳаётимизда қачондир керак бўлиши аниқ. Ота-оналарга ёшларимизга ушбу даврда кўпроқ эътиборли бўлишларини, уларни янада фойдали ишлар билан машғул бўлишларини таъминлашини айтиб ўтган бўлардим. Зеро, бекорчилик туфайли ёшларимизда салбий ҳолатларни юзага келтириш мойиллиги юзага келиши мумкин.

Энг асосийси эса, ҳозирги шароитда белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилган ҳолда, уйда қолинг ва ўзингизни асранг!

Қуйида Жасур Бойқўзиевнинг уй шароитида қай тарзда машғулотлар олиб бораётганлигини томоша қилишингиз мумкин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!