Диёр Имомхўжаев: Агар иш ақл билан қилинса...

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев Андижонга ташрифи давомида вилоятнинг бош жамоаси тўп сурадиган "Бобур Арена" (собиқ "Соғлом Авлод") ҳақида фикр билдирди.

- Биздаги энг катта муаммо — стадионлардан оқилона фойдаланмаслик. Эски тизимдаги кишилар стадион атрофини темир панжара билан ўраб, ҳавони қўриқлаб ўтиради. Нормал ҳолатда стадионга ёндош ҳудудда фақат ўйин куни эмас, ҳар куни ҳаёт қайнаши керак.

Андижоннинг бугунги эгалари ўзларига тегишли бўлмаган стадион учун сўнгги 1,5 йилда 7 млрд сўм пул сарфлади. Темир панжаралар олиб ташланди, стадион чегарасига қадар аҳоли учун сайлгоҳга айлантирилди. Замонавий талаблардан келиб чиқиб, стадион остида дўконлар ташкил этилди.

Бироқ стадион Андижон олимпия захиралари коллежига қарашли. Яъни, исталган вақтда тадбиркор стадион учун тиккан пулига куйиб қолаверади. Оддий мисол, тадбиркор шунча пул тикса ҳам, келишувга кўра коллеж сотилган чипталар умумий қийматининг 50 фоизига эга чиқади (чипта тахминан 15 минг сўм). Яна клуб стадионнинг йигирмадан зиёд ишчисига қўшимча пул тўлайди (улар майдонни парвариш қилади ва уни ўйинларга тайёрлайди).

Агар мазкур стадион тадбиркорга инвестиция киритиш шарти билан узоқ йилга ижарага берилса, унда яна ижобий ўзгаришлар бўлиши мумкин. Айтайлик, келаси йил учун Соғлом авлод прожекторини яхшилаши керак. Сметага кўра, бу тахминан 3 млрд сўмни талаб қилади.

Айни ҳолатда эса, тадбиркор ҳам клубни ва ҳам ўзига тегишли бўлмаган стадионни молиялаштириши қийин масала. Аслида 2020 йил аввалида вилоят ҳокимияти катта куч ташлаб, стадионни реконструкция қилди, клубга чипталар сотувида ёрдам берди, керак пайтда маблағ топиб берди. Бугун эса булар йўқ.

Афсуски, шунча пулга хориждан сотиб олинган газон бугун талабга жавоб бермайди. Дренаж тизими ҳам, майса ҳам яхши эмас (Бухорода ҳам худди шундай эди, аммо улар ҳаммасини ва ниҳоят яхшилади). Агар иш ақл билан қилинса, газон хориждан олиб келинмайди ва балки ўзимизда етиштирилади. Хориждан эса уни парвариш қиладиган техника олиб келинади. Шу ҳолатда майдон минимум 5 йил давомида нормал хизмат кўрсатиши мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!