Энг катта маош олаётган футболчи “Барса”га ҳақиқий бош оғриқ бўляпти
Нидерландиялик плеймейкер Френки де Йонг “Барселона”га катта муаммо бўляпти. Каталонияликлар бу ўйинчини 2019 йили “Аякс”дан олган ва бир йилдан кейин шартномасини 2026 йилнинг 30 июнигача узайтирган. Ана ўша келишувда футболчига 37,5 миллион евро миқдорида йиллик маош белгиланган.
Кейинги йилларда “Барселона” молиявий муаммоларга ўралашиб қолгани учун бу маблағни тўлаш клубга оғирлик қиляпти.
Каталонияликлар нидерландиялик ўйинчидан қутилиш учун уни бир неча маротаба трансферга қўйди, харидорлар билан келишув ҳам бўлди, бироқ Френки клубдан кетишдан бош тортди.
Энди “Барса” хўжайинлари унга янги шартнома таклиф қиляпти. Унда маош пасайтирилган. Бироқ айнан мана шу омил туфайли Френки келишувни имзолашдан бош тортмоқда.
Энг қизиғи, Френки де Йонг анчадан бери майдонга тушгани йўқ. 27 ёшли ярим ҳимоячи жароҳатидан қачон қутилиб, яна сафга қайтиши номаълум.
Фикрлар