Фарҳод Соҳибжонов: "Ҳисоб 8:0 бўлиши ҳам мумкин эди"
“Андижон” клуби про лиганинг 4-турида “Бобур арена”да “Арал Самали”ни қабул қилди ва 4:0 ҳисобида рақибини тор-мор келтирди.
Учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Соҳибжонов клуб матбуот хизматига таассуротлари билан ўртоқлашди.
- “Хоразм”даги ўйинда нотўғри футбол ўйнаганимиз туфайли ўзимизга бўлган ишонч бироз сўнгандек бўлганди. Лекин “Арал Самали”га қарши учрашувда ўзимиз истаган ўйинни кўрсата олдик ва мухлисларимизнинг ишончини оқладик, деб умид қиламан. Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Мақсадимиз Суперлигага чиқиш. Худо хоҳласа, бу вазифани ҳам бажарамиз.
Рақиб ҳам яхши ўйнади. Бошида бизга анча босим кўрсатди, тўпни ўзида яхши сақлади. Гол урганимиздан кейин ўз ўйинимизни топиб, “очилиб” кетдик. Кейинчалик уларнинг ўйинчиси майдондан четлатилди. Ўйин тўлиқ бизнинг назоратимиз остида ўтди.
Ҳа, кўплаб имкониятларни яратдик, аммо улардан фойдаланишда шошиб қолдик. Айниқса, иккинчи бўлимда кўплаб голли вазиятларни яратдик. Агар имкониятлардан фойдаланганимизда 7:0, 8:0 бўлиши ҳам мумкин эди.
Тўғрисини айтсам, кўпроқ гол уришимни кутгандим. Олдинги учта учрашувда ҳам вазиятлардан гол ура олмагандим. Натижада ўзимни руҳий томондан бошқача ҳис қилишни бошладим. Бу сафар эса жиддий тайёргарлик билан гол ураман деб майдонга тушгандим ва дублга эришдим. Голларимни сальто услубида нишонлашни яхши кўраман – бу мен учун одатий ҳол.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар