Файзуллаев ўзбек футболининг кучли жиҳатини айтди
ЦСКАнинг асосий ўйинчисига айланиб олган Аббосбек Файзуллаев Россияда кўплаб мухлису мутахассислар эътиборини ўзига торта бошлади.
Москва клуби матбуот хизмати Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 20 ёшли ҳужумкор футболчисидан интервью олди.
Sports.uz сайти ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ушбу интервьюни ҳавола этади.
ИНТЕРВЬЮНИНГ БИРИНЧИ ҚИСМИ:
Файзуллаев: Бошида мени ортга қайтариб юбормоқчи бўлишган эди...
— Болалигингда кумиринг ким эди?
— Лео Месси. Мен нафақат футболчи, балки инсон сифатида ҳам қаттиқ ҳурмат қиламан. Ташқаридан қараганда, жуда босиқ ва камтар кўринади. Мен унга ўхшашни истайман.
Клублар масаласида “Барселона” мухлисиман, уларнинг ҳар бир учрашувини томоша қиламан. Уларга ўхшашни хоҳлайман. Менинг позициямда ўйнайдиган ўйинчилардан нималарнидир ўрганиб олишга ҳаракат қиламан.
— Ўзбекистонда машҳурлигингни ҳис қиласанми?
— Осиё чемпионатидан кейин таний бошлашди ва уйга келадиган бўлишди. Тўғриси, уйда кам бўламан. Тақвим жуда тиғиз.
— Сен келганингдан кейин клубимиз ижтимоий тармоқларини Ўзбекистондагилар ёндириб ташлаяпти. Сен ҳақингдаги постларга минглаб ҳамюртларинг фикрини ёзади. Нега шундай эканини тушунтириб бера оласанми?
— Бизда доим шунақа бўлган. Улар халқаро миқёсда ўйнаётган ҳаммани кузатиб боришади, ижтимоий тармоқлар ва шахсий саҳифаларга ёзишади. Бу қонимизда бор.
— Сенинг мураббийинг Дмитрий Ан шундай таъриф берди: “Агар унга қаттиқ бақирсангиз, аразлаб қолиши мумкин, шунинг учун унга бошқача ёндашиш керак. У бақирганингдан кейин майдонга чиқиб, ҳаммасини остин-устун қилиб ташлайдиган ўйинчи эмас”. Вақт ўтиши билан бу ўзгармадими?
— Болалигимда шунақа эдим, лекин вақт ўтиши билан ўзгардим. Дмитрий Михайловичнинг ўзи ҳам менга бақириб турарди. Бир марта ундан аразлаб қолгандим, бу ўйинимга таъсир қилди. Яхшиям буни дарров англадим ва муносабатимни ўзгартирдим. Хафа бўлсам, ёмон ўйнайман. Ҳозир танқидни тўғри қабул қиламан, ранжимайман.
— Ўзбекистон ва Россия чемпионатларининг асосий фарқларини нималарда кўрасан?
— Ўйлашимча, ватанимда футбол техник жиҳатдан кучлироқ. Кўп жамоалар ўйинини қисқа паслар орқали ташкил қилади. Россия чемпионати кучга асосланган, бу ерда майдоннинг ҳар бир бурчагида кураш кўп кузатилади. Умуман олиб қараганда, Россия чемпионати кучлироқ.
— Бизда жисмоний кучга асосланган курашлар кўплигини тўғри пайқабсан. Сенинг гавдангни инобатга олганда бу ерда қанчалик қийин бўляпти?
— Дастлабки учрашувлар ғайриоддий туюлди, ҳозир кўникиб кетдим. Мен тўқнашувдан қўрқмайман.
— ЦСКАга келганингда нимадан ҳайратландинг?
— Клубдагиларни ишга профессионал муносабатидан. Худди “Пахтакор”да бўлгани каби ходимлардан ҳам.
— Жамоада ким билан дўстлашиб олдинг?
— Кўп вақтимни Давила, Саша Зделар ва ёш ўйинчилар билан ўтказаман. Жамоага тезроқ қўшилиб кетиш учун ҳамма билан мулоқот қилишга уринаман. Йигитларнинг ҳаммаси зўр, мени яхши қабул қилишди.
Бахтиёр Зайнутдиновга алоҳида раҳмат айтишим керак. Дастлабки кунлари менга катта ёрдам берди, ҳамма билан таништирди. Биз ҳали ҳам гаплашиб турамиз, у Туркияга мослашяпти.
— Давила билан қайси тилда гаплашяпсан?
— Инглиз тилида мулоқот қиляпмиз, у шу тилни ўрганяпти. Кўпроқ таржимон орқали гаплашамиз.
— Тўртта тилни билишингни ёзишди. Шу тўғрими?
— Йўқ, ҳозирча учта – ўзбек, рус ва инглиз тилини биламан. Секин-аста испанча ўрганяпман. Айрим сўзларни Давиладан сўрайман. Ҳозир репетиторсиз шуғулланяпман. Яқинда жиддийроқ киришаман.
— Ўзингни устун томонларинг қайси?
— Қатъият ва киришувчанлик.
— Қайси сифатингни яхшилаш ёки ўзгартиришни истардинг?
— Жисмонан кучайишни ва кўп тилларни ўрганишни.
— ЦСКАдаги дастлабки ойлар қандай ўтганидан мамнунмисан?
— Ҳа, лекин ўз голларим ва пасларим билан жамоага янада кўпроқ фойда келтиришни истайман. Жамоадошларимиз билан майдонда ҳам бир-биримизни тушунишимиз яхшиланиб бораётганини ҳис қиляпман.
Футболчиларимизни “Бавария” скаутлари кузатди...
Файзуллаев: Бошида мени ортга қайтариб юбормоқчи бўлишган эди...
Шомуродов бошқа лигага ўтиши мумкин
Файзуллаев Португалия, Ниделандия грандлари, турклар ва араблар таклифларини қабул қилмади
Файзуллаевни эмас, Мессини мақтанг!
Файзуллаев мени қаттиқ хафа қилди
Фикрлар