
Гвардиола ва Файзуллаев Ҳусановга қандай баҳо берди?
Қишки трансферлар вақтида Франция чемпионатининг “Ланс” жамоасидан Англиянинг амалдаги чемпиони “Манчестер Сити”га кўчиб ўтган Абдуқодир Ҳусановнинг ўйини ҳамманинг диққат марказида турибди.
21 ёшли футболчимиз Англия футболига жуда тез мослашди. Легионеримиз мунтазам бошланғич таркибда майдонга тушмоқда. Энг муҳими, Абдуқодир ҳар бир учрашувни юқори савияда ўтказяпти ва жамоадаги энг яхши ўйинчи сифатида кўп бор эътироф этилмоқда.
Айнан ўзбек ҳимоячисининг фаол ва ишончли ўйини “Манчестер Сити”нинг ҳимоя чизиғидаги кўп муаммоларни ёпиб турибди. Англия Премьер-лигасининг 28-турида “Ноттингем Форест” меҳмони бўлган “шаҳарликлар” айнан ҳимоя чизиғидаги хато туфайли қимматли уч очкодан айрилди.
Бутун ўйин давомида Абдуқодир Ҳусанов қўриқлаган ҳудуддан ўтолмаган Каллум Хадсон-Одои 83-дақиқа қарама-қарши қанотдан ҳужум уюштириб, Йошко Гвардиолни ортда қолдирди ва Эдерсон дарвозасини ишғол қилди.
Хосеп Гвардиола жамоаси мағлуб бўлганига қарамай, ушбу беллашувда икки шогирди жуда яхши ўйнаганини тан олди.
- Икки марказий ҳимоячимиз жуда зўр ўйнади! Бизда бошқа марказий ҳимоячилар қолмаган. Лекин Абдуқодир Ҳусанов ва Рубен Диаш майдондалигида биз жуда сифатли ўйнаяпмиз, - деди Хосеп Гвардиола “Ноттингем Форест” билан ўйиндан кейин.
Абдуқодир Ҳусанов Манчестерга келганидан бери Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида еттита учрашувда иштирок этиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари битта гол ҳам урди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячининг энг яқин дўсти Аббосбек Файзуллаевнинг унинг “Манчестер Сити”даги ҳар бир учрашувини томоша қилаётганини маълум қилди.
- Ҳусанов билан яқин дўстмиз. Терма жамоа йиғинларида ҳам бир хонада турамиз. Тез-тез хабарлашамиз. Унинг ишлари жойида эканини айтишим мумкин. Ҳар ҳолда, дунёнинг энг қийин чемпионатларидан бирида, устига-устак “Манчестер Сити”дек клубда ўзини кўрсатиш осон эмас. Мен Абдуқодир буни уддалашига аминман.
Албатта, Абдуқодир “Манчестер Сити”да қандай дебют қилганини ҳам кўрдим. Биз ўша ўйиндан кейин ёзишдик. Мен унинг ҳар бир учрашувини томоша қиляпман. Унинг “Манчестер Сити”га ўтгани топ-даражадаги воқеа, - деди Аббосбек Файзуллаев.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов “шаҳарликлар”нинг 2025 йилдаги энг биринчи трансфери ҳисобланади. Ўзбек футболчиси учун манчестерликлар “Ланс”га 40 миллион евро бадал пули тўлаган ва яна 10 миллион евро миқдорида бонус белгилаган.
Англия Премьер-лигасидаги биринчи ўзбек футболчисига айланган Абдуқодир Ҳусановнинг клуб билан шартномаси 2029 йилнинг ёзигача давом этади. Томонлар ўзаро келишувга кўра, ҳамкорликни яна бир йилга узайтириши мумкин.
Аббосни Европада кутишяптими? Машҳур агент Ҳусанов ва Файзуллаевнинг фарқини айтди!
Футбол афсонаси Ҳусановга қандай баҳо берди?
Италиялик мухлис: Ўғил кўрсам, исмини Элдор қўяман!
Фикрлар