Футбол афсонаси Ҳусановга қандай баҳо берди?

TIGGO 2 PRO

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Максим Шацких футбол тарихида ўз ўрнига эга. Айни пайтда “Пахтакор” клуби президентининг спорт ишлари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаётган мутахассис бир неча бор тўпурарлик бўйича турли рекордларни ўрнатган.

Хусусан, Шацких Украинада энг кўп гол урган футболчи сифатида ўз номини тарихга муҳрлаб қўйган. Унинг номида легионер тўпурарларнинг клуби ташкил қилинган.

Максим Шацких ҳозирги авлод футболчиларидан Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.

- Сиз Ўзбекистон терма жамоасининг афсонаси сифатида “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг ўйини ҳақида нималар дея оласиз? “Челси” билан бўлган учрашув бошида хатога йўл қўйганди, кейин ўзини тутиб олиб, “шаҳарликлар”нинг муҳим ўйинчисига айланди.

- Мен Ҳусановнинг шундай қилишига ишонган эдим. Аслида ҳамма ҳимоячилар адашади. Жаҳон даражасидаги ҳимоячилар ҳам хато қилади. Ҳар ҳолда Абдуқодир “Манчестер Сити”га келиши билан “Челси”дек рақибга рўбарў келди.

Ҳа, у хато қилди. Лекин Ҳусанов  ўзини йўқотиб қўядиган йигитлардан эмас. Абдуқодир ўйин борасида етарли даражада барқарор ва руҳан чидамли ўйинчи.

Шу боис, мен кейинчалик унда муаммо бўлмаслигига шубҳа ҳам қилмаганман. Натижа ҳам шундай бўлиб чиқди, барча ўйинларни барқарор ўтказиб келяпти.

- Хосеп Гвардиола ҳам Ҳусанов ҳақида ижобий фикрлар билдиряпти. Гвардиола ва Англия гранди трансферда тўғри танлов қилган, дейиш мумкинми?

- Албатта шундай. Ҳозирги пайтда Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” ҳимоясининг келажаги. “Шаҳарликлар” уни танлаб адашмагани минг фоиз!

Шунингдек, биринчи навбатда Ҳусанов бу ўзбек футболининг истиқболи ҳамдир. Бу йигит эндигина 21 ёшга тўлди. Ҳали ҳаммаси олдинда. Ҳусановни билганим учун ҳам уни топ-даражадаги ҳимоячи деяпман.

Эслатиб ўтамиз, Максим Шацких “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ фаолиятининг асосий қисмини хориж чемпионатларида ўтказган. Россияда “Сокол-ПЖД”, “Торпедо Владимир”, “Лада Тольятти”, “Газовик Газпром”, “Балтика” жамоаларида тўп тепган.

1999 йили Украинанинг энг қудратли клуби “Динамо Киев” Шацкихни ўз сафига қўшиб олди. Киевликлар сафида ўн йил ўйнаган легионеримиз орада Қозоғистонга келиб, “Локомотив” жамоасида бир мавсум қатнашди.

Кейинчалик Украинага қайтиб, “Арсенал Киев”, “Черноморец”, “Говерла” ҳамда “Рух Винники” жамоаларида ўйнади ва 2016 йили профессионал фаолиятини якунлаб, мураббийликка ўтди.

Шацких фаолияти давомида клублар миқёсида 592 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 213 маротаба ишғол қилди ва 111 та ассист қайд этган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 60 та ўйинда 33 та тўп киритган.

Гвардиола Ҳусановнинг ўйинига қандай муносабат билдирди?

“Ҳаммаси барбод бўлган пайтда Шомуродов пайдо бўлди!”

Англиялик экспертлар Ҳусановнинг ўйинини қандай баҳолади?

Шомуродовга – бир умрлик шартнома!

Ҳусановга фанатлар яна қандай лақаб беришди?

Италиялик мухлис: Ўғил кўрсам, исмини Элдор қўяман!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
09/03/2025 00:17
Шацких қачондан бери футбол афсонасига айланиб қолди?! Бу нашрни ҳам "сариқ" прессага айлантириб юбордиларинг. Ваҳоланки, спорт нашрлари энг тўғри бўлиши керак.
Кадыров Фердаус
09/03/2025 12:13
Балким узбек футболи учун афсонадир?