Ҳусанов, “Сити” бу “Ланс” эмас! Абдуқодирнинг ўйинига муносабат...

  • 26 январь, 15:12
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Англия Премьер-лигасидаги биринчи ва ҳозирча ягона ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”даги дебют учрашувини ўтказди.

Машур “Этихад” аренасида “Челси”га қарши учрашувда бошланғич таркибда майдонга тушган 20 ёшли легионеримиз катта босимга дуч келди. Оқибатда, ўйиннинг дастлабки беш дақиқаси Абдуқодир учун жуда қийин кечди.

Ҳамюртимиз рақибнинг ягона голига сабабчи бўлди, қўполлиги учун огоҳлантирилди, тўп узатишда хатоларга йўл қўйди. Лекин қисқа фурсатда ўзини ўнглаб олди.

Абдуқодир Ҳусанов дебютига Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Жаъфар Ирисметов муносабат билдирди.

- Дебют сал ўхшамади. Ҳусановга дастлаки хато таъсир қилгани дарров кўриниб қолди.

Хосеп Гвардиола хатодан кейин уни дарров майдондан олиб ташламади ва танаффусдан кейин ҳам бир неча дақиқа ўйнатди. У шунинг учун ҳам Гвардиола.

Ҳусанов хатодан кейин бироз ўзини йўқотиб қўйди, лекин ўзига кела олди. Бунақа босим остида ўйнаш жуда қийин, чунки “Манчестер Сити” бу “Ланс” эмас.

Таваккал ўзини оқладими? Хосеп Гвардиола нима қилаётганини билади. Балки у бошқа вариант ва танлов имконияти бўлмагани учун ҳам Ҳусановни жуда эрта майдонга туширгандир.

Бундан ташқари, бунақа катта суммага ўйинчи олганидан кейин сени нималар кутаётганини биласан.

Бу ҳолат Ҳусановни синдириб қўяди, деб ўйламайман, Абдуқодир ёш ва кучли ўйинчи, олдинда ҳали учрашувлар кўп, ана ўша баҳсларда у яна ўзини кўрсата олади.

Биз унга ишонамиз, бутун Ўзбекистон ишонади, барчамиз уни қўллаб-қувватлаб турамиз, - дейди Жаъфар Ирисметов.

Эслатиб ўтамиз, 20 ёшли Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”дан “Манчестер Сити”га 20 январь куни трансфер қилинди.

Марказий ҳимоячи учун “шаҳарликлар”  40 миллион евро бадал пули ва 10 миллион евро бонус тўлашга рози бўлган. Жами 50 миллион евролик савдо “Ланс” тарихида энг қиммат трансфер экани қайд этилди.

Абдуқодирнинг ўзи клуб билан 4,5 йиллик шартномага имзо чекди. Томонлар ўзаро келишувга кўра ҳамкорликни яна бир мавсум узайтириши мумкин эканлиги битимда белгилаб қўйилган.

Ҳусанов футболдаги дастлабки сабоғини “Бунёдкор” жамоаси академиясида олган. Кейинчалик Беларуснинг “Энергетик—БГУ” жамоасига йўл олиб, профессионал фаолиятини айнан ўша ерда бошлади.

Бир йилдан кейин, яъни 2023 йилнинг ёзида Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони легионеримизни ўз сафига қўшиб олди.

Абдуқодир Ҳусанов Беларусдан Англиягача бўлган йўлни босиб ўтиши учун клублар миқёсида жами 68 та ўйин кифоя қилди холос. Ҳамюртимиз “Сити”даги дебютига қадар “Энергетик-БГУ”да 37 та, “Ланс”да эса 31 та учрашувда майдонга тушган.

Ҳусановга антирекорд учун тўрт дақиқа кифоя қилди, лекин...

Ҳужумкор легионеримиз Премьер-лигадан янги жамоа топди

Ҳусановда бизда йўқ сифатлар бор! Гвардиола Абдуқодирнинг қайси кучли томонларини санаб ўтди?

“Ливерпуль” афсонаси Ҳусанов трансферига қандай баҳо берди?

Шомуродов жамоасида охирги имкон қолди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!