“Ливерпуль” афсонаси Ҳусанов трансферига қандай баҳо берди?
Кетма-кет тўрт йил давомида Англия Премьер-лигасида чемпионликни ҳеч кимга бермай келган “Манчестер Сити” таркибда катта ўзгаришларни амалга оширишни бошлаб юборди.
Жорий мавсум жамоа ўйини ва натижаларида пасайиш ҳамда инқироз кузатилди. “Шаҳарликлар” бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳозирги таркиб билан чемпионлик унвонини ҳимоя қила олмаслигини тан олди.
“Манчестер Сити”нинг нафақат Англия Премьер-лигасида, балки Европа Чемпионлар лигасидаги ўйинлари ҳам қовушаётгани йўқ.
Сўнгги йилларда асосий трансферларини ёзда амалга ошириб келган “Манчестер Сити” бу одатига тескари тарзда январь ойида бир неча янги ижрочиларни олишга қарор қилди. Ҳозирча, режадаги трансферлардан учтаси муваффақиятли амалга оширилди.
“Ланс”дан Абдуқодир Ҳусанов, “Палмейрас”дан Витор Рейс ва “Айнтрахт”дан Умар Мармуш олиб келинди ва улар янги жамоасида машғулотларни бошлаб юборди.
Бутун профессионал фаолиятини “Ливерпуль”да ўтказиб, клуб афсонасига айланган собиқ ҳимоячи Жейми Каррагер “шаҳарликлар” сафига қўшилган футболчилар трансферига баҳо бериб, уларнинг зиммасида қандай катта масъулият турганини айтди.
- Энди “Ланс”дан келган Абдуқодир Ҳусанов ва “Айнтрахт”дан олинган Умар Мармушнинг Хосеп Гвардиола жамоаси ўйинига қандайлар таъсир ўтказа олишига кўп нарса боғлиқ бўлади.
Илгари клубларни мавсумни қутқариб қолиш учун январь ойида шошилинч трансферларни амалга оширишда айблашар эди.
Англия чемпиони бўлган “Манчестер Сити” янги босқичга кўтариляпти. Уларга айнан фавқулодда трансферлар керак. Бундай юқори даражадаги клубнинг мавсум ўртасида трансфер бозорига фаол кириб бориши бироз ғалати туюлади. Бироқ уларнинг бошқа имкони йўқ эди.
“Этихад”да юзага келган инқирозли вазият охирги йилларда амалга оширилган трансферларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятли чиқмагани ортидан юзага келганини тан олиш лозим.
Гарчи улар ўтган йили кетма-кет тўртинчи чемпионлигини нишонлаган бўлса-да, узоқ йиллар хизмат қилган афсонавий футболчиларга муносиб ўринбосарлар топа олмаган эди. Шу боис, янги трансферлар бўйича тезкор қарорлар қабул қилишга тўғри келди, - деди Жейми Каррагер The Telegraph нашрига берган интервьюсида.
“Манчестер Сити” январь ойида Абдуқодир Ҳусанов учун бонусларни қўшиб ҳисоблаганда 50 миллион евро, Умар Мармушга 75 миллион евро ва 18 ёшли Витор Рейсга 35 миллион евро миқдорида пул сарфлаб, янги ўйинчиларнинг барчаси билан узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаларини имзолади.
Клуб мутасаддилари трансфер бозоридан чиққани йўқ. “Шаҳарликлар” айрим позицияларни кучайтириш мақсадида нишондаги футболчилар ва уларнинг клублари билан музокараларни давом эттирмоқда.
“Манчестер Сити” мавсум якунланганидан кейин ёзги трансферлар вақтида ҳам трансфер бозорида фаоллигини янада оширишни режа қилган. Хосеп Гвардиола вазиятдан фойдаланиб, асосан ёш ўйинчилардан таркиб топган янги жамоа шакллантиришга бел боғлаган.
Фикрлар