Ҳусановга Англия чемпионлиги учун курашаётган суперклуб қизиқмоқда!

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Ланс” клуби универсал ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Европада танила бошлади.

Футбол учрашувларини таҳлил қилаётган статистика марказлари 20 ёшли футболчимизнинг ҳимоя чизиғида бехато ва жамоаси учун ўта манфаатли ўйнаётганини қайд этмоқда. Аксарият экспертлар жорий мавсумни юқори савияда ўтказаётган ҳамюртимиз гранд клублар назаридан четда қолмаслигини ҳақида фикр билдираётган эди.

Франциядаги инсайдерлар мамлакатнинг гранд клуби ПСЖ ўзбек футболчисига эътибор қаратгани ҳақида ёзганига анча бўлди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Англия Премьер-лигасининг суперклубларидан “Арсенал” ҳам Абдуқодир Ҳусановни кузата бошлади.

“Арсенал” ёш ва ёрқин истъедодларни топиб, уларни юқори малакали юлдузларга айлантиришга уста жамоалардан ҳисобланади.

Лондон шаҳри шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган “канонирлар” аввалдан Франция чемпионатидан янги номларни топишга эътибор қаратиб келади. Ҳозирги таркибдаги ҳимоячилардан Вильям Салиба ва Габриэл Магальяэс Лига 1 ўйинларида пишган ўйинчилардир.

Бугунги кунда нафақат Европа, балки жаҳон миқёсида энг яхши ҳимоячилардан бири сифатида эътироф этиб келинаётган 23 ёшли Вильям Салиба ўз юртида “Сент-Этьен”, “Ницца” ва “Марсель”да тажриба тўплаган.

Бразилиялик Габриэл 2017 йили Европага кўчиб келганида “Лилль”дан бошпана топган. Орада “Труа”да тажриба тўплаган.

“Арсенал” бу икки ўйинчини 25-30 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига трансфер қилган ва бугунги кунда бу сумма бири неча бараварга ошди.

“Канонирлар”нинг Франция чемпионатидан ҳимоячи қидираётгани ва уларнинг назари Абдуқодир Ҳусановга тушгани ҳақида news.dayfr.com портали маълумот тарқатди.

- “Арсенал” ҳимоя чизиғини янада мустаҳкамлашни мақсад қилган. “Канонирлар” Лига 1 ўйинларида ҳаммада зўр таассурот қолдираётган “Ланс” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни кузата бошлади.  

Бош мураббий Микель Артета айни пайтда ўз жамоасининг марказий ҳимоячиларига ҳеч қандай эътироз билдира олмайди. Вильям Салиба ва Габриэл Машальяэс Премьер-лиганинг энг ишончли ҳимоячилари қаторига киради. Бироқ “канонирлар” Лига 1 дан олиб келинган бу футболчилар ўйинидан таъсирланган ҳолда яна Франция чемпионатидан ҳимоячи олмоқчи, - деб ёзди бу ҳақида news.dayfr.com портали.

Бир неча манбалар, хусусан, Football Transfers нашри “Арсенал” мутасаддилари Франция чемпионатини мунтазам кузатиб бораётгани ва уларнинг эътиборига “Ланс”да ишончли ўйин намойиш қилаётган ўзбекистонлик легионер Абдуқодир Ҳусанов тушганини маълум қилди.

Бу бежиз эмас, албатта. Мавсум бошида “Ланс”нинг асосий ҳимоячиси Кевин Дансо сафдан чиққан паллада 20 ёшли ўзбек футболчиси ҳимоя марказида нафақат австриялик ўйинчининг йўқлигини билдирмади, балки ундан ҳам яхши ўйнай олишини кўрсатди.

Кўпчиликка легионеримизнинг универсал ва серқирра ўйинчи экани маъқул келмоқда. Буни “Ланс” бош мураббийи Уилл Стилл ҳам тан олди.

- Абдуқодир суперфутболчи ва жуда тез ўсяпти. У жисмонан бақувват ва серқирра. Ҳусанов ёзда Олимпия ўйинларида иштирок этди. Биз мавсум бошида ўзаро суҳбатлашдик ва унга Париж Олимпиадасида нафақат футбол, балки бошқа спорт турлари бўйича ҳам мусобақага киришиши кераклигини айтдик. Чунки унинг жисмоний ҳолати шунга мос. У ўзининг хотиржамлигии билан ҳамманинг ҳурматини қозона олди, - деди Уилл Стилл.

Абдуқодир Ҳусановнинг келажагини Англия вице-чемпионлари билан боғлагаётгани бежиз эмас. “Ланс” футболчилари ҳам бир кун келиб ўзбек легионери гранд клубларга ўтиб кетишига ишонади.

- Ҳусанов замонавий ҳимоячи. Биз унинг қандай кўтарилаётганини кўриб турибмиз. Ҳаммамиз Абдуқодир сафимизда узоқроқ қолиб, жамоага ёрдам беришини хоҳлаймиз. Лекин унинг жаҳоннинг энг катта клубларида ўйнаш салоҳияти борлиги шубҳасиз, - деди “Ланс” футболчиси Анжело Фульджини.

Дарҳақиқат, “Ланс” Абдуқодир Ҳусановни 2023 йилниг ёзида Беларусь чемпионатидан 100 минг еврога трансфер қилганди. Трансферларга ихтисослашган transfermarkt.world портали легионеримизнинг трансфер суммаси 5 миллион еврога етганини тасдиқлади. Аксарият манбалар  мавсум охирига бориб, Ҳусановнинг трансфер нархи яна кўтарилишини таъкидламоқда.

Бунақасини Ҳусановдан ҳеч ким кутмаган эди...

Янги позицияда рақибни титратган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?

Бу иш амалга ошса, Файзуллаевнинг нархи кўтарилиб кетади!

Ўзбекистон ҳимоясини мустаҳкам ушлаб турган Ҳусановнинг ўйини Европада қандай баҳоланяпти?

Россияда Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишига ишонишяпти

Ҳусанов Европада чўққига кўтариляпти!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!