
Бир учрашувда Холанд рекорд, Ҳусанов антирекорд ўрнатди!
Англия Премьер-лигасининг 29-турида келаси мавсум учун Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини берадиган ўринлар учун курашаётган икки жамоа – “Манчестер Сити” ва “Брайтон” ўзаро куч синашди.
“Шаҳарликлар” бу тургача 47 очко билан бешинчи поғонада бораётган эди. “Брайтон” эса, манчестерликлардан бир очко кам жамғарган ҳолда қитъанинг энг нуфузли мусобақасини кўзлаб ўйнаяпти.
Айни пайтда “Челси” кучли тўртликни якунлаб турган бўлса, унинг жойига “Манчестер Сити” ва “Брайтон”дан ташқари “Ньюкасл”, “Астон Вилла” ва ҳато “Борнмут” ҳам даъвогарлик қилмоқда.
“Этихад” аренасидаги учрашув мезбонлар учун омадли бошланиб, ҳисоб 11-дақиқадаёқ очилди. Умар Мармуш ишлаган пенальтини Эрлинг Холанд аниқ бажарди.
Бу гол Эрлинг Холанд номини Англия Премьер-лигаси тарихига ёзди. Норвегиялик чарм тўп устаси мусобақа тарихида 100 та самарали ҳаракатни энг тез амалга оширган ўйинчи сифатида рекорд ўрнатди.
Холанд Англия Премьер-лигасида гол+пас тизими бўйича 100 баллни юзтадан кам учрашувда тўплаган биринчи ва ҳозирча ягона футболчига айланди. 24 ёшли форвард бу натижага эришиши учун 94 та учрашув кифоя қилди. 100 та самарали ҳаракатдан 84 таси гол ва 16 таси ассист сифатида қайд этилган.
Умумий рейтингни қуйидаги жадвалда кўришингиз мумкин:
Жорий мавсумнинг ўзини инобатга олганда, Холанд барча турнирларда 38 та учрашувда рақиблар дарвозасини 28 маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига тўртта голли пас узатган. Шулардан 20 та гол ва учта ассист Премьер-лиганинг 27 та учрашувига тўғри келади.
“Манчестер Сити” билан амалдаги шартномаси 2034 йилнинг ярмигача давом этадиган тўпурар Transfermarkt портали томонидан 200 миллион еврога баҳоланаётгани бежиз эмас албатта.
Ўйин муваффақиятли бошланганига қарамай, Хосеп Гвардиола шогирдлари барибир уч очкога эга чиқолмади. Холанднинг голига Эступиньян ўн дақиқа ичида жавоб берди. Унинг жаримадан йўллаган зарбаси устунга тегиб, дарвоза тўридан жой олди.
Биринчи бўлимнинг ўзида Умар Мармуш “шаҳарликлар”ни олдинга олиб чиқди.
Ўйиннинг иккинчи ярмида катта саҳнага Абдуқодир Ҳусанов чиқди. Ўйиннинг 48-дақиқасида рақиб йўллаган зарбани қайтаришга чоғланган легионеримиз тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди.
Ушбу автогол Хосеп Гвардиолага антирекорд олиб келди. Бу “Манчестер Сити” жорий мавсумда ўтказган 40-гол бўлди. Хосеп Гвардиола “шаҳарликлар”ни 2016 йилдан бери бошқараётган бўлса, жамоа ҳали бирорта мавсумда ўз дарвозасидан бунча кўп тўп олиб чиқаган. Фақатгина испаниялик мутахассис шогирдлари унинг дебют мавсуми – 2016-2017 йилги чемпионатда 39 та гол ўтказган эди.
Хуллас, Хосеп Гвардиола энг ёқтирган ўйинчилардан бири – Абдуқодир Ҳусанов ўз устозининг номини Англия Премьер-лигаси тарихига яна бир кўрсаткич бўйича “михлаб” қўйди.
Таъкидлаш жоизки, 21 ёшли марказий ҳимоячимиз туфайли “шаҳарликлар” ғалабани қўлдан чиқарган бўлса-да, Ҳусанов шу куни ҳам ҳар доимгидек анча фаол ўйнади.
“Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасидаги кейинги учрашувини 2 апрель куни ўз майдонида “Лестер”га қарши ўтказади. Унгача Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Қирғизистон ва Эронга қарши бўладиган жаҳон чемпионатининг расмий саралаш ўйинларида иштирок этади.
Премьер-лига антирекордчиси Ҳусановга қандай баҳо берди?
Фикрлар