Икки суперклуб Ҳусанов учун дуэлга киришди
Қишки трансферлар ойнаси даврида Абдуқодир Ҳусанов атрофидаги вазият қайнайдиган кўринади. Европа матбуотининг ёзишича, Франциянинг етакчи клублари ўзбек футболчини Англия клублари олиб кетишига йўл қўймоқчи эмас.
Нуфузли манбалардан бири – topmercato.com нашри 20 ёшли легионеримиз атрофида юзага келган ҳолат бўйича маълумот чиқарди.
- Бир неча хориж клублари қаторида “Олимпик Марсель” ҳам Абдуқодир Ҳусановнинг изига тушган. Ўйинчи учун дуэлда Франциянинг бошқа клуби – ПСЖнинг имконияти юқори баҳоланмоқда.
“Марсель” Лига 1 мусобақа жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турган бўлса-да, навбатдаги трансфер ойнаси вақтида таркибини, айниқса, ҳимоя чизиғини кучайтирмоқчи. Бу клуб аслида ҳимоянинг икки қаноти ва марказини мустаҳкамлаши лозим, бироқ бунинг учун молиявий имкониятлар чегараланган.
Шу боис, марселликлар ҳимоянинг ҳар учала позицияда ўйнай оладиган “Ланс”нинг 20 ёшли ўйинчиси Абдуқодир Ҳусановга қизиқмоқда. 2023 йилнинг ёзида 100 минг еврога трансфер қилинган ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 18 та учрашув ўтказиб улгурган истеъдод эгаси ўз ўйини билан Францияда ҳамма ҳайратга соляпти.
Лига 1 ўйинларида у ўзини ишончли ўйинчи сифатида кўрсата олди. Абдуқодир ҳимояни бошқарган ўнта учрашувда “Ланс” жами еттита гол ўтказган эди. Ҳусанов ўйнамаган икки учрашувда рақиблар Брис Самба дарвозасини беш бор ишғол қилди.
Бунақа талант эгасини “Пари Сен-Жермен” ҳам назардан қочиргани йўқ. Парижликлар ўйинчи учун курашда “Марсель”ни ортда қолдиришга тайёр. Марселлик мутасаддилари ҳимоячининг ўйинларини кузатаётган бир пайтда парижликлар спорт директори Луиш Кампуш трансфер бўйича музокараларни бошлаб юборди. Милан Шкриньярнинг январда кетиши ПСЖдан ҳимоя марказига янги ўйинчи олишни талаб этади, - деб ёзмоқда topmercato.com портали эксперти Максим Брюн.
Бошқа манба – jeunesfooteux.com сайти трансфернинг молиявий имкониятларини ўрганиб чиқди.
- “Ланс” клуби ва унинг президенти Жозеф Угурлян учун навбатдаги трансферлар ойнаси қизғин бўлиши кутилмоқда. Спорт директори Пьер Дреосси январда 40 миллион евро атрофидаги савдони амалга ошириб, шу суммани клуб ғазнасига йўналтириши лозим.
Трансфери амалга ошиши мумкин бўлган ўйинчилар рўйхатида Кевин Дансо ва Давид Перейра да Кошта бор.
Бироқ сўнгги паллада клуб бюджетига мўмай даромад келтириши мумкин бўлган янги ном пайдо бўлди. Бу Абдуқодир Ҳусанов. Ўзбек фуболчиси Англиядан “Тоттенхэм” ва “Челси” нишонига тушган. Унга “Марсель” ва ПСЖ ҳам даъвогарлик қилмоқда. Бир неча манбалар 20 ёшли футболчининг трансферини камида 24 миллионга баҳоламоқда.
ПСЖнинг бу сумма атрофидаги таклифи “Ланс”ни қаноатлантириши қийин. Бироқ парижликлар Ҳусанов учун курашда “Марсель” президенти Пабло Лонгорияни доғда қолдириши мумкин. Чунки “Марсель” молиявий жиҳатдан парижликларга етарли даражада рақобат кўрсата олмаслиги тобора ойдинлашиб бормоқда, - деб ёзди jeunesfooteux.com сайти.
Эслатиб ўтамиз, transfermarkt.world портали экспертлари Абдуқодир Ҳусановнинг трансферини 5 миллион еврога баҳолаган. Бироқ “Ланс” ўз кашфиётини бу нархдан бир неча бараварига қўйиб юборади. Аксарият манбалар лансликлар Ҳусанов трансферидан 40 миллион евро атрофида пул туширишни кўзлаётганини ёзмоқда.
Демак, кузатишда давом этамиз. Ҳусанов трансфери атрофидаги гаплар ҳали анча қизийдиган кўринади.
“Ланс” бу нархга Ҳусановни бермайдиган бўлди!
Европа грандлари нега Ҳусановга буқадар қизиқяпти?
Ўзбек футболчиси Англия Премьер-лигасига бормоқчи...
Фикрлар